Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

ФУҚАРОЛИК ВА СИЁСИЙ ҲУҚУҚЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ХАЛҚАРО ПАКТ

 

(БМТ Бош Ассамблеясининг 1966 йил 16 декабрдаги 2200 А (XXI) резолюцияси билан қабул қилинган)

 

2-модда

 

1. Ушбу Пактда иштирок этувчи ҳар бир давлат ўз ҳудудида турган ва ўз юрисдикцияси остида бўлган барча шахсларнинг ушбу Пактда эътироф этилган ҳуқуқларини ҳеч бир айирмачиликсиз, жумладан, ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, туғилиши ёки ўзга ҳолатидан қатъи назар ҳурмат қилиш ва таъминлаш мажбуриятини олади.

 

2. Агар бу нарса ҳали мавжуд қонун ҳужжатларида ёки бошқа чоралар орқали назарда тутилмаган бўлса, ушбу Пактда иштирок этувчи ҳар бир давлат ўзининг конституциявий тартиб-таомилларига ва ушбу Пакт қоидаларига мувофиқ ушбу Пактда эътироф этилган ҳуқуқларни амалга ошириш учун зарур бўлиши мумкин бўлган шундай қонун ҳужжатларини ёки бошқа тадбирларни қабул қилиш учун зарур чораларни кўриш мажбуриятини олади.

 

3. Ушбу Пактда иштирок этувчи ҳар бир давлат ўз зиммасига қуйидаги мажбуриятларни олади:

 

а) ушбу Пактда тан олинган ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган ҳар қандай шахсни, агар бу бузилиш расмий сифатда ҳаракат қилган шахслар томонидан содир этилган бўлса ҳам, ҳуқуқий ҳимоянинг самарали воситаси билан таъминлаш;

 

b) ана шундай ҳимоя талаб қилувчи ҳар қандай шахс учун юридик ҳимоя ваколатли суд, маъмурий ёки қонун чиқарувчи ҳокимиятлар томонидан ёки давлатнинг ҳуқуқий тизимида назарда тутилган бошқа ваколатли органлар томонидан таъминлаши ва суд орқали ҳимояланиши имкониятини ривожлантириш;

 

c) ҳуқуқий ҳимоя воситалари берилганда, ваколатли ҳокимиятлар томонидан бунинг қўлланилишини таъминлаш.

 

3-модда

 

Мазкур Пактда иштирок этувчи давлатлар эркаклар ва аёллар учун ушбу Пактда кўриб чиқилган барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан бир хилда фойдаланишини таъминлаш мажбуриятини олади.

 

21-модда

 

Тинч йиғинларга бўлган ҳуқуқлар тан олинади. Бу ҳуқуқдан фойдаланишда ҳеч бир чеклашга йўл қўйилмайди. Қонунга мувофиқ қўйилган ва демократик жамиятда давлат ёки жамият хавфсизлиги, жамоат тартиби, аҳоли саломатлиги ва маънавиятини муҳофаза этиш ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган чеклашлар бундан мустасно.

 

22-модда

 

1. Ҳар бир инсон бошқалар билан уюшиш эркинлиги ҳуқуқига, шу жумладан касаба уюшмалар ташкил этиш эркинлиги ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун шундай уюшмаларга кириш ҳуқуқига эга.

 

2. Бундай ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳеч қандай чекланмайди, қонун билан назарда тутилганлари ва демократик жамиятда давлат ёки жамият хавфсизлиги, жамоат тартиби манфаатлари учун, аҳоли саломатлиги ва ахлоқини муҳофаза этиш ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимояси учун зарур бўлганлари бундан мустасно. Ушбу модда қуролли кучлар ва полиция таркибига кирувчи шахслар учун шу ҳуқуқдан фойдаланишда қонуний чеклашлар жорий этилишига тўсқинлик қилмайди.

 

3. Ушбу моддадаги ҳеч нарса Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 1948 йилги Конвенциясида иштирок этувчи давлатларга уюшмалар эркинлиги ва ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида, мазкур конвенцияда назарда тутилган кафолатларга зарар етказиб қонун ҳужжатлари қабул қилиш ёки ушбу кафолатларга зиён етказилган ҳолда қонун қабул қилиш ҳуқуқини бермайди.

 

25-модда

 

Ҳар бир фуқаро 2-моддада эслатиб ўтилган ҳеч бир камситишларсиз ва асосланмаган чеклашларсиз қуйидаги ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлиши керак:

 

a) ҳам бевосита, ҳам эркин сайланган вакиллар орқали давлат ишларини бошқаришда қатнашиш;

 

b) ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш орқали ўтказиладиган ва сайловларнинг эркин ҳолдаги хоҳиш-иродасини таъминловчи чинакам даврий сайловда овоз бериш ва сайланиш;

 

c) ўз мамлакатида умумий шартларда давлат хизматига киришда тенгликка йўл қўйиш.

 

26-модда

 

Барча кишилар қонун олдида тенгдирлар ва ҳеч бир камситишсиз қонун орқали тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадирлар. Бу борада ҳар қандай турдаги камситиш қонун билан тақиқлаб қўйилиши ва қонун барча шахсларга ҳеч бир камситишсиз, жумладан ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ва бошқа эътиқоди, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, туғилиши (насли-насаби)дан ва бошқа ҳолатидан қатъи назар камситишга қарши тенг ва самарали муҳофазани кафолатлаши керак.