06.01.2023

4669

Президент ва/ёки парламент сайловлари, шунингдек референдумлардаги шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчиларининг миссияси тўғрисидаги Низом

(Шанхай ҳамкорлик ташкилоти иштирокчи давлатлари ташқи ишлар вазир­лари Кенгашининг 2006 йил 15 майда қабул қилинган 8-сонли қарори билан тасдиқланган)

 

Ушбу Низом Шанхай ҳамкорлик ташкилоти томонидан президент ва/ёки парламент сайловларида, шунингдек референдумларда халқаро кузатувчи вази­фаларини ташкил этиш ва амалга ошириш умумий принциплари, қоидаларини белгилаб беради.

 

ШҲТга аъзо давлатлар халқаро кузатувчиларнинг ҳозир бўлиши президент ва/ёки парламент сайловлари, шунингдек референдумларнинг очиқлиги ва ошко­ралигига кўмаклашади деб ҳисоблайди. ШҲТга аъзо давлатлар халқаро кузатув­чиларнинг сайлов жараёнларида иштирок этишига кўмаклашишга интилади.

 

Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар президент ва/ёки парламент сайловларига, референдумларга Шанхай ҳамкорлик ташкилотидан кузатувчиларни таклиф қилган давлатлар шу зайлда уларнинг тўлиқ фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар билан таъминлашни ўз зиммасига олишидан келиб чиқади.

 

Ушбу Низомдаги атамалар қуйидагиларни билдиради:

 

- «ШҲТ» — Шанхай ҳамкорлик ташкилоти;

 

- «Аъзо давлат» — ШҲТга аъзо давлат;

 

- «Котибият» — Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2002 йил 7 июнда қабул қилинган Хартиясида белгиланганидек ШҲТ Котибияти;

 

- «ММК» — Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2002 йил 7 июнда қабул қилинган Хартиясида белгиланганидек Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши;

 

- «Сайлов» — давлат раҳбарлари сайлови ва/ёки парламент сайлови, шунингдек референдумлар;

 

- «Қабул қилувчи давлат» — сайловни ўтказаётган ва ШҲТдан кузатувчи­ларни таклиф қилган давлат;

 

- «МСК» — Марказий сайлов комиссияси — қабул қилувчи давлатнинг сайлов ўтказилиши учун амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берувчи марказий органи;

 

- «Кузатувчилар миссияси» — ШҲТнинг сайловдаги кузатувчилари мис­сияси;

 

«Кузатувчилар миссиясининг аъзолари» — ушбу Низомга мувофиқ унинг таркибига киритилган ва қабул қилувчи давлат томонидан аккредитациядан ўтка­зилган (рўйхатга олинган) Котибият мансабдор шахслари ва аъзо давлатларнинг қонунчилик, ижро этувчи ва сайлов органлари вакиллари.

 

1) Котибият сайловлардаги кузатувчилар миссиясини сайлов ўтказаётган давлатнинг таклифи асосида ММК билан келишган ҳолда ташкил этади ва мувофиқлаштиради.

 

Сайлов ўтказаётган давлатнинг таклифи олингандан кейин Котибият Кузатув­чилар миссияси таркибига киритилиши мумкин бўлган шахслар рўйхатларини тақдим этиш илтимоси билан аъзо давлатларга мурожаат қилади.

 

Котибият қабул қилувчи давлатнинг миллий қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда МСКга Кузатувчилар миссиясининг аъзоларини аккредитациясидан ўтказиш (рўйхатга олиш) илтимоси билан мактуб юборади. Котибият Кузатувчи­лар миссиясини у ёки бу давлатдаги сайловларга юбориш тўғрисидаги масалани ташаббускорлик тартибида қўйишга ва аъзо давлатлар рози бўлса, тегишли сўров билан ушбу давлатга мурожаат қилишга ҳақли.

 

Кузатувчилар миссиясини юбориш тўғрисидаги масалани келишиб олиш ШҲТ Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши орқали амалга оширилади.

 

2) Кузатувчилар миссиясининг фаолияти қабул қилувчи давлатнинг сайлов ҳуқуқи соҳасидаги миллий қонун ҳужжатлари ва халқаро мажбуриятлари, шунингдек ушбу Низом билан тартибга солинади.

 

3) Кузатувчилар миссиясининг асосий мақсади сайлов жараёнининг қабул қилувчи давлат миллий қонун ҳужжатлари, халқаро шартномалари ва мажбуриятларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан унинг бориши ва якунларини баҳолашдин иборат.

 

4) ШҲТ Ижро этувчи котиби ёки унинг топшириғига биноан унинг ўринбо­сарларидан бири Кузатувчилар миссиясига раҳбарлик қилади.

 

5) Кузатувчилар миссиясининг раҳбари:

 

а) унинг кундалик фаолияти учун жавоб беради;

 

б) ШҲТ Кузатувчилар миссиясининг фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

 

в) қабул қилувчи давлатнинг маъмурий ва сайлов органлари, сиёсий партиялар, номзодлар, фуқаролик жамияти вакиллари, ШҲТга аъзо давлатлар миллий миссияларининг раҳбарлари, шунингдек сайловда иштирок этаётган дипломатик ҳамжамият ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда уларнинг миссиялари билан алоқалар ўрнатиш ва алоқа боғлаб турилиши учун жавоб беради;

 

г) сайловнинг ташкил этилиши ва ўтказилиши устидан кузатувни холис ёритиб бериш манфаатларини кўзлаб оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни ташкил этади;

 

д) Кузатувчилар миссияси аъзоларининг ушбу Низомнинг 9 д-бандида назарда тутилган сўровномаларида қайд этилган кузатувлари асосида Кузатувчилар миссияси­нинг баёнотини ва улар фаолиятининг якунлари тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлайди.

 

6) Кузатувчилар миссиясининг аъзолари сиёсий холислик, бетарафлик, ҳаққо­нийлик, сайлов органлари, давлат органлари ва бошқа органлар, мансабдор шахслар, сайлов жараёнининг иштирокчилари борасида ҳеч бир ижобий ёки салбий фикрларни билдиришдан воз кечиш принципларига амал қилган ҳолда мустақил равишда ўз фаолиятини олиб боради.

 

Кузатувчилар миссиясининг аъзолари барча ўз хулосаларини шахсий кузатув ва амалдаги материал билан асослайди. Ўз хулосалари ва баҳоларини шакл­лантираётиб, улар аъзо давлатлар давлат ҳокимиятининг бирор-бир органи ёки Кузатувчилар миссияси раҳбарининг кўрсатмаларини сўраб олмасликлари лозим.

 

Кузатувчилар миссиясининг аъзолари сайлов кампаниясининг боришини кузатиш билан боғлиқ бўлмаган фаолиятни амалга ошириш ёки сайлов жара­ёнига аралашиш учун ўз мақомидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Қабул қилувчи давлатнинг Кузатувчилар миссиясининг қабул қилувчи давлат қонун ҳужжатларини бузадиган аъзоларини аккредитациядан ўтказишдан (рўйхатга олишдан) маҳрум қилиш ҳуқуқи эътироф этилади.

 

7) Кузатувчилар миссиясининг аъзолари қабул қилувчи давлатдан қуйидаги­ларни кутиш ҳуқуқига эга:

 

а) қабул қилувчи давлатнинг сайлов органларидан зарур ахборот ва қабул қилувчи давлатнинг миллий қонун ҳужжатларида кўрсатилган сайловга доир ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини монеликсиз олиш;

 

б) қабул қилувчи давлатнинг сайловга доир қонун ҳужжатларида белгиланган доираларда сиёсий партиялар, коалициялар, номзодлар, хусусий шахслар, сайлов органларининг ходимлари билан эркин алоқада бўлиш;

 

в) қабул қилувчи давлатнинг ҳудудида барча сайлов участкалари ва овоз бериш биноларига бемалол ташриф буюриш, шу жумладан овоз бериш куни ташриф буюриш;

 

г) овоз бериш ва унинг натижаларини аниқлаш чоғида бюллетенларни санаш тартиб-таомилининг очиқлигини таъминлаш;

 

д) қабул қилувчи давлатнинг сайловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши билан боғлиқ шикоятлар (аризалар) ва эътирозларни кўриб чиқиш амалиёти билан танишиш;

 

е) қабул қилувчи давлат сайлов органлари вакилларининг эътиборига ўз кузатувларини етказиш имкониятлари.

 

8) Кузатувчилар миссиясининг аъзолари қуйидагиларга амал қилиши шарт:

 

а) қабул қилувчи давлатнинг Конституцияси ва қонунларга, ушбу Низомнинг талабларига риоя қилиши;

 

б) халқаро кузатувчи сифатида аккредитациядан ўтказилганлиги (рўйхатга олинганлиги) тўғрисида белгиланган намунадаги ҳужжатни ёнида олиб юриши ва қабул қилувчи давлат ҳокимияти вакилларининг талаби бўйича уни кўрсатиши;

 

в) оммавий ахборот воситаларига сайлов жараёни тўғрисида изоҳлар беришдан тийилиши, бундан Кузатувчилар миссиясининг фаолияти ва роли тўғрисидаги умумий ахборот мустасно;

 

г) сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмаларига тааллуқли рамзий белгилар, ёрлиқлар ва нишонлар тақиб юрмаслиги шарт.

 

9) Кузатувчилар миссиясини ташкилий-техник таъминлаш Котибият томо­нидан амалга оширилади. У:

 

а) аъзо давлатлардан Кузатувчилар миссияси таркибига киритиш учун ном­зодлар тўғрисида сўрайди ва уларнинг таклифлари асосида Кузатувчилар мис­сиясининг таркибини шакллантиради;

 

б) қабул қилувчи давлатнинг Марказий сайлов комиссиясида Кузатувчилар миссия­сининг аъзолари аккредитациядан ўтказилишини (рўйхатга олинишини) ташкил этади;

 

в) қабул қилувчи давлатнинг оммавий ахборот воситаларида сайловолди ташвиқот фаолиятининг мониторингини ва таҳлилини амалга оширади ҳамда бу ҳақда Кузатувчилар миссиясининг аъзолари учун маъруза тайёрлайди;

 

г) Кузатувчилар миссиясининг аъзолари учун қабул қилувчи давлатда сайлов жара­ёнини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламини тузади ва тарқатади;

 

д) Кузатувчилар миссиясининг аъзоларига кузатувларини қайд этиш учун махсус сўровномалар тайёрлайди;

 

е) қабул қилувчи давлат ҳудудида Кузатувчилар миссияси аъзоларини кутиб олиш, кузатиш, жойлаштириш, уларнинг фаолиятига доир масалаларнинг, шунингдек ташки­лий-техник хусусиятга эга бўлган бошқа масалаларнинг ҳал этилишини таъминлайди;

 

ж) Кузатувчитлар миссиясининг аъзолари учун кузатув амалга оширилиши назарда тутилаётган сайлов округлари ва учаскаларининг манзиллари ҳамда қабул қилувчи давлат МСК телефон рақамлари келтирилган ахборотни тайёрлайди;

 

з) зарур бўлган тақдирда, сайловни кузатиш мавзуи бўлган масалалар бўйича ахборот ёки маслаҳат бериш хизматлари учун экспертларни ёллайди.

 

10) Баёнот, одатда, сайлов ўтказилган куннинг эртаси куни Кузатувчилар мисси­ясининг раҳбари томонидан кузатувчиларнинг бутун миссияси номидан берилади.

 

Баёнот матни Кузатувчилар миссиясининг раҳбари томонидан имзоланади ва қабул қилувчи давлатнинг Марказий сайлов коммиссиясига топширилади, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари эътиборига етказилади.

 

Котибият Кузатувчилар миссиясининг фаолияти якунлари тўғрисидаги маъ­рузани ММК орқали аъзо давлатлар эътиборига етказиш учун юборади.

 

Кузатувчилар миссияси фаолиятининг якунларига доир ҳужжатлар ва мате­риаллар Котибиятга сақлаш учун топширилади.

 

11) Кузатувчилар миссияси аъзолари фаолиятининг моддий-молиявий жиҳатдан таъминланаши юборувчи томоннинг маблағлари ёки ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

 

Котибиятнинг Кузатувчилар миссиясидаги мансабдор шахслари сони ушбу мақсадларга ажратилган маблағлар доирасида ва ШҲТ Молиявий қоидаларига мувофиқ ШҲТ Ижроия котибияти томонидан белгиланади.

 

Котибият мансабдор шахсларининг Кузатувчилар миссияси ишида ишти­рок этиши билан боғлиқ харажатлар ШҲТнинг доимий фаолият олиб борувчи органлари штат ходимларининг пул таъминоти, кафолатлари ва компенсациялари тўғрисидаги Низомга ва ШҲТ молиявий қоидаларига мувофиқ «Сафар харажат­лари» моддаси бўйича ШҲТ бюджетидан тўланади.

 

Кузатувчилар миссияси фаолиятининг ушбу Низомда назарда тутилган таш­килий-техник, ҳуқуқий ва ахборот жиҳатидан таъминланишини молиялаштириш Котибият томонидан ШҲТ бюджетининг маблағлари ҳисобига ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида ва ШҲТнинг молиявий қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

 

12) Кузатувчилар миссиясининг иш тиллари рус ва хитой тилларидир.

 

13) Ушбу Низом ШҲТга аъзо давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши томонидан тасдиқланган санадан эътиборан кучга киради.

 

14) ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг қарорига биноан ушбу Низомга ўзгартиш ва/ёки қўшимчалар киритилиши мумкин. Тегишли қарор имзоланган санадан эътиборан кучга киради.