Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловлари бўйича сайлов компанияси бошланганлигини эълон қилишга бағишланган БРИФИНГДАГИ НУТҚИ

26.07.2024

1367

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВнинг

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловлари бўйича сайлов компанияси бошланганлигини эълон қилишга бағишланган

БРИФИНГДАГИ НУТҚИ

 

 Тошкент шаҳри,                                                                           2024 йил 26 июль

 Симпозиумлар саройи                                                                     соат 11:30

 

 

Ассалому алайкум, ҳурматли брифинг иштирокчилари!

 

Ҳурматли Хонимлар ва жаноблар!

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳозиргина ўзининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларига доир муҳим қарорларни қабул қилди.

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари беш йил муддатга сайланади. Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга депутатлар сайловлари 2019 йили ўтказилган.

 

Демак, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари 2024 йил 27 октябрь, якшанба куни ўтказилади.

 

 

Сайловнинг мамлакат ҳаётидаги алоҳида ўрнини эътиборга олиб, ушбу жараёнга фуқароларни кенг жалб этиш мақсадида 27 октябрдаги сайлов “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ўтказилади.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексида белгиланган муддатлардан келиб чиқиб, бугундан, яъни 2024 йил 26 июлдан Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари бўйича сайлов кампаниясига старт берилиб, Календарь режа тасдиқланди.

 

Ҳурматли брифинг иштирокчилари!

 

Таъкидлаш жоизки, бу йилги сайловлар мазмунан янги бўлиши билан бир қаторда, сайловларда рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш режалаштирилмоқда.

 

Биринчидан, Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилади.

 

Депутатларнинг 75 нафари мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзлари танлаган номзодга овоз бериш йўли билан, қолган 75 нафари эса, пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланишади.

 

Иккинчидан, барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилди. Сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракати қисқартирилди.

 

Эндиликда Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда миллий сайлов тизимига “E-Saylov” ахборот тизимининг жорий этилгани бу йилги сайловлардаги муҳим янгиликлардан яна биридир.

 

Учинчидан, сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланди.

 

Бундан ташқари, депутатликка номзод сайланиш учун сайловчиларнинг нисбий кўпчилиги овозини олиш лозимлиги белгиланди. Унга кўра, номзод тегишли сайлов округида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз тўплаган тақдирда депутат бўлиб сайланиши мумкин бўлади ва шу орқали такрорий овоз беришни ташкил этиш талаб этилмайди.

 

Тўртинчидан, сайлов Янгиланган Конституция мустаҳкамлаган кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган шароитда ўтмоқда.

 

Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 12 тадан 18 тага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кенгайтирилди.

 

Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиши бекор қилинди. Давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида аввал ҳокимлар ваколатида бўлган 33 та ваколатлар маҳаллий Кенгашларга ўтказилди. Бу эса партиялар ва номзодлар ўртасида фаол рақобат муҳитини шаклланишига хизмат қилади.

 

2024 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.

 

Ушбу сайловларда Конституциямиз ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистоннинг олий давлат вакиллик ва қонун чиқарувчи органи ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг таркиби янгиланиши таъминланади.

 

Ўзбекистон Республикасининг миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётининг тизимли равишда демократик андозаларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштирилиб келинаётгани фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини кенг ва тўла таъминлаш борасида сифат ўзгаришларини амалга оширишга хизмат қилмоқда.

 

2023 йилнинг 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун бунинг яққол далилидир.

 

Халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича беш йил муддатга ўтказилади. Ушбу Кенгашлардаги депутатлик ўринлари сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эга.

 

Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаган ҳолда депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин.

 

Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин, сайловда иштирок этиш истагини билдирган ҳолда мурожаат қилган сиёсий партияларга белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари берилади.

 

Халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларда иштирок этишга ижозат олиш ва депутатликка номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партиялар томонидан сайловчиларнинг қўллаб-қувватловчи имзоларини тўплаш талаб этилмайди.

 

Битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоиз имзосини тўплаши мумкин.

 

Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади.

 

Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳини тузади.

 

Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва сайловга қирқ беш кун қолганида тугайди.

 

Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.

 

Депутатликка номзод сифатида рўйхатга олиш учун қўйиладиган талаблар Сайлов кодексида белгилаб қўйилган.

 

Қонунчилик палатасига депутатликка номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади.

 

Сиёсий партиялар:

 

бир мандатли сайлов округлари бўйича депутатликка етмиш беш нафар номзод, яъни ҳар бир сайлов округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатади;

 

партия рўйхати бўйича етмиш беш нафардан кам бўлмаган, юз нафардан кўп бўлмаган депутатликка номзод кўрсатади.

 

Бир мандатли сайлов округларида айни бир шахс фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин.

 

Партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу сиёсий партиянинг аъзолари ёки партиясиз бўлиши мумкин. Бошқа сиёсий партиянинг аъзолари ушбу рўйхатга киритилиши мумкин эмас. Бир мандатли сайлов округлари бўйича кўрсатилган номзодлар партия рўйхатига киритилиши мумкин эмас.

 

Гап маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар ҳақида борар экан, бунда ҳам сиёсий партияларнинг тегишли органлари томонидан номзодлар кўрсатилишини таъкидлашимиз ўринли бўлади.

 

Сиёсий партиялар тегишли ҳудудда жойлашган ҳар бир сайлов округидан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига биттадан номзод кўрсатишга ваколатлидир.

 

Хабарингиз бор, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга биноан, аёлларнинг сайланиш ҳуқуқига доир имкониятлари янада кенгайтирилди.

 

Жумладан, эндиликда Қонунчилик палатасига аёлларнинг салмоғи бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек партия рўйхати асосида сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида қирқ фоизини ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар беш нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим.

 

Аёлларнинг салмоғи сиёсий партиядан кўрсатилган маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар умумий сонининг камида қирқ фоизини ташкил этиши шарт.

 

Ўзбекистонда сайлов жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш - доимий эътибор қаратилаётган энг муҳим йўналишлардан биридир.

 

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимининг сўнгги йилларда ўтказилган сайловларда муваффақиятли қўлланилгани шулар жумласидандир.

 

Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда миллий сайлов тизимига “E-Saylov” ахборот тизимининг жорий этилгани, қайд этилганидек, бу йилги сайловлардаги муҳим янгилик ҳисобланади.

 

“E-Saylov” ахборот тизими орқали сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари билан деярли 60 турдаги муносабатлари тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади.

 

Мазкур тизимда 400 мингга яқин сайлов жараёни иштирокчилари, жумладан сайлов комиссиялари аъзолари, депутатликка номзодлар, кузатувчиларга оид катта маълумотлар базаси шаклланади.

 

Ахборот тизимидан 32 минг нафар сайлов жараёни иштирокчилари профессионал тарзда фойдаланишади. Фойдаланувчилар билан 40 турдаги SMS-хабарномалар орқали мулоқот ўрнатилади.

 

“E-Saylov” ахборот тизимида фуқаролар учун ҳам сайловга оид ахборотларни олишда бир қатор қулайликлар жорий этилган. Хусусан, ахборот тизими сайловчилар ва сайлов участкаларига оид статистик маълумотларни олиш, барча турдаги сайловлар бўйича депутатликка номзодлар ҳақида ахборотга эга бўлиш, интерактив хариталарда депутатликка номзодлар ва уларнинг таржимаи ҳоли билан танишиш имконини беради.

 

Маълумки, мамлакатимизда сайлов комиссиялари тизими ҳам давр талаби ва демократик тамойиллар асосида янада такомиллаштирилди. Жумладан, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди.

 

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказувчи комиссиялар тизими қуйидагилардан иборат:

  

-     Марказий сайлов комиссияси;

 

-     ҳудудий сайлов комиссиялари, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси;

 

-     туман ва шаҳар сайлов комиссиялари;

 

-     халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари;

 

-     участка сайлов комиссиялари.

 

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда тузилди ва барча аъзолари доимий асосда фаолият юритмоқда.

 

Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсиясига кўра Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат томонидан сайланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайловга камида саксон кун қолганида ҳудудий сайлов комиссияларини тузади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 29 майдаги “Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссияларини тузиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимиз тарихида биринчи марта вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари тузилди.

 

Ҳудудий сайлов комиссиялари вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида тузилди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Қонунчилик палатаси депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ҳудудий сайлов комиссияларининг ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси амалга оширади.

 

Ҳудудий сайлов комиссиялари аъзоларининг умумий сони – 267 нафар (56 фоизи – эркаклар, 44 фоизи – аёллар).

 

Ҳудудий сайлов комиссияси сайловга камида етмиш беш кун қолганида туман, шаҳар сайлов комиссияларини тузади.

 

Округ сайлов комиссияси тегишли ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида тузилади.

 

Участка сайлов комиссияси тегишли ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида тузилади.

 

Сайловларни юқори савияда ташкил этишда сайлов комиссиялари аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги ва амалиёти ҳамда халқаро сайловга оид стандартлар бўйича билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан 2024 йил 27 май куни тасдиқланган ва ижросига жадал киришилган Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси ана шундай мақсадга хизмат қилади.

 

Концепция доирасидаги ўқитиш ишлари уч йўналиш ва икки босқичда амалга оширилади. Машғулотларда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилади. Айни пайтда, малакали экспертлар томонидан тайёрланган ўқув-услубий материаллар, жумладан, қўлланмалар, маъруза матнлари, топшириқ саволлари, тест, тақдимот, инфографика, видео-дарс ва бошқа материаллар тингловчилар эътиборига ҳавола этилади.

 

Айни кунларда мазкур Концепцияда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. 

 

Сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнида сайловолди ташвиқоти алоҳида аҳамият касб этади. Сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан, яъни 22 сентябрдан эътиборан бошланади.

 

Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.

 

Ташвиқот оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

 

Марказий сайлов комиссияси ва барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини ҳамиша очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига биноан ташкил этиб келмоқда.

 

Бунинг яққол далили - Марказий сайлов комиссияси ҳузурида Матбуот маркази фаолиятининг йўлга қўйилганидир. Бугун унинг иш бошлаганига ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз. Таъкидлаш зарурки, Матбуот марказининг ҳудудий бўлинмалари ҳам ташкил этилади.

 

Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни, жумладан, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини сиёсий партияларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари, журналистлар, шу жумладан, хорижлик журналистлар, кузатиб боради.

 

Сайлов қонунчилигига биноан, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга.

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки бўлиб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси сайловда иштирок этишга тўла ҳақлидир.

 

Миллий сайлов қонунчилигимизга биноан, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

 

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади.

 

Муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 16 – 23 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида овоз бериш жорий йилнинг 27 октябрь куни соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилади.

 

Участка сайлов комиссиясида соат 20:00 да овоз бериш тугаганлиги эълон қилинади ва сайлов бюллетенлар бўйича овозлар санаб чиқилади.

 

Ҳурматли брифинг иштирокчилари!

 

Марказий сайлов комиссияси холис ва мустақил конституциявий орган сифатида бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларни миллий қонунчилик, халқаро сайлов стандартларига тўла мувофиқ ҳолда очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш бўйича барча чораларни кўради.

 

Сайлов жараёнларини ёритишда оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзининг фаол ҳиссасини қўшиб келаётгани учун барчангизга самимий миннаторлигимизни билдирамиз. Умид қиламизки, ҳамкорлигимиз сайловлар якунига етгунича ва ундан кейин ҳам изчил давом этади.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур