МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳатлашув кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

20.12.2023

2933

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳатлашув кенгашининг II йиғилиши видеоконференцалоқа форматида бўлиб ўтди.

Йиғилишда Маслаҳатлашув кенгашининг аъзолари Арманистон Республикаси (В. Овакимян), Беларус Республикаси (И. Карпенко), Қирғизистон Республикаси (Н. Шайлдабекова), Тожикистон Республикаси (Б. Худоёрзода), Ўзбекистон Республикаси (З. Низамходжаев), Россия Федерацияси (Н.Булаев) сайлов органлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Шунингдек, йиғилишда маслаҳат овози ҳуқуқига эга бўлган Маслаҳатлашув кенгашининг аъзоларидан МДҲ Бош котибининг ўринбосари И. Неъматов ва МДҲ ПА Бош котиби – Котибият раҳбари Д. Кобицкий иштирок этишди.

 

Йиғилиш кун тартибидаги асосий масалалардан бири Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳатлашув кенгашининг Регламентини тасдиқлаш бўлди.

МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарларининг Маслаҳатлашув кенгаши тўғрисидаги Низомга мувофиқ, Маслаҳатлашув кенгаши ўз фаолиятига доир регламентини қабул қилиши мумкинлиги қайд этилди. Ҳужжат беш бўлимдан иборат бўлиб, Маслаҳатлашув кенгашининг иш тартиби, унинг мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш, Маслаҳатлашув кенгаши кўриб чиқиш учун киритиладиган ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, қабул қилинган қарорларнинг ижросини таъминлаш тартибини белгилайди.

 

Кун тартибидаги киритилган яна бир масала -  бу ёш авлодни сайлов жараёнларига жалб этишнинг масаласи бўлди.

Мазкур мавзунинг долзарблиги Ҳамдўстлик мамлакатларида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ёшлар ҳуқуқий тарбияси ва уларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали ёш авлодни мамлакат сиёсий ҳаётига кенг жалб этишнинг аҳамияти билан бевосита боғлиқдир.

 

Йиғилиш давомида 2024 йил 25 февралда бўлиб ўтадиган Беларусь Республикаси Миллий Ассамблеяси Вакиллар палатасининг депутатлари сайлови ҳамда 17 мартда бўлиб ўтадиган Россия Федерацияси Президенти сайловини мониторинг қилишда Маслаҳатлашув кенгаши аъзоларининг иштироки муҳокама қилинди.

Шунингдек, ўзаро фикр ва тажриба алмашишга бағишланган йиғилиш масаласи доирасида МДҲ ПАга аъзо давлатларда Демократия, парламентаризм ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш халқаро институти томонидан сайлов хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ёшлар ҳуқуқий тарбияси ва маърифий таълимига қаратилган тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. Ҳар икки мавзу ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича сайлов органларининг давлат ҳокимияти органлари, халқаро ва жамоат ташкилотлари, экспертлар ҳамжамияти билан ўзаро ҳамкорлигининг долзарб йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.

МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳатлашув кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2024 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикасида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур