ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ НАВБАТДАН ТАШҚАРИ ОЗАРБАЙЖОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИ КУЗАТИШДА ИШТИРОК ЭТМОҚДА

07.02.2024

2394

msk_yangiliklari_in

Озарбайжон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низамходжаев бошчилигидаги делегация навбатдан ташқари бўлиб ўтаётган Озарбайжон Республикаси Президенти сайловини кузатишда иштирок этмоқда.

Шунингдек, МСК вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари халқаро кузатувчи сифатида МДҲ Ижроия қўмитаси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотининг сайловларни кузатиш бўйича миссиялари таркибида қатнашмоқдалар.

Сайлов арафасида ва овоз бериш куни ўзбекистонлик кузатувчилар Боку шаҳрида ҳамда республиканинг бошқа ҳудудларида жойлашган сайлов участкаларида бўлишди.

Ташриф доирасида 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси МСК раиси З. Низамходжаев ва Озарбайжон МСК раиси М. Панахов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

 

М. Панахов Ўзбекистон делегациясига сайлов жараёнининг асосий босқичлари, тайёргарликнинг бориши ва ушбу сайловларга хос хусусиятлар ҳақида маълумот берди. Ўз навбатида З. Низамходжаев ҳамкасбига халқаро кузатувда иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик билдириб, сайловчиларнинг юқори фаоллиги, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг тайёргарлик даражаси яхши эканини таъкидлади.

Шунингдек, учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда З. Низамходжаев Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини таъминлайдиган ва кафолатлайдиган демократик сайлов тизимини яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

 

Хусусан, миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига демократик стандартларни жорий этиш бўйича “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги янги қабул қилинган Конституциявий қонунда назарда тутилган айрим янгиликларга тўхталди.

Озарбайжон МСК раиси Ўзбекистон Республикаси сайлов соҳасидаги ислоҳотлар ижобий эканини қайд этди ҳамда 2023 йилда ўзи бошчилигидаги Озарбайжон делегацияси кузатган конституциявий референдум ва президентлик сайловлари бўйича ижобий баҳо берди.

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси МСК аъзоси Г. Раҳимова, МСК Ўқув маркази директори Х. Палуаниязовлар иштирок этди.

Ўзбекистон кузатувчилари делегацияси навбатдан ташқари бўлиб ўтаётган Озарбайжон Республикаси Президенти сайловини кузатишда давом этмоқда.

 

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур