АҚШнинг илғор сайлов технологиялари билан танишиш жараёнлари

05.03.2024

17796

msk_yangiliklari_in

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев бошчилигидаги делегация АҚШ президентлиги праймеризларига тайёргарлик жараёнлари билан танишиш ва унда овоз бериш жараёнларини кузатиш мақсадида АҚШнинг Калифорния штатида бўлиб турибди. 

 

Ташриф доирасида халқаро кузатувчилар учун Лос Анжелес округида овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида қўлланиладиган замонавий рақамли ечимлар тақдимоти ҳамда давра суҳбати бўлиб ўтди, унда иштирокчилар сайлов жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича тўпланган тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Бундан ташқари, кўплаб мамлакатларнинг сайлов тизимларида қўлланиладиган муҳим технологик ечимлар ҳам муҳокама қилинди.

Халқаро кузатувчилар янги фойдаланишга топширилган Лос Анжелес округидаги сайлов бюллетенлари билан ишлаш маркази фаолияти билан ҳам танишиш имконига эга бўлишди. Лос Анжелес округи котиби Дин Логан ва унинг офиси ходимлари халқаро кузатувчиларга Марказ фаолияти, вазифалари ва уни ташкил этиш босқичлари ҳақида ахборот бериб ўтишди.

 

Марказнинг асосий вазифаси сайлов бюллетенларини, шу жумладан почта орқали юборилган сайлов бюллетенларини қабул қилиш, уларни саралаш, овозларни санаб чиқиш учун сканер қилиш, сайлов бюллетенларини санаб чиқиш жараёнида жамоатчилик назоратини таъминлаш, овозларни санаб чиқишнинг дастлабки натижалари тўғрисида тезкорлик билан ахборот бериш, сайлов бюллетенларининг сақланиши ва хавфсизлигини таъминлашдан иборатдир. Калифорния штати қонунчилигига мувофиқ, ҳар бир округда сайлов бюллетенлари марказлашган тарзда ҳисоблаб чиқилади.

 

Сайлов бюллетенларини қайта ишлаш маркази қарийб 13,4 минг м2 майдонни ташкил қилиб, марказ етказиб берилган сайлов бюллетенларини қабул қилиш, саралаш, тайёрлаш ва овозларни ҳисоблаш каби бир неча зоналарга бўлинган. Бинода юқори даражада хавфсизлик чоралари кўрилган. Шу билан бирга, саноқ жараёнини бино ичида ҳамда онлайн тарзда ҳам кузатиш учун жамоатчилик назорати учун барча шароитлар яратилган.

Халқаро кузатувчилар сайлов бюллетенларини қайта ишлашнинг ҳар бир босқичи ва Марказ ходимларининг фаолияти билан яқиндан танишишди.

 

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев ва Лос Анжелес округи котиби Дин Логан ўртасида суҳбат бўлиб ўтди.

 

Лос Анджелес округида мазкур праймеризларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 6,5 млн. фуқародан 5,7 млн. нафари овоз бериш учун рўйхатга олинган. Лос Анжелес округи Қўшма Штатлардаги энг кўп сайловчиларга эга бўлган округ ҳисобланади. Мазкур сайловларни ташкил этишга 10 минг нафарга яқин ходимлар жалб этилган.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур