Азиз юртдошлар!
Барчангизни муборак айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллик шонли байрами билан самимий табриклаймиз.
Халқимизнинг ҳуқуқий тафаккури, хоҳиш-иродасининг ёрқин тимсоли ва амалий ифодаси бўлган Асосий қонунимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича Асосий қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилган устувор тамойилларни ҳаётимизга изчил татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. Янги Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи тобора юксалмоқда.
Эндиликда ҳар бир фуқаро шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқларини, ўзининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни миллий Конституциямиздан айрича тасаввур этолмайди. Зеро, Конституциямиз барча соҳаларда халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган изчил ислоҳотларда ҳуқуқий асос, муҳим омилдир.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси жамоаси миллий Конституциямиз қабул қилинган кун – 8 декабрь байрами билан барча юртдошларимизни самимий муборакбод этади.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз янада фаровон бўлаверсин!
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси