Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

МАҲАЛЛИЙ ВАКИЛЛИК КЕНГАШЛАРИГА САЙЛОВ ҚАЙ ТАРТИБДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

19.06.2024

906

msk_yangiliklari_in

Хабарингиз бор, 2019 йил декабрь ойида мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга депутатлар сайлови бўлиб ўтган эди. Сайлов илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтказилди.

 

Овоз бериш натижаларига кўра