Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш

20.09.2024

700

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш

 

Тошкент шаҳри,                                                                                                           2024 йил 20 сентябрь

Симпозиумлар саройи                                                                                                                  соат: 12:30

 

Ассалому алайкум, ҳурматли журналистлар!

 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

 

Мамлакатимизда жорий йилнинг 27 октябрь, якшанба куни “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик ишлари ўзининг қизғин палласига кирмоқда.

 

Сўзимнинг аввалида алоҳида қайд этмоқчиманки, ушбу муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасидаги барча ишларнинг сайлов қонунчилигига қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилиши Марказий сайлов комиссияси томонидан тизимли равишда мувофиқлаштирилиб борилмоқда.

 

Бунда барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Комиссиямизнинг бугун, яъни 20 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ҳам муҳим масалалар кўриб чиқилди.

 

Ушбу жараён ҳақида маълумот беришдан аввал 2023 йилнинг 18 декабридаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонунга биноан Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бу йил сайловнинг аралаш, яъни мажоритар ва пропорционал тизими асосида ўтказилишига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман.

 

Бошқача айтганда, бу йил парламентнинг қуйи палатасига сайланадиган бир юз эллик депутатнинг етмиш беш нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича сайловчиларнинг бевосита номзодларга берган овозларига мувофиқ сайланади.

 

Қолган, етмиш беш нафари эса ягона сайлов округи бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати (яъни партия рўйхати) асосида сайланади.

 

Эслатиб ўтаман, Комиссиямизнинг шу йил 10 август куни бўлиб ўтган мажлисида Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича бир мандатли сайлов округларини тузишга доир масала кўриб чиқилиб, етмиш бешта бир мандатли сайлов округини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

 

Сайлов кампаниясида иштирок этишига ижозат берилган бешта сиёсий партия томонидан бир мандатли сайлов округлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган жами 375 нафар номзод рўйхатга олинди.

 

Айни пайтда, ягона сайлов округи бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига мазкур бешта сиёсий партия томонидан кўрсатилган жами 500 нафар номзодлар рўйхати рўйхатга олинди. Маълумки, ягона сайлов округи бўйича 75-100 нафар депутатликка номзод партия рўйхатига биноан кўрсатилиши мумкин.

 

Тарихимизда биринчи марта бешта сиёсий партия томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатилди.

 

Хусусан, сиёсий партиялар томонидан бу йил Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 3 625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига жами 24 850 нафар номзодлар, яъни барча сайлов округларида номзодлар тўлиқ кўрсатилиши имконига эга бўлди.

 

Бунда, “E-saylov” интерактив порталининг ишга тушгани ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу тизим орқали сиёсий партиялар номзодларнинг қонунчилик талабларига мослиги ҳолати бўйича сайлов комиссиялари билан тезкор ишлаш имкониятига эга бўлди.

 

Мамлакатимиз миллий сайлов тизимида илк бор жорий этилган “Е-saylov” тизими сайловга тайёргарлик кўриш жараёнида ўзининг қулайлигини тўла намоён этмоқда. Мазкур интерактив порталнинг қулайлиги шундаки, сайлов комиссиялари томонидан рўйхатга олинган жами 29 350 нафар депутатликка номзодларнинг мобиль телефонларига улар тегишли вакиллик органи сайлови бўйича депутатликка номзод этиб рўйхатга олинганликлари, “Е-saylov” тизими ёрдамида ишончли вакилларини рўйхатдан ўтказиши мумкинлиги ва сайловолди ташвиқоти бошланиши ва муддатлари тўғрисида хабарномалар юборилади.

 

Бундан ташқари, сайловолди ташвиқоти даврида депутатликка номзодларга 10 га яқин сайлов жараёни билан боғлиқ бўлган бошқа СМС хабарномалари ҳам юборилади. Шунингдек, сиёсий партиялардан кузатувчилар, номзодларнинг ишончли вакиллари “Е-saylov” тизими орқали рўйхатдан ўтказилади ҳамда уларнинг гувоҳномалари тизимда автоматик тарзда шаклланиб, уларга юборилади. Аввалгидек сайлов комиссияларига боришлари шарт эмас.

 

Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар орасида аёллар сони 391 нафарни ёки 44,7 фоизни ташкил этди. Бу сайлов тарихимиздаги энг юқори кўрсаткичдир.

 

Аввалги сайловларга қараганда номзодлар ҳам анча ёшарган. Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг ўртача ёши 47,2 ёш. Улардан 44,2 фоизи
45 ёшгача бўлганлар, 44,3 фоизи – 45-60 ёшдагилардир. Номзодлар орасида энг ёши 25 ёш.

 

Номзодларнинг 99,3 фоизи олий маълумотли.

 

Номзодлар орасида иқтисодчилар – 20,2 фоиз, педагоглар – 27,9 фоиз, муҳандислар – 7,9 фоиз, шифокорлар – 9,1 фоиз, ҳуқуқшунослар – 16,5 фоиз, тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакиллари 18,4 фоизни ташкил этади. 

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига ҳар бир партиядан номзодлар рўйхатга олинган бўлиб, депутатлик мандати учун 28 475 нафар номзодлар кураш олиб боради.

 

Номзодларнинг 42,5 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

 

Номзодларнинг ўртача ёши 44,4 ёшни ташкил этиб, улардан 54,9 фоизи 45 ёшгача бўлганлар, 36,4 фоизи – 45-60 ёшдагилардир.

 

Вилоят Кенгашига номзодлар орасида энг ёши 24 ёш, туман Кенгашига номзодлар орасида энг ёши 21 ёш.

 

Номзодларнинг 90,3 фоизи олий маълумотли.

 

Номзодлар орасида педагоглар – 36 фоиз, иқтисодчилар – 15,8 фоиз, муҳандислар – 9,6 фоиз, шифокорлар – 9,4 фоиз, ҳуқуқшунослар – 3,3 фоиз, тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакиллари 25,9 фоизни ташкил этади.

 

Парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар орасида мамлакатимизда яшаётган аксарият миллат ва элатларнинг вакиллари ҳам бор. Жумладан, номзодларнинг 973 нафари тожик, 588 нафари қозоқ, 146 нафари туркман, 141 нафари қирғиз, 67 нафар рус ва бошқа миллатларни ташкил этади.

 

Номзодларни кўрсатишда сиёсий партиялар инклюзивликка ҳам алоҳида эътибор қаратганини кузатиш мумкин. Жумладан, Қонунчилик палатаси сайлови бўйича депутатликка номзодлар орасида жами 11 нафар ва маҳаллий Кенгашлар сайлови бўйича депутатликка номзодлар орасида жами 605 нафар ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд. Бундай юқори даражадаги инклюзивлик биринчи маротаба кузатилмоқда.

 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

 

Марказий сайлов комиссиясининг бугунги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайлов кампанияси давридаги сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

 

Қарор билан Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти 2024 йил 22 сентябрдан бошланиши белгиланди.

 

Сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари сиёсий партияларга сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатини инобатга олиб, қуйидаги тартибда амалга оширилади:

 

биринчи – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси;

 

иккинчи – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси;

 

учинчи – Ўзбекистон Экологик партияси;

 

тўртинчи – Ўзбекистон Халқ демократик партияси;

 

бешинчи – Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси.

 

Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан давлат марказий ва ҳудудий телерадиоканаллари ҳамда газеталарида депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун сайловолди ташвиқоти даврида бепул эфир вақти ҳажми ҳамда нашр майдони ҳажми ажратилди. Унга кўра:

 

– МТРКнинг “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Маҳалла”, “Маданият ва маърифат” телеканалларида ва “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Маҳалла” радиоканалларида сиёсий партияларга ташвиқот ишларини олиб бориш, уларнинг олий органлари йиғилишлари, мақсад ва вазифалари билан сайловчиларни кенг таништириш мақсадида ҳар бир партияга 1-ҳафтада 60 дақиқа, 2-ҳафтада 45 дақиқа, 3-5-ҳафталарда 30 дақиқадан эфир вақти ажратиш;

 

– сиёсий партияларнинг роликлари эфирга ягона 150 сониялик блокда (ҳар бир партия учун 30 сониядан) ҳар бир каналда бир кунда 4 мартадан узатиш;

 

– МТРКнинг 14 та ҳудудий телерадиоканаллари сиёсий партиялар билан келишган ҳолда, “прайм-тайм” вақтларда, кетма-кетлик ва вақт тенглигини таъминлаган 150 дақиқадан, жами 2 100 дақиқа эфир вақти, шунингдек роликлар учун ҳар бир партияга кунига 2 дақиқадан жами 66 дақиқа эфир вақти ажратиш;

 

– “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталарида ташвиқот даврига ҳар бир партия 4,5 саҳифадан, “Овози тожик”, “Нурлы жол” газеталарида 2 саҳифадан бепул нашр майдони ажратиш;

 

– Республикаси бўйича 25 та маҳаллий газеталарда ҳажми ва даврийлигидан келиб чиқиб, бепул нашр майдони ажратиш белгиланди.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги қарори билан сайловолди ташвиқотини олиб бориш бўйича низом тасдиқланган бўлиб, мазкур низомда илк маротаба сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаш ва тарқатиш масалалари тартибга солинган.

 

Хусусан, сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган ташвиқот материлларида ушбу материалларда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб тайёрланганлиги ҳақида маълумотлар кўрсатиш;

 

ҳар қандай шахснинг тасвирга ва унинг овозига бўлган ҳуқуқларини, шунингдек, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқларини бузмаслик;

 

бирор-бир шахснинг тасвири ва овози, шунингдек бошқа шахсга доир маълумотларидан фойдаланилганда ушбу шахснинг олдиндан розилигини олиш каби қоидаларга амал қилиш керак.

 

Оммавий ахборот воситалари сайловолди ташвиқоти даврида бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдони доирасида депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти даврида чиқишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиши белгиланди.

 

Янгиликлар дастурларида ва бошқа ахборот материалларида Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайлов кампанияси даврида сайловолди тадбирларини ёритишда тенглик принципига риоя этилади.

 

Сайлов қонунчилигига мувофиқ сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида, шунингдек интернет нашрларда эфир вақти ёки чоп этиш майдони пулли асосда ҳам ажратилиши мумкин.

 

Эфир вақти, чоп этиш майдони учун оммавий ахборот воситалари томонидан белгиланадиган тўлов шартлари ва бошқа талаблар барча сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

 

Шу билан бирга, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг турлари, шакллари ва усулларини ҳамда давлат бюджетидан шу мақсадлар учун ажратилган маблағлардан фойдаланишни мустақил белгилайдилар.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур