САЙЛОВ ЖАРАЁНИ ИШТИРОКЧИЛАРИНИ ЎҚИТИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ МЕХАНИЗМЛАРИ

19.06.2024

2848

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида “2021 йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида яна бир катта сиёсий воқеа – Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумеътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Биринчи навбатда, сайлов комиссиялари аъзоларини сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича тизимли ўқитиш керак...”, деб қайд этган эди.

 

Ушбу улуғвор вазифанинг ижросини самарали ташкил этиш ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан 2021 йил 14 апрелда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури”га мувофиқ Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 27 апрелдаги йиғилишида “Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепциясини тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилинди.

 

Ушбу Концепцияда белгиланган вазифалар ижросини белгиланган муддатларда самарали ташкил этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Бош прокуратура Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Тошкент давлат юридик университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 

Меморандум доирасида, Марказий сайлов комиссияси томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва сайловда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билимлари ҳамда амалий кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув-амалиёт машғулотларини ташкил этиш ва ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича республика штаби тузилди.

 

Семинар тренингларга методик ва услубий материалларни, шунингдек республика тренерларини тайёрлашда қатнашадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассислари орасидан 12 нафар юқори малакали экспертлар таркиби шакллантирилди.

 

Юқори малакали экспертлар томонидан Марказий сайлов комиссияси билан келишилган ҳолда 12 та мавзуни ўз ичига олган ўқув дастури ва ўқув-услубий материаллар (ўқув-методик материаллар, хусусан, маъруза, тақдимот, инфографика, слайд, тест ва кейслар матнлари, видеоролик, аудироликлар) тайёрланди. Ўқув-методик материалларни ишлаб чиқишда миллий сайлов қонунчилигининг энг муҳим жиҳатларига, шунингдек, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистонда сайловларни кузатиш бўйича миссияси якуний ҳисоботида ўз ифодасини топган мақбул тавсияларга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Тошкент шаҳридаги Олий таълим ташкилотлари (ОТТ) профессор ўқитувчилари таркибидан 56 нафар республика тренерлари ва 105 нафар аъзодан иборат мониторинг гуруҳи тузилди улар учун Давлат бошқарув академиясида Юқори малакали экспертлар томонидан икки кунлик семинар-тренинглар ўтказилди.

 

Адлия, прокуратура, ички ишлар органларининг касбий тайёргарлик ва малака ошириш муассасалари ҳамда ҳудудий ОТТлар олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчиларидан иборат тажрибали педагог ходимларидан иборат 936 нафар ҳудудий тренерлар таркиби шакллантирилди. Уларнинг сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича билим ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган семинар-тренинглар учун 2 кунлик, 18 соатлик ўқув дастури ва дарс жадвали ишлаб чиқилди, тақдимотлар, инфографика, маъруза матни, 700 та тест ва 210 та кейслар яратилди, 12 та мавзу бўйича 15-20 дақиқалик видеодарслар тайёрланди, Сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича ўқув-амалий қўлланма тайёрланиб, чоп этилди (36 850 дона) ва ҳудудларга етказиб берилди.

 

Ҳудудий семинар-тренинглар 15-21 кишилик кичик гуруҳларда интерфаол усулларда (симуляция, сайлов жараёнларини моделлаштириш, экспресс савол жавоблар ва бошқалар) ташкил қилинди. Ўқув дастурининг ҳар бир мавзуси бўйича видеодарслар ва видеороликлар тайёрланади ҳамда семинар-тренингларда, амалий машғулотларда фойдаланилди.

 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Бош илмий методик маркази (БИММ) негизида масофавий таълим олиш ва тест синовларини ўтказиш имконини берувчи электрон платформа (spv.bimm.uz) яратилди.

 

Шунингдек, сайлов қонунчилиги бўйича контентлар ва ўқув методик-материаллардан кенг фойдаланиш мақсадида Saylov–2021 мобил иловаси яратилди.

 

1-босқич семинар-тренинглар 7-23 июнь кунлари туман (шаҳар)лар даражасида ташкил этилди. Семинар-тренингларда жами 33 257 нафар участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар ва бошқа масъуллар ўқитилди. Семинар-тренинглар якунида тингловчилар spv.bimm.uz порталида тест топширди, тест натижалари ўртача 75% ни ташкил этди.

 

2-босқич семинар-тренинглар 12 июль-8 август кунлари ўтказилди. Унда 33 044 нафар УСК раислари, раис ўринбосарлари ва котиблари иштирок этди. Семинар-тренинглар якунида тингловчилар spv.bimm.uz порталида тест топширди, тест натижалари ўртача 84% ни ташкил этди.

 

Семинар-тренингларнинг навбатдаги босқичида 936 нафар ҳудудий тренерларга 824 нафар волонтёр-тренерлар бириктирилди. Тренерлар рўйхати секторлар кесимида тасдиқланди. Улар томонидан 4-14 август кунлари туман (шаҳар)лардаги секторлар кесимида ўқувлар савол-жавоб ва суҳбат шаклида, 6-7 кишилик кичик гуруҳларда, ҳудудий штаблар томонидан тасдиқланган ўқув дастури ва графиклари асосида ташкил этилди.

 

4-босқич семинар-тренинглар, 16 августдан - 12 сентябрга қадар ўқув-амалий машғулотлар шаклида ташкил этилди. Семинар-тренинглар 18-24 кишилик кичик гуруҳларда Ҳудудий штаблар томонидан ҳар бир туман (шаҳар) кесимида ишлаб чиқилган ўқув машғулотлари графиги ва дарс жадвалларига мувофиқ “ролли ўйин”, мунозара, тақдимот, савол-жавоб, “ақлий ҳужум” методларидан фойдаланган ҳолда ўтказилди. 4-босқич семинар-тренинглар бошланишидан олдин тингловчиларга Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов жараёни босқичларига оид тайёрланган видеороликлар етказиб берилди.Семинар-тренинглар якунида тингловчилар spv.bimm.uz порталида тест топширди, тест натижалари кўрсатгичлари ўртача 93% ни ташкил этди.

 

5-босқич семинар-тренинглар, 2021 йилнинг 15-18 сентябрь кунлари бевосита республика бўйича ташкил этилган сайлов участкаларида сайлов комиссиялари аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар тўғрисидаги билимларини ва амалий кўникмаларини шакллантириш ва янада ривожлантириш бўйича ўтказилди. Уларда 142 044 нафар УСК аъзолари иштирок этди.

 

Ушбу семинар-тренинглар, Республика ва ҳудудий тренерлар назоратида ҳар бир сайлов участкасининг ўзида раис, раис ўринбосари ва котиблар томонидан УСКнинг қолган барча аъзолари учун ўқув-амалий машғулот сифатида ўтказилди.

 

Юқоридагилардан ташқари, Сайлов комиссиялари аъзоларининг Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида (СЖБАТда) ишлаши бўйича амалий кўникмаларини ошириш мақсадида 3-босқичда ўқув машғулотлари ўтказилди ва уларда 32280 нафар участка сайлов комиссияси аъзолари (операторлар) босқичма-босқич ўқитилди.

 

Тренингларда интерфаол воситалар ва замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланилганлиги машғулотларнинг сифат ва самарадорлигини оширди, иштирокчилардан округ ва участка сайлов комиссиялари бинолари ҳамда овоз бериш хоналарини жиҳозлаш, сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида жамоат тартибини таъминлаш, сайлов натижаларини аниқлаш жараёнини пухта ўзлаштириш талаб этилди. Шу боис, уларнинг семинарда олган назарий билимлари амалий машғулотларда янада мустаҳкамланди.

 

Бундай изчил тадбирларнинг барчаси пировард натижада сайлов комиссияларининг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартлари бўйича билим ва кўникмаларининг ошишига (дастлабки тест натижалари 75% – якуний тест натижалари 93%) ҳамда бўлиб ўтган Президент сайловлари миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар асосида, юқори даражада ташкил этилиши ва ўтишига замин яратди.

 

Х.Палуаниязов

Марказий сайлов комиссиясининг

Сайлов қонунчилиги ва замонавий

технологиялар бўйича ўқув маркази директори

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур