Марказий сайлов комиссияси Раиси ҳудудларда ўтказилаётган ўқув-машғулотлар жараёни билан танишди

03.06.2023

3316

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссиясининг Раиси Зайниддин Низамходжаев комиссия аъзолари Х.Маматов, Б.Юнусов, С.Курбанкуловлар 2 июнь куни Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида бўлиб, “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси” асосида олиб борилаётган ўқув-машғулотлари жараёни билан танишдилар.

Марказий сайлов комиссияси Раиси ўқув-машғулот иштирокчилари билан бўлган мулоқот чоғида муддатидан илгари ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори савияда ташкил этиш, умумэътироф этилган халқаро тамойиллар, илғор миллий ва хорижий тажриба асосида ўтказишда мазкур ўқувларнинг аҳамиятига тўхталиб, бўлиб ўтган сайлов ва референдум жараёнларида участка комиссиялари фаолиятида йўл қўйилган хато-камчиликларга барҳам бериш, ўқув материалларини пухта ўзлаштириш ва фаолиятда сайлов қонунчилиги талабларини оғишма бажариш юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдириб  ўтди.

Қайд этилганидек, участка сайлов комиссияларнинг қонунийлик, холислик, адолатлилик, ҳаққонийлик ва ошкоралик тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда фаолият кўрсатишлари муддатидан илгари ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг муҳим мезонлари ҳисобланади.

2–13 июнь кунлари бутун республикамиз ҳудудлари бўйлаб ўтказиладиган ўқув-машғулотларида 944 нафар ҳудудий тренерлар туман ва шаҳарларга тақсимланиб, участка комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига 33 мингга яқин номзодлар учун машғулотлар ўтказадилар.

Ўқувлар концепцияга мувофиқ, 18-24 нафар тингловчидан иборат шакллантирилган гуруҳлар кесимида интерактив усулларда ташкил этилиб, иштирокчилар билан мулоқот, сайлов жараёнларини моделлаштириш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш тарзида ўтказилиши йўлга қўйилган. Ҳар бир мавзу бўйича савол-жавоблар, тест синовлари орқали тингловчиларнинг билимлар мустаҳкамланмоқда. Шу билан бир қаторда, ҳар бир мавзу бўйича Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган видео роликлар ўқув жараёнида намойиш этилмоқда.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур