Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИГА РЕФЕРЕНДУМГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ДАВРИДА КЕЛИБ ТУШГАН МУРОЖААТЛАР ЮЗАСИДАН МАЪЛУМОТ

05.05.2023

2117

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига

референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида

келиб тушган мурожаатлар юзасидан

МАЪЛУМОТ

 

Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш даврида 2023 йил 14 март – 1 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига жами 308 та мурожаат келиб тушди (шундан 157 таси ёзма, 107 таси оғзаки, 44 таси электрон шаклда).

Ушбу мурожаатларнинг 196 таси бевосита Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказишга оид бўлиб, жумладан, референдумга қўйилаётган масала бўйича маълумот бериш, референдум қонунчилиги нормаларини қўллаш, референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоси сифатида рўйхатга олиш ва комиссия аъзоларига ҳақ тўлаш, референдум участкаси биносини таъмирлаш, овоз берувчи фуқароларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш, ўз референдум участкасини аниқлаш ёки ўзгартириш тартиби бўйича тушунтиришлар бериш, референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларининг фаолиятидан қаноатланмаганлик масалаларини қайд этиш мумкин.

Таъкидлаш лозимки, референдум даврида Марказий сайлов комиссияси ваколатига кирадиган масалалар бўйича, хусусан округ комиссияларининг қарорларини бекор қилиш ҳамда референдум округи бўйича овоз бериш натижаларини ҳақиқий эмас деб топишга оид мурожаатлар келиб тушмади.

Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган, Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказишга оид бўлмаган мурожаатлар 112 тани ташкил этди. Шулардан, 48 таси суд-ҳуқуқ масалаларига, 46 таси ижтимоий масалаларга, 11 таси амалдаги қонунчиликка таклифлар беришга, 5 таси фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга ҳамда қолган 2 таси ер масалаларига оид мурожаатлардир.

Ўз навбатида, Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган 308 та мурожаатнинг барчаси атрофлича ўрганилиб, уларнинг 222 таси бўйича муаллифларга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, сайлов ва референдум қонунчилиги юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 77 таси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддасига мувофиқ мазмунан кўриб чиқиш учун ваколатли давлат органлари ва ташкилотларга тааллуқлилиги бўйича юборилди, қолган 9 та такрорий мурожаатда эса янги важлар келтирилмаганлиги сабабли, мурожаат муаллифлари билан ўтказилган суҳбатдан сўнг уларнинг илтимосига кўра кўриб чиқиш тугатилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкор ҳамда самарали кўриб чиқиш, фуқароларга референдумни ўтказишга оид масалалар юзасидан қулай тарзда ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази (Cалл-марказ) ташкил этилди.

Шунингдек, Республика бўйлаб фуқаролар томонидан "Call-markaz"га кирувчи-чиқувчи қўнғироқларни амалга ошириш учун кўп тармоқли 1200 қисқа рақамли ва хорижда истиқомат қилувчи фуқаролар учун (998) 55-500-12-00 рақамли алоҳида алоқа линияси ажратилиб, унинг узлуксиз ишлаши таъминланди.

Қайд этиш керакки, "Call-markaz" Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Миллий гвардияси, Рақамли технологиялар вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети ва Марказий сайлов комиссияси ходимларидан иборат 10 нафар экспертлар жалб қилинган ҳолда 2023 йил 1 апрелдан бошлаб то референдум якунлари расмий эълон қилинган 1 май кунига қадар, ҳар куни соат 9:00 дан 18:00 гача, овоз бериш куни эса 8:00 дан 24:00 гача иш олиб борди.

Шу ўринда, референдум даврида Cалл-марказга жами 1 470 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг асосий қисми, аниқроғи 301 таси референдум қонунчилиги нормаларини қўллашга, 291 таси референдум участкасини аниқлашга, 285 таси Конституциявий қонун лойиҳасига таклифлар беришга, 235 таси референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиялари фаолиятини ташкил этишга, 93 таси овоз берувчи фуқароларнинг ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашишга, 9 таси референдум участкасида қонун бузилишига йўл қўйилганлигига, 248 таси референдум билан боғлиқ бўлмаган бошқа маиший масалаларга оид мурожаатлардир. Келиб тушган қўнғироқларнинг 8 таси аноним мурожаат сифатида қайд этилган.

Айрим референдум участкаларида овоз бериш жараёнида йўл қўйилган қонунбузарликлар, бир шахснинг бир нечта шахслар номидан овоз берганлиги каби ҳолатлар ҳақида референдум куни жами 9 бора хабар ва мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 5 таси Тошкент шаҳрига, 2 таси Самарқанд вилоятига, 2 таси эса Қашқадарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келади. Мазкур мурожаатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан алоҳида назоратга олиниб, округ комиссиялари билан ҳамкорликда ўрганилди.

Марказий сайлов комиссияси ва референдум ўтказувчи тегишли округ комиссиялари томонидан ўтказилган текширишлар натижасида юқоридаги каби қонунбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги хабарларнинг 1 таси ўз тасдиғини топган бўлиб, қолган 8 та ҳолатда қонунбузарлик тўғрисидаги хабарлар ўз тасдиғини топмаган ҳамда бу бўйича тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, фуқаролар, референдум ташкилотчилари, журналистлардан келиб тушган барча мурожаатларга Марказий сайлов комиссиясининг масъул ходимлари, сайлов ва референдум бўйича етакчи экспертлар ва ҳуқуқшунос олимлардан иборат навбатчилар гуруҳи томонидан ўз вақтида малакали жавоблар қайтарилди ҳамда биронта мурожаат эътибордан четда қолгани йўқ.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур