Марказий сайлов комиссияси делегацияси 2024 йилдаги AҚШ сайловларини кузатиш бўйича халқаро дастурларда иштирок этмоқда

05.11.2024

828

msk_yangiliklari_in

2024 йил 5 ноябрь куни AҚШда 60-президент сайловлари бўлиб ўтади ва уларда AҚШнинг 47-президенти сайланади. Президент сайловлари билан бир вақтда AҚШ Сенати ва Вакиллар палатаси сайловлари ҳамда айрим штатларда губернаторлар ва қонун чиқарувчи органлари сайловлари ҳам бўлиб ўтади.

 

Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров бошчилигидаги делегация АҚШ Сайловга кўмаклашиш комиссияси ва Халқаро сайлов тизимлари жамғармаси (IFES) томонидан ташкил этилган 2024 йилдаги АҚШ сайловларини кузатиш бўйича халқаро дастурларда иштирок этмоқда.

 

4-ноябрь куни дастурларнинг бошланишига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.

 

Жумладан, Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Қучкаров АҚШ Сайловга кўмаклашиш комиссияси томонидан ташкил этилган сайловни кузатиш дастурида иштирок этди. Дастурда турли мамлакатлар сайлов комиссияларининг раҳбарлари ва аъзолари қатнашмоқдалар.

 

 

Ушбу дастур доирасида АҚШ Федерал сайлов комиссияси Комиссарлари Шано Бруссард ва Ален Дикерсон билан учрашув бўлиб ўтди. АҚШда сайловларни ташкил қилиш жараёни марказлаштирилмаган ва штатлар ваколатига киради, шунга кўра, Комиссия номланишига қарамай сайловлар ушбу Комиссия томонидан ташкил қилинмайди. Комиссиянинг асосий мақсади федерал сайлов кампанияси даврида молиявий қонунларга риоя этилишини назорат қилишдир. Комиссия икки партиявийлик асосда шакллантирилган олти нафар аъзодан иборат. Комиссия аъзолари комиссиянинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот бердилар, шунингдек, сиёсий фаолиятни молиялаштиришнинг асосий қоидалари ҳақида сўз юритдилар.

 

 

 

Шу билан бирга, АҚШ Сайловга кўмаклашиш комиссияси Комиссарлари Бенжамин Ховланд (раис), Дональд Палмер (раис ўринбосари), Томас Хикс ва Кристи Маккормик билан учрашувлар ўтказилди. Комиссия билан учрашувда АҚШ Сайловга кўмаклашиш комиссияси ва Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари алоҳида муҳокама қилинди.

 

 

 

Шунингдек, учрашув давомида сайлов тизими ва АҚШ сайлов қонунчилиги ҳақида батафсил маълумот берилди.

 

Шу куни Ички хавфсизлик вазирлиги ҳузуридаги Киберхавфсизлик ва инфратузилмани ҳимоя қилиш агентлиги (CISA) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди ва унда Агентликнинг ижрочи директори Бриджит Бин киберхавфсизликни таъминлаш ва ахборот-коммуникация инфратузилмасини ҳимоя қилиш чоралари ҳақида гапириб ўтди.

 

Шундан сўнг, Штатлар давлат котиблари миллий ассоциацияси ва Штатлар сайловлар бўйича директорлари миллий ассоциациясининг ижрочи директорлари билан учрашув бўлиб ўтди ҳамда улар штат ва маҳаллий даражада сайловларни ўтказиш, шунингдек, ушбу ассоциацияларнинг сайлов ташкилотчиларига ёрдам беришдаги роли ҳақида сўз юритдилар.

 

 

Учрашувлар давомида федерал идоралар, миллий ассоциациялар вакиллари ва сайловларни кузатиш дастури иштирокчилари ўртасида фикр алмашилди.

 

Марказий сайлов комиссияси аъзолари А. Фарманов ва Г. Рахимова IFES томонидан ташкил этилган 2024 йилдаги АҚШ сайловлари дастурининг очилиши доирасидаги конференцияда иштирок этди.

