МСК ходимлари халқаро таълим дастурлари доирасида малакасини оширдилар

07.10.2026

157

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси вакиллари Ҳиндистон Сайлов комиссияси томонидан Ҳиндистон Халқаро демократия ва сайловларни бошқариш институти (IIIDEM) ҳамда Демократия ва сайловларга кўмаклашиш халқаро институти (International IDEA) билан ҳамкорликда ташкил этилган қатор халқаро таълим дастурлари ва экспертлик маслаҳатларида иштирок этдилар. Тадбирлар сайлов соҳасидаги халқаро мутахассисларнинг малакасини оширишга қаратилди.

 

2026 йилдаги таълим тадбирларининг асосий мавзуси икки стратегик йўналишни қамраб олди: сайлов соҳасидаги хавфларни бошқариш ва сайловларнинг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, сайлов жараёнида сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланиш.

 

Жорий йилнинг 21 - 25 сентябрь кунлари “Сунъий интеллектни бошқариш ва сайловларни ташкил этиш” мавзусида халқаро ўқув семинари бўлиб ўтди.

 

   

 

Семинар доирасида иштирокчилар СИ сайлов жараёнларига интеграция қилиш, бу билан боғлиқ хавфлар, ахборот яхлитлигини таъминлаш, ахлоқий жиҳатлар ва демократик қадриятларни ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, сайловларда СИдан фойдаланишни тартибга солиш бўйича халқаро тажриба кўриб чиқилиб, мазкур соҳадаги амалий ёндашувлар бўйича фикр алмашилди.

 

 

28 сентябрдан 1 октябрга қадар “Сайловларни бошқариш органларининг кадрларини профессионал ривожлантириш мақсадида институционал хариталаш” мавзусида халқаро ўқув дастури бўлиб ўтди.

 

   

 

Дастур сайлов органлари ходимларининг касбий ривожланиши, тайёрлаш ва малака ошириш тизимларини такомиллаштириш, шунингдек, зарур компетенцияларни аниқлаш масалаларига қаратилди. Иштирокчилар касбий ривожланиш тизимини такомиллаштириш мақсадида маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш усулларини ўргандилар, турли мамлакатларнинг сайлов органлари вакиллари ҳамда International IDEA экспертлари билан тажриба алмашдилар.

 

 

Тадбирлар давомида иштирокчилар Агра шаҳрида (Уттар-Прадеш штати) жойлашган сайлов округи сайлов маъмуриятига ташриф буюриб, сайлов органлари фаолиятини ташкил этиш билан танишдилар ҳамда Ҳиндистон Сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилган ECINET рақамли платформасидан фойдаланиш тажрибасини ўргандилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси номидан халқаро таълим тадбирларида Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директори Ш. Хасанов, шунингдек, МСК Котибияти ходимлари Д. Азизов, Б. Худойберганов ва И. Убайдуллаева иштирок этдилар.

 

Марказий сайлов комиссияси вакилларининг халқаро таълим дастурларида иштирок этиши касбий салоҳиятларини кенгайтириш, халқаро тажриба алмашиш ҳамда сайлов маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

Таълим тадбирлари International IDEA ва IIIDEM ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Ҳамкорликнинг асосий келишуви доирасида ўтказилиб, мазкур тадбирлар 2026 йилда International IDEAга аъзо давлатлар Кенгашида Ҳиндистон раислиги дастурининг бир қисми ҳисобланади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур