Волонтёрлар кўнгилли тарзда (янада тушунарлироқ қилиб айтилса, холис, фидокорона, савоб учун) инсонлар ва жамият учун манфаатли бўлган, фаолиятида аниқ мақсадга эга боълган гуруҳлар ҳисобланади.
Дунёдаги бошқа мамлакатларда волонтёрлик фаолияти ривожланиб бораётганини истисно этмаган ҳолда айтаман-ки, юртимизда ушбу замонавий ижтимоий ҳаракат азалдан чуқур илдиз отган.
Ҳозирги вақтда ер юзида 100 га яқин мамлакатда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд. Улар давлатлар томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги боис, кўнгиллилар сектори жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий бўлагига айланиб бормоқда.
Мамлакатимизда волонтёрлар фаолиятини тартибга солувчи аниқ механизм мавжуд бўлмаганлиги сабабли, қонунчиликдаги бўшлиқни тўлдириш ҳамда ушбу фаолият тури билан боғлиқ ҳолда содир бўлиши мумкин бўлган ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида 2019 йил 2 декабрда ОЪРҚ-585-сон “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Қонуннинг 3-моддаси фаолият тўғрисидаги асосий тушунчаларни белгилайди:
волонтёр - волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс;
волонтёрлик - фуқаролар, уларнинг гуруҳлари ёки волонтёрлик ташкилотлари томонидан жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб ихтиёрий фаолиятни амалга ошириш;
волонтёрлик фаолияти - жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, эркин хоҳиш-иродага кўра бажариладиган, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият тури ҳисобланади.
Волонтёрлик фаолиятининг мақсад ва вазифалари:
Волонтёрлик фаолиятининг мақсадлари жисмоний ва юридик шахсларга, умуман жамиятга ёрдам кўрсатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларда уларни ташкил этувчиларнинг розилиги билан иштирок этиш, жамиятда фуқаролик нуқтаи назарини, ўзини ўзи ташкил этишни, ижтимоий масъулият, бирдамлик, ўзаро ёрдам бериш ва раҳм-шафқат туйғуларини шакллантиришдан иборатдир.
Қонунга кўра волонтёрлик фаолиятининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
фуқароларни аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган турли хил жамоат фаолиятига жалб этиш механизмларини шакллантириш;
ижтимоий вазифаларни ҳал этишда жамиятга ёрдам коърсатиш;
волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга қаратилган фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш;
аҳолида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш;
фуқаролар томонидан ижтимоий вазифаларни ҳал этиш учун ўзини ўзи намоён этиш ва ўзини ўзи ташкил этиш кўникмаларини олиш.
Қонунга мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.
Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини, башарти бу фаолият уларнинг соғлиғига ҳамда ахлоқий ривожланишига зарар етказмаса ва ўқув жараёнини бузмаса, амалга ошириши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар оқибатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир ишларни амалга ошириш учун фақат ўн саккиз ёшдан катта бўлган волонтёрларга ижозат берилади.
Шунингдек, волонтёрлик волонтёр ва волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ўртасида ушбу Қонуннинг қоидаларига риоя этган ҳолда ёзма шаклда тузилган шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.
Волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси, агар у волонтёрлик фаолияти билан ойига 20 соатдан кўпроқ банд бўлса, волонтёр билан волонтёрлик шартномасини тузиши шарт.
Волонтёрлик шартномаси икки нусхада расмийлаштирилади, улардан бири волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчисида, иккинчиси эса волонтёрда сақланиши лозим.
Давлат органлари волонтёрлик фаолияти билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда волонтёрлик фаолияти соҳасидаги хизматларни эътироф этиш бўйича турли фестиваллар ўтказиши мумкин. Бу билан жамиятда волонтёрлар хатти-ҳаракатини олқишлаш, уларнинг самарали меҳнатини ижобий баҳолаш ва ижтимоий гуманитар ёрдам кўрсатувчилар сафини янада кенгайтириш мумкин бўлади.
2020 йил кўплаб дунё мамлакатлари қатори юртимизга ҳам синовли келди. Коронавирус эпидемияси даврида кўнгилли тарзда кўмакка ошиққан юзлаб ёшларнинг хатти-ҳаракати айнан волонтёрлик фаолиятининг ўрни, мақсад ва вазифалари жамият учун нақадар муҳим эканлигини исботлади.