 

IFES Президенти, Бош ижрочи директори Энтони Н. Банбери ва IFES бошқаруви ҳамраиси М. Питер Макферсон тадбир иштирокчиларига кириш нутқи билан чиқиш қилишди.

 

 

 

 

Иштирокчиларни қутлаган ҳолда, улар 1992 йилдан бери IFES томонидан бошқариб келинаётган АҚШ сайловлари дастури (USEP) сайлов экспертлари ва дунёнинг бошқа манфаатдор томонларига АҚШ сайлов тизимини кузатиш ва ўрганиш, шунингдек, сайловлар ва овоз беришни халқаро қиёсий нуқтаи назардан муҳокама қилиш имкониятини беришини таъкидладилар.

 

Сессиялар давомида IFES экспертлари модераторлигида AҚШ норматив-ҳуқуқий базаси ва сайлов тизими, бўлиб ўтадиган сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига оид муҳокамалар ўтказилди.

 

 

 

 

IFES Киберхавфсизлик ва ахборот яхлитлиги бўйича катта глобал маслаҳатчиси Метт Бейли модераторлигида бўлиб ўтган “Ўзгарган технологик муҳит: сайловчиларни ўқитиш ва демократик дискурс учун имкониятлар” мавзусидаги мунозарага иштирокчилар томонидан жуда катта қизиқиш билдирилди. Демократия ва технологиялар маркази, Сайловга кўмаклашиш комиссияси (ЕАC) ва Техник кўрсатмаларни ишлаб чиқиш қўмитаси (TGDC) маърузачилари ижтимоий тармоқлардаги катта ўзгаришлар ва сунъий интеллектнинг ҳамма жойда алоқа воситаси сифатида пайдо бўлиши натижасида ўзгарган ахборот муҳитига сайлов комиссиялари ва сайловчилар қандай дуч келаётганлиги, шунингдек, қандай қилиб АҚШ комиссиялари томонидан сунъий интеллект ва бошқа янги ёндашувлар юзасидан фикр юритиш ва тажриба ўтказиш ҳамда келажакда уларга қандай муносабатда бўлиш кераклиги, сўз эркинлиги каби асосий эркинликларни ҳимоя қилиш учун ва янги имкониятлар ва таҳдидларга дуч келганда нима қилиш кераклиги ҳақида гапириб ўтдилар.

 

“Сайловларга ишончни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш” муҳокамаси давомида АҚШда ҳам, бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам фуқароларнинг сайловлар яхлитлигига ишончи билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди. Экспертлар бутун дунёда қўлланилиши мумкин бўлган сайловларга ишончни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлашнинг истиқболли ёндашувлари ҳақида фикр алмашдилар.

 

 

АҚШдаги сайлов технологиялари: овоз бериш машиналари; Конгрессга сайловлар бўйича округларни делимитация қилиш учун янги стандартларни жорий этиш; Мамлакат ташқарисида овоз бериш ва сиртдан овоз бериш; АҚШда сайлов кампанияларини молиялаштириш тизими ва сиёсатининг ҳуқуқий ва меъёрий жиҳатлари ва бошқа мавзуларни ўз ичига олган панель муҳокамалар бўлиб ўтди.

 

Шунингдек, “Барча одамлар фойдаланиши учун: Ногиронлиги бўлган америкаликлар тўғрисидаги қонун 34 йиллиги ва овоз бериш” мавзусида интерактив симуляция ташкил этилди ва унинг жараёнида ушбу қонун қулай овоз беришда қандай инқилоб қилганлиги, АҚШ сайловларида қанақа оқилона қурилмалар ва ёрдамчи қурилмалардан фойдаланилганлиги ёритиб берилди.

 

 

 

Конференциянинг биринчи куни якунида Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг IFES Президенти, Бош ижрочи директори Энтони Н. Банбери билан учрашуви бўлиб ўтди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур