2024 йил 21 ноябрь куни Санкт-Петербургда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига иштирокчи давлатларнинг Парламентлараро Ассамблеяси шафелигида “МДҲдаги сайловларни 30 йиллик халқаро кузатуви: тажриба ва амалий натижалар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.
Халқаро форум МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, МДҲ ПAга аъзо давлатлар сайловларни бошқариш органлари, МДҲ ПA Кенгаши Котибияти ҳамкорлари - олий ўқув юртлари томонидан ташкил этилди. Конференцияни илмий, услубий ва ташкилий жиҳатдан МДҲ ПА иштирокчи давлатларда Демократиянинг ривожланиши, парламентаризм ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш халқаро институти амалга оширади.
Анжуманда давлат ҳокимияти ва МДҲга аъзо давлатлар сайловларни ташкил этиш органлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этмоқда.
Анжумандан кўзланган асосий мақсад Ҳамдўстлик маконидаги сайлов ва референдумларни халқаро кузатиш бўйича тўпланган тажриба ва натижаларни умумлаштириш ва тизимлаштиришдан иборат.
Конференция доирасида бўлиб ўтган “Сайловлар ва референдумларни халқаро кузатиш ҳамда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш” ҳамда “Сайловлар ва референдумларни халқаро ва жамоатчилик кузатуви” мавзуларидаги иккита панель муҳокамасини МДҲ ПА Кенгаши котибияти раҳбарининг ўринбосари – МДҲ ПА ДРМХИ директори, юридик фанлар доктори, профессор И. Мушкет очиб берди ва олиб борди.
Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б.Қучкаров “Сайловлар ва референдумларни халқаро ва жамоатчилик кузатуви” мавзусидаги панель муҳокамасида сўзга чиқиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сайлов ва референдумларни кузатишга жалб этиш масалаларига тўхталиб ўтди.
Б.Кучкаров сайлов кодексига кўра, Ўзбекистонда сайлов кампаниялари давомида миллий даражада кузатув сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар вакиллари томонидан ҳам, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари томонидан ҳам амалга оширилиши таъкидлаб ўтилди. “Фуқаролар йиғинлари аҳоли манфаатларини ифода этади. Маҳалла вакиллари томонидан сайловлар кузатувини фаоллиги ва унинг ташкил этиш даражаси сезиларли ошиб бораётганини қайд этиш лозим”, - деди у.
Хусусан, 2024 йил 27 октябрда бўлиб ўтган сайловларда маҳалла вакили бўлган 10 801 нафар кузатувчи ўқув машғулотларидан ўтишди ва сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш устидан мониторинг олиб боришди.
Бу фуқароларнинг ҳалол, адолатли, шаффоф демократик сайловларни ўтказишдан манфаатдорлиги, демократик стандартларни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари юксак даражада ривожланаётганидан далолат беради.
Сиёсий партиялар кузатувчиларни бир қатор мезонлар, жумладан, сиёсий содиқлик асосида кўрсатса, маҳалла кузатувчиларни кўрсатишда, аввало, фуқароларнинг иштиёқига, ўзини ўзи англаши, масъулияти ва манфаатдорлигига ҳамда сайлов жараёнининг қонунийлигига ва легитимлигига асосланиши алоҳида таъкидланди.
Бўлиб ўтган сайлов кампанияларининг натижалари, шу жумладан сайловчиларнинг юқори даражадаги иштироки ва сайлов кампанияларининг барча босқичларидаги қонунбузарликларнинг минимал сони фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг кузатувчи сифатидаги ишларининг юқори самарадорлигини кўрсатмоқда.
“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини миллий кузатувга бундай жалб қилиш Ўзбекистондаги сайлов жараёни МДҲнинг бошқа давлатларидан ажралиб турадиган хусусияти ҳисобланади ва бошқа ҳеч бир давлатда учрамайди”,- дея таъкидлади И.Мушкет.
Конференция давомида “Сайлов ва референдумларни кузатиш методологияси” ва “МДҲ ПAга аъзо давлатларда масофавий электрон овоз беришни кузатиш” мавзуларида илмий тадқиқотлар натижалари тақдимоти ҳамда сайловни жамоатчилик кузатуви масалалари муҳокама қилинди.
Марказий сайлов комиссияси