5 ноябрь куни Ўзбекистон МСК делегацияси аъзолари 2024 йилдаги АҚШ Халқаро сайлов дастурлари доирасида Вашингтон, Мэриленд ва Колумбия округи ҳудудидаги сайлов участкаларига ташриф буюрдилар.
АҚШ қонунчилигига мувофиқ, участка сайлов органлари (сайлов комиссиялари; сайлов бюролари ва бошқалар) кўнгиллиларни фаол жалб этган ҳолда сиёсий партиялар вакиллари таркибида шакллантирилади.
Участка сайлов органларининг таркиби штатга қараб фарқ қилади: баъзи штатларда улар фақат битта, яъни ҳукмрон сиёсий партия вакилларидан таркиб топган бўлса, бошқа штатларда (хусусан, 20 нафар штатда ва Колумбия федерал округида) икки партияли ёки бутунлай партиявий бўлмаган (партиясиз) участка сайлов органларидир.
Бир бинода жойлашган бир нечта участка сайлов органлари электорал марказ деб аталадиган марказга бирлаштирилиши мумкин.
АҚШ сайлов жараёни сайловчиларни рўйхатга олиш, овозларни санаб чиқишнинг техник воситалари ва бошқа технологик воситалардан фойдаланган ҳолда сайловчилар томонидан овоз бериш каби замонавий сайлов технологиялари ҳамда, овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини аниқлашда сайлов жараёнини автоматлаштиришга асосланган.
Жорий сайловлар давомида сайловчиларнинг қарийб 70% сайлов бюллетенлари сканерлари каби овозларни санаб чиқишнинг техник воситалари, 25% – электрон овоз бериш мажмуалари ва 5% - сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини қоғозда тасдиқламасдан бюллетенларни қайта ишлаш комплекслари қўлланиладиган сайлов ҳудудларида сайловчилар рўйхатига киритилган. Баъзи сайлов юрисдикцияларида овоз беришнинг ушбу техник воситалари фақат жисмоний имкониятлари чекланган сайловчиларга тақдим этилади.
Сайлов участкаларига ташриф давомида делегация аъзолари Мериленд штати Монтгомери округи ҳамда Вашингтон шаҳри сайлов комиссиялари раислари ва аъзолари билан учрашдилар. Учрашувлар чоғида сайлов комиссиялари аъзолари ўзларининг фаолияти ва тегишли ҳудуддаги сайлов тизими хусусиятлари тўғрисида гапириб беришди.
IFESнинг Африка бўйича минтақавий директори Клара Коул модераторлигида мунозара бўлиб ўтди. Унда маърузачи сифатида Америка давлатлари ташкилотининг ҳамкорлик ва сайловларни кузатиш масалалари бўйича директори Херардо Де Иказа, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Сайлов департаменти бошлиғининг ўринбосари Ульви Ахундлу иштирок этди.
Мунозара давомида асосий эътибор ДИИҲБнинг АҚШда 2024 йилдаги сайловлар мониторингини ташкил этиш ва ўтказиш хусусиятларига қаратилди.
Шу куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси аъзолари Майкрософт офисида “Сайловларда манфаатдор томонлар учун Microsoft Deepfake: ички кўриниш” мавзусидаги тренингда иштирок этдилар.
Тренинг давомида иккита машғулот ўтказилди. Тадбирда таъкидланганидек, 2024 йилда Майкрософт Сунъий интеллект соҳасида сайлов шартномаси бўйича ўз мажбуриятлари доирасида бутун дунё бўйлаб минглаб сиёсий ва сайлов арбобларни дипфейк билан ишлашга ўргатди. Тренингда дипфейк концепцияси, уларнинг сайловларга таъсири, шунингдек, ташкилотлар ўзларини қандай ҳимоя қилишлари ва уларга жавоб беришлари мумкинлиги ҳақида сўз юритилди. Мазкур сессияда 2024 йили бутун дунё бўйлаб сайловларда сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ҳақоратли контентдан фойдаланишнинг умумий таҳлили ва ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун ишлаб чиқилаётган техник ечимлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг Вашингтонга ташрифининг иккинчи куни якунида ЕХҲТ ДИИҲБ Сайлов департаменти бошлиғи ўринбосари Ульви Ахундлу билан учрашуви бўлиб ўтди.
Делегация аъзолари сайлов участкаларининг ёпилиши ва овоз бериш куни натижаларини кўриш тадбирларида ҳам иштирок этдилар.
Марказий сайлов комиссияси