ХАЛҚАРО МИГРАЦИЯ ТАШКИЛОТИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ВАКОЛАТХОНАСИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

23.01.2024

2620

msk_yangiliklari_in

2023 йилнинг 30 март куни Марказий сайлов комиссиясида Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

 

Хусусан, учрашув чоғида меҳнат, ўқиш, даволаниш ва бошқа сабабларга кўра хорижий давлатларда бўлган, истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг овоз бериш ҳуқуқларини янада таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

 

Учрашувда сайловлар ва референдум даврида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида ҳам участка комиссиялари тузилаётганлиги, хорижда бўлган ватандошларимизнинг сайловлар ва референдумга оид хабардорлигини ошириш, уларни овоз берувчилар рўйхатига киритиш ва рўйхат билан таништириш, овоз бериш жойи ва вақти ҳақида хабардор қилиш борасидаги кенг кўламли ишлар ташкил этилаётганлиги қайд этилди.

 

Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев сайловлар ва референдум жараёнларида Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликни кучайтириш хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг сайловлар ва референдумдаги иштирокини кенгайтиришда, уларнинг овоз бериш ҳуқуқларини таъминлашда, юқорида келтириб ўтилган саъйи-ҳаракатларни тўлақонли амалга оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди. 

 

Учрашувда Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича субминтақавий координатори, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Зейнал Гаджиев Марказий сайлов комиссия билан ҳамкорлик алоқаларни ривожлантиришга ва амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдириб ўтди.

 

Зейнал Гаджиев Марказий сайлов комиссиясининг ХМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорлик қилиш интилишини юқори баҳолар экан бу ўз навбатида мигрантларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини демократик жараёнларга хусусан, жамият ва давлат бошқариш ишларига кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

 

Шунингдек, Зейнал Гаджиев учрашув иштирокчиларига ХМТ фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди.

 

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон 2019-йилда ХМТга тўлақонли аъзо бўлди ва бу республикамиз ва ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилди. Ушбу ўзаро таъсир барқарор ўсиб бормоқда.

 

2020-йилда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган. 2021-йилда эса ташкилотнинг Тошкентдаги тўлақонли ваколатхонаси ўз фаолиятини бошлаган.