Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ РАИСИ ЗАЙНИДДИН НИЗАМХОДЖАЕВНИНГ МАТБУОТ АНЖУМАНИДАГИ НУТҚИ

10.07.2023

932

msk_yangiliklari_in

 МСК Матбуот маркази

2023 йил 10 июль,

соат: 11:00

Азиз Ватандошлар!

Ҳурматли анжуман иштирокчилари! 

Хонимлар ва жаноблар!

 

Кеча, 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқаро мезонлар ва стандартлар асосида миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик, шаффофлик, эркинлик ва адолат каби умумэътироф этилган демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилди.

 

Тўртта сиёсий партия ва уларнинг номзодлари ўртасида ўтган Президент сайлови Ўзбекистонда эркинлик ва демократия амалда мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин намойишидир!

 

Сўнгги йилларда мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берди. Нуфузли халқаро экспертлар таъкидлаганидек, Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги, янада юксак поғонага кўтарилди.

 

Айни пайтда, Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказилган муддатидан илгари Президент сайловини нисбатан қисқа вақт ичида юқори савияда ташкил этилиши ва халқаро талаблар даражасида ўтказилиши мамлакатимиз сайлов тизими ва мутасадди ташкилотларнинг юксак салоҳияти ва қобилиятини намоён этди.  

 

Бу галги Президент сайлови жорий йилнинг 30 апрель куни умумхалқ референдумида қабул қилинган янгиланган Конституция талаблари асосида ўтди.

 

Мамлакатимизнинг янгиланган Конституцияси фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини янада кенг ва тўла таъминлаш ҳамда миллий сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги моддалар билан бойитилди. 

 

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида фуқаролар сайловда фаол иштирок этди ва эркин овоз берди. Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимизнинг барча сайловчи-фуқароларига сайловдаги фаол иштироки учун самимий миннатдорлик билдираман.

 

Президент сайловини нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилотининг Парламент Ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий давлатлар ташкилоти, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби ўн бешта халқаро ташкилотдан ва 47 та хорижий давлатдан жами 800 нафарга яқин халқаро кузатувчи ҳамда 1 400 нафар маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари бевосита кузатиб ва ёритиб борди.

 

Шунингдек, сайловда иштирок этган сиёсий партиялардан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 53 минг 677 нафар вакиллар сайловни бевосита кузатиб борди.

 

Ҳурматли матбуот анжумани иштирокчилари!

 

Сайловчилар рўйхатига киритилган 19 млн 593 минг 838 нафар сайловчидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида чет элларда овоз берган ватандошларимиз билан бирга ҳисоблаганда, 15 миллион 651 минг 405 нафар сайловчи иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 79 бутун юздан 88 фоизидан иборатдир. 

 

Бунда Жиззах вилояти сайловчилари республикада энг юқори фаолликни кўрсатдилар, яъни 85 бутун юздан 28 фоиз.

 

Энг паст кўрсатгич Тошкент шаҳрида, яъни 72 бутун юздан 97 фоизни ташкил қилди.

 

Дастлабки маълумотларга кўра, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов ўтказувчи сайлов участкаларининг барчасида сайлов бюллетенлари санаб чиқилган.

 

Сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодлар сайловчиларнинг қуйидаги миқдордаги овозини олди:

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Илёсович Иноятов – 629 минг 116 овоз ёки 4 бутун юздан 2 фоиз;

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Робахон Анваровна Маҳмудова – 693 минг 634 овоз ёки 4 бутун юздан 43 фоиз;

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев – 13 миллион 625 минг 55 овоз ёки 87 бутун юздан 5 фоиз;

 

Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Худойқулович Ҳамзаев – 585 минг 711 овоз ёки 3 бутун юздан 74 фоиз.

 

Ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари сони 117 минг 889 та ёки ноль бутун юздан 76 фоизни ташкил қилди.

 

Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод Президент этиб сайланган, деб ҳисобланади.

 

Ушбу маълумотларга таяниб, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчиларнинг энг кўп – 87 бутун юздан 5 фоиз овозини олиб, муқобиллик асосида ўтган сайловда ишончли ғалаба қозонганини ва Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганини маълум қиламиз.

 

Марказий сайлов комиссияси номидан Шавкат Миромоновични ушбу ишончли ғалаба билан самимий муборакбод этишга ижозат этгайсизлар!

 

Президентликка ўтказилган сайлов бўйича сайловга доир қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганлиги ҳолатлари ҳақида хабар ва маълумотлар тушмади.

 

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлиги сайловига тайёргарлик кўриш ва уни  миллий сайлов қонунчилигимиз ҳамда умумэътироф этилган демократик тамойилларга мос, юксак ташкилий даражада ўтказиш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Марказий сайлов комиссияси, барча округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига, вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, бошқа мутасаддиларга миннатдорлик билдираман.

 

Айниқса, сайлов жараёнларини холисона ва тезкор ёритилишида, сифатли таҳлилий маълумотларни сайловчиларга кенг тарқатишда жонбозлик кўрсатган оммавий ахборот воситалари вакилларига, журналист ва блогерларга алоҳида энг самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз.

 

Энг асосий, ўзининг юксак ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини намоён этиб сайловда фаол иштирок этган буюк Ўзбекистон халқига ташаккур айтамиз.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур