Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 23 июнь кундаги мажлиси тўғрисида ахборот

23.06.2023

3511

msk_yangiliklari_in

2023 йил 23 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар, Президент сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ва ОАВ вакилларини аккредитация қилиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ сайлов комиссиялари раисларининг ахборотига доир масалалар кўриб чиқилди.

Мажлисда таъкидланганидек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган барча мурожаатларга Марказий сайлов комиссияси томонидан қонунчилик ҳужжатларига асосланган ҳолда, ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда ҳамда бирор-бир мурожаат эътибордан четда қолдирилмаяпти.

Шундан келиб чиқиб, сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар бўйича кўрилган чоралар комиссия аъзолари томонидан муҳокама этилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Кун тартибига мувофиқ, мажлисда халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан МДҲ, МДҲ ПА, ШҲТ ҳамда хорижий мамлакатлардан жами 124 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.

Шунингдек, МСКга келиб тушган мурожаатлардан келиб чиқиб, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 301 нафар вакили аккредитация қилинди. Бугунги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 1 155  нафарни ташкил этмоқда.

Мажлис давомида муддатидан илгари Ўзбекистон Республикасининг Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан
1-Қорақалпоғистон, 4-Жиззах ҳамда 11-Фарғона округ сайлов комиссияси раисларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори ташкилий даражада ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлари хусусида ахборотлари тингланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур