Мажоритар-пропорционал сайлов тизимининг ўзига хос жиҳатлари

10.11.2023

7923

msk_yangiliklari_in

2023 йил 10 ноябрь куни Марказий банкнинг Самарқанд вилоят бошқармаси биносида вилоятда фаолият юритаётган давлат ва тижорат банкларининг ходимлари иштирокида Қонунчилик палатаси томонидан жорий йил 31 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун тарғиботига бағишланган “Мажоритар-пропорционал сайлов тизимининг ўзига хос жиҳатлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Н.Ризаев, Ғ.Абдиев, Марказий сайлов комиссиясининг котиби Х.Маматовлар Конституциявий қонуннинг мазмун-моҳияти ва ўзига хос хусусиятлари юзасидан маъруза қилдилар.

Таъкидлаш лозим, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш, Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича муҳокамалар жорий йил 10-24  октябрь кунлари Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар умумхалқ муҳокамаси портали ва Қонунчилик палатасининг веб-сайти орқали ўтказилган он-лайн муҳокамалар даврида қизғин кечди. Сабаби, аҳолининг барча қатламлари, айниқса ёш авлод вакиллари фаол иштирок этган муҳокамалар жараёнида ундаги ҳар бир норма атрофлича муҳокама қилиниб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан асослантирилган таклифлар билдирилди.

 

Давра суҳбатида маъруза қилган Марказий сайлов комиссияси котиби Худоёр Маматов қайд этиб ўтганидек:

 

Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида аралаш сайлов тизимига ўтилиши муносабати билан мажоритар ва пропорционал сайловларни ташкил этиш ва ўтказишнинг ҳуқуқий механизми очиб берилмоқда. Сайлов комиссияларининг вертикал тизимини назарда тутувчи қоидалар киритилмоқда. Сиёсий партияларнинг парламентдаги ролини янада оширишга қаратилган нормалар акс эттирилмоқда.

 


Шунингдек, барча даражадаги сайлов комиссияларининг ваколатлари Сайлов кодексида аниқ очиб берилмоқда. Бироқ, Кодексда белгилаб бўлмайдиган ташкилий-техник масалалар, аниқроғи, сайлов комиссияларида иш юритиш тартиби ким томонидан белгиланиши очиқ қолиб кетган эди. Шундан келиб чиқиб, Сайлов кодексининг 26-моддаси учинчи қисм билан тўлдирилиб, унда “ҳудудий, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссияларида иш юритиш тартиби Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланиши” аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.

Чунончи, ушбу қонун билан сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда. Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (номзодлар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда.

 

Бир вақтда ҳам мажоритар ҳам пропорционал сайлов тизимини ўзида жамлаган тизим эса - аралаш сайлов тизими деб юритилади. Ҳозирги кунда Жанубий Корея, Бельгия, Венгрия, Қозоғистон, Германия ва Испания каби давлатлардаги сайловлар ушбу тизим асосида ўтказилади. Аралаш сайлов тизимига ўтилиши эса сиёсий партиялар ўртасидаги соғлом рақобатни янада кучайтиради.

 

Мамлакатимизда, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг сиёсий, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, белгиланган тадбирларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. Кейинги йилларда қабул қилинган бир қатор қонунлар аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Қонун янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган нормаларни ҳаётга изчил татбиқ этишга қаратилган бўлиб, ушбу ҳужжат билан Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоизидан 40 фоизга ошириш назарда тутилмоқда.

 

Пропорционал сайлов тизими бўйича ҳам партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар беш нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши назарда тутиляпти. Бу эса гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқаришга имкон беради. Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайлови натижаларини белгилаш тартиби ҳам такомиллаштирилмоқда. Амалдаги қонунчиликда сайловда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган ҳисобланади, яъни мутлақ кўпчилик овоз талаб этилади. Ушбу талаб Президент сайловларига нисбатан тўғри қўлланилган бўлиб, бундан мақсад сайлов ҳуқуқига эга бўлган мамлакат аҳолисининг мутлақ кўпчилиги танлаган шахсгина Президент лавозимига муносиб кўрилади. Бундай амалиёт аксарият хорижий мамлакатларда ҳам мавжуд.

 


Шу билан бирга, бир нечта сайлов округларидан сайланадиган депутатликка номзодларга нисбатан бу каби қоидани қайта кўриб чиқиш зарурати мавжуд. Чунончи, бошқаларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланмас экан, ўша ҳудуддаги нисбатан кўпчиликнинг фикри ва хоҳиш истаги амалга ошмай қолади. Шу сабабли, бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Яъни, мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши назарда тутилмоқда. 

 


Бундан ташқари, қонун лойиҳасида сайлов комиссияларининг ваколатлари қайта кўриб чиқилиши баробарида, сиёсий партияларнинг парламентдаги ролини янада оширишга қаратилган қоидалар киритилмоқда. Шу билан бирга, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш мақсадида участка комиссияси биносида танишиб чиқиш учун осиладиган сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фақатгина фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган йилини кўрсатиш билан чекланиш таклиф этиляпти.


Шунингдек, сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари сайлов комиссиялари тизимини ташкил этиши кўзда тутилмоқда.

 


Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари сонини камида ўн беш нафардан тўққиз нафарга тушириш, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон вакили бўлиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда.

 


Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши сайлов ва референдум тўғрисидаги қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқлаштиради, парламентни шакллантиришнинг янги замонавий тизимини йўлга қўяди ҳамда ушбу жараёнда сиёсий партияларнинг иштироки ва ролини янада оширади.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур