Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

02.05.2023

487

msk_yangiliklari_in

2023 йилнинг 30 апрель куни ўтган Ўзбекистон Республикасининг референдуми улкан муваффақият билан якунланди ва “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун қабул қилинди.

 

Барча ватандошларимизни янгиланган миллий Конституциямизнинг референдумда халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватлангани ва  қабул қилингани билан чин дилдан, самимий табриклаймиз.

 

Ўзбекистон Республикасининг референдумига тайёргарлик кўриш ва уни  миллий қонунчилигимиз ҳамда умумэътироф этилган демократик тамойилларга мос, юксак ташкилий даражада ўтказиш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган  барча округ ва участка референдум комиссиялари аъзоларига, вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар,   ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакилларига самимий миннатдорлик билдирамиз.

 

Бу,  энг аввало, мамлакатимизда  собитқадамлик билан амалга оширилаётган дадил демократик ислоҳотларнинг, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган вазифалар амалда рўёбга чиқаётгани ва юксак самаралар бераётганининг ёрқин далилидир.

 

Айни пайтда, яратилган ана шундай кенг шароит ва улкан имкониятлардан фойдаланиб, ўзининг билими, куч-ғайрати, шижоатини референдумни юксак савияда ташкил этишга сафарбар этган ўн минглаб юртдошларимизнинг заҳмати билан эришилган улкан муваффақиятдир. Бу ғоят шарафли ва масъулиятли жараённинг  асосий юки референдум комиссиялари зиммасига тушгани табиий.

 

Референдумни  катта қизиқиш билан кузатиб ва ўрганиб борган халқаро ташкилотларнинг миссиялари, хорижий давлатларнинг юзлаб кузатувчилари, чет эллик журналистлар  референдум очиқ-ошкора ва демократик принципларга биноан ўтганини кенг эътироф этмоқдалар.

 

Тарихи минг йилларга бориб тақалувчи миллий давлатчилигимизнинг энг юксак қадриятларини ўзида мужассам этган Янгиланган Конституциямиз Янги Ўзбекистоннинг нуфузини янада юксалтириш, она Ватанимизнинг бугуни ва порлоқ келажагини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.      

 

Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, ишларингизда юксак муваффақиятлар, оилавий бахт, тинчлик ва хотиржамлик тилаймиз!

 

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур