Марказий сайлов комиссияси мажлиси тўғрисида ахборот

02.07.2024

1346

msk_yangiliklari_in

Жорий йил 2 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унинг асосида қабул қилинган 2023 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун талабларидан келиб чиқиб, шунингдек сайловлар жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси таҳлили асосида ишлаб чиқилган Марказий сайлов комиссиясининг бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тасдиқлашга оид масалалар кўриб чиқилди.

 

Мажлисда, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди ва муҳокама этилди.

 

Мазкур Низом сайлов комиссиялари томонидан овоз бериш биносини жиҳозлаш, сайловчиларнинг рўйхатларини шакллантириш, сайлов бюллетенлари билан таъминлаш, овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда сайлов натижаларини аниқлаш тартиби билан боғлиқ барча жараёнлар тўлиқ ва батафсил белгилангани билан аҳамиятлидир.

 

Эътиборли жиҳати шундаки, бундан олдин ушбу нормалар Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган бир қатор норматив ҳужжатларда белгиланган эди, сайлов комиссияси аъзолари ва сайлов жараёни иштирокчиларига қулайлик яратиш мақсадида депутатлар сайловида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш яхлит низом сифатида ишлаб чиқилди.

 

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, Низом билан  жисмоний имконияти чекланган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, участка сайлов комиссиясининг сайлов куни овоз бериш бошланишидан олдинги ҳаракатлари, овоз бериш тартиби, сайловчининг турган жойида овоз беришини ташкил этиш, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари, пропорционал сайлов тизими асосида ҳудуд (округ) бўйича сайлов натижаларини ва сиёсий партияларга берилган овозларни аниқлаш каби масалалар алоҳида ҳуқуқий механизмлар билан тартибга солинган.

 

Шунингдек, мажлисда юқорида кўрсатиб ўтилган Конституциявий қонун талабларидан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссиясининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.

 

Сайловларни ташкил этиш ва уни ўтказиш даврида аҳоли кенг қатламига сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳиятини етказиш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан, аҳолига сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳиятини етказиш бўйича тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Тарғибот тадбирларини юқори савияда, янгиланган сайлов нормалари асосида ўтказиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

 

Бугунги кунда Марказий сайлов комиссияси фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини самарали таъминлаш ҳамда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасида фаолиятининг янги босқичига ўтмоқда. Шу аснода, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг янгиланган расмий рамзи ҳам кўриб чиқилди ва уни тасдиқлаш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси 

Матбуот хизмати

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур