ЕХҲТ ДИИҲБнинг эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари Ўзбекистонга ташриф буюрди

28.05.2024

6835

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистонга ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) экспертлари ташриф буюрди. 

ЕХҲТ ДИИҲБ методологияси бўйича эҳтиёжларни баҳолаш муайян сайлов олдидан амалга оширилади ва сайловолди ҳолатига бериладиган баҳо ҳамда миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мослиги натижаларидан келиб чиқиб, сайловни кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, кузатиш шакли, муддати ва кузатувчиларнинг зарурий сони ҳақида қарор қабул қилинади.  

Ташриф дастурига мувофиқ ЭБМ экспертлари қатор вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институти вакиллари билан учрашади. 

Бугун, 28 май куни Миссия экспертлари ЕХҲТ ДИИҲБ сайлов департаменти катта маслаҳатчиси Кеара Кастальдо ҳамда сайловлар бўйича маслаҳатчиси Каха Инаишвили Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев билан учрашди. 

Учрашувда ДИИҲБ сайловларни кузатиш Миссияларининг натижалари бўйича берилган тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ қилиш, сайловларга оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари шунингдек, Бюронинг якуний ҳисоботларида келтирилган тавсияларни ҳисобга олган ҳолда миллий сайлов қонунчилиги ва сайлов тизимини янада такомиллаштиришда 2023 йил 18 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, экспертлар Парламент қуйи палатаси ва сайлов органлари тизимидаги ўзгаришлар билан танишдилар. Ушбу ўзгаришларга кўра мамлакатда сайлов органларининг ягона марказлашган тизими шакллантирилмоқда, Парламент қуйи палатасига сайловлар аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади.

Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари ДИИҲБ миссияларининг 2023 йилда ўтказилган референдум ва муддатидан илгари президент сайловини кузатиш бўйича якуний ҳисоботларини таҳлил қилиш ва улардаги тавсияларни сайлов қонунчилиги ва амалиётига жорий қилиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги учун миннатдорлик билдирдилар. Шунингдек, мамлакатимизда сайлов тартиб-таомиллари тамойилларини умумэътироф этилган халқаро демократик тамойилларга мувофиқ такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур