МДҲ иштирокчи-давлатларининг электорал суверенитетини ҳимоя қилиш мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди

13.10.2023

2082

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 11-13 октябрь кунлари Санкт-Петербург шаҳрида “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг электорал суверенитетини ҳимоя қилиш” мавзусида халқаро семинар ташкил қилинди.

 

Мазкур семинар МДҲ ПА иштирокчи-давлатларида демократиянинг ривожланиши, парламентаризм ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш халқаро институти (ДПРХИ), МДҲ ПА ҳузуридаги хавфсизлик соҳасидаги қонунчиликни уйғунлаштириш ва янги чақириқ ҳамда таҳдидларга қарши курашиш бўйича қўшма комиссияси, шунингдек МДҲ ПА Мудофаа ва хавфсизлик бўйича доимий комиссияси томонидан ташкил этилди.

Семинар давомида қуйидаги масалаларда иштирокчилар ўртасида тажриба алмашинилди:

 

– МДҲ ПА аъзо давлатларнинг сайлов хавфсизлиги соҳасида сайлов қонунчилигини такомиллаштириш мақсадида сайлов суверенитетини ҳимоя қилишнинг илғор тажрибалари натижаларини қўллаш;

 

– Сайловлар ва референдумларга хорижий аралашувларга қарши курашиш;

 

– “Электорал суверенитет”ни таъминлаш мақсадида халқаро мониторинг тизимини такомиллаштириш;

 

– Сайловлар ва референдумларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида жамоат хавфсизлигини таъминлаш;

 

– Масофавий электрон овоз бериш хавфсизлигини таъминлаш ва ҳ.к.

 

Семинарда МДҲ Ижроия Қўмитаси, МДҲ ПА, МДҲ ПА ДПРХИ каби халқаро ташкилотлар, Россия Федерацияси, Беларусь, Қирғиз, Қозоғистон Республикалари Марказий сайлов комиссиялари каби хорижий сайлов органларидан иштирокчилар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси – З.М. Низамходжаев ва комиссиянинг доимий асосда ишловчи аъзоси Г.А. Рахимовалар иштирок этишди.

МСК раиси З.М. Низамходжаев семинар бошланишидаги кириш сўзида кун тартибидаги масалаларнинг аҳамияти ва долзарблигини таъкидлар экан, МДҲ мамлакатлари сайлов органларининг Маслаҳатлашув кенгашининг фаолияти ва функциялари сайлов органлари ўртасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиши, халқаро сайлов стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, демократик сайловлар ва референдумларни ташкил этиш ва ўтказиш амалиёти ҳамда сайлов жараёнини ташкил этиш билан шуғулланувчи мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек сайлов қонунчилигини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. “Сайлов органларини бирлаштирган дунёнинг бошқа минтақаларидаги халқаро ташкилотлар Маслаҳатлашув кенгаши билан ҳамкорлик қилишга қизиқишмоқда”, - деди МСК раиси.

Комиссиянинг доимий аъзоси Г.А. Рахимова тадбир давомида “Сайлов участкаларида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида чиқиш қилди. У ўз маърузасида сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш даврида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда чора-тадбирларни ташкил этиш масалаларига алоҳида тўхталар экан: овоз бериш жойларида жамоат тартибини сақлаш, сайловчилар, сайлов ташкилотчилари ва халқаро кузатувчилар фаолияти ҳамда сайлов бюллетенларининг хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида урғу қаратди. Маъруза халқаро семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

 

Халқаро семинарда  сайлов соҳасига доир кўтарилган масалалар ўта долзарб бўлиб, иштирокчилар ўртасида қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур