Марказий сайлов комиссияси раиси Андижонда сайловга тайёргарлик жараёнлари билан танишди

17.09.2024

798

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев ва Марказий сайлов комиссияси аъзоси Халмухаммед Палуаниязов Андижон вилоятида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг сайловларини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг сайловга тайёргарлик кўриш жараёнлари билан яқиндан танишди. 

 

 

Ўрганишлар аввалида МСК Раиси Андижон вилояти ҳудудий сайлов комиссияси биносида бўлиб, комиссия фаолияти, тайёргарлик жараёнлари билан танишди. Ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларига сиёсий жараёнлар ташкилотчиси бўлиш катта ишонч, шараф ва масъулият эканлигини таъкидлаб, кампаниянинг барча босқичларида ана шу ишонч ва масъулиятни унутмаслик зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, сайловчилар рўйхати билан ишлаш асносида Сайлов кодексида белгиланган тартиб-тамойилларга амал қилиш зарурлигини таъкидлади.

 

 

         

 

Учрашув давомида МСК раиси ҳудудий сайлов комиссияси қошида ташкил этилган Матбуот маркази учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Матбуот маркази аъзолари билан суҳбатда бўлиб, сайловларнинг очиқ, шаффоф ва адолатли ўтишида тезкор ва тўғри ахборотнинг муҳимлигини қайд этди. Бунда, албатта, Матбуот маркази ҳаққоний ва холис ахборот етказиб бериш манбаига айланади.

 

Марказий сайлов комиссияси Раиси  Андижон туманидаги сайлов участкаларида,  ҳудудларда  ташкил этилган семинар-тренинглар, ҳамда у ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. 

 

 

         

 

Мулоқотлар давомида сайловларни юқори савияда ташкил этиш, шу билан бир қаторда сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар моҳиятини англаб етиш ва мавжуд талабларни тўлақонли бажаришда ташкил этилаётган ўқув семинарлари муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

 

Кузатишлар    Андижон давлат университетида давом этди. Биринчи марта сайловда иштирок этаётган ёшлар ва маҳалла фаолларининг мамлакат тақдирига дахлдор бўлган муҳим сиёсий жараёнда иштирок этиши аҳамиятли. Айниқса, МСК раиси билан мулоқот қилиш эсда қоларли воқеадир. МСК раиси аҳолининг ана шу қатлами вакиллари очиқ мулоқот ўтказди. 

 

 

          

 

Самимий суҳбат чоғида МСК Раиси жорий йил 27 октябрь санасида ўтказиладиган сайлов янгиланган Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган шароитда ўтишини алоҳида қайд этди. Шунингдек, илк бор Парламент Қонунчилик палатасига аралаш сайлов тизими асосида бўлиб ўтадиган сайловнинг афзалликлари юзасидан сўз юритди. Шу билан бирга  сиёсий жараёнлар иштирокчилари учун жорий қилинган янги “E-saylov” ахборот тизими унинг афзалликлари бўйича  муҳим маълумотлар тақдим этилди.

 

Тадбирда ёшлар ва маҳалла фаолларига сайлов кампаниясининг муҳим босқичлари хусусида ҳам маълумотлар бериб ўтилди иштирокчилар улар юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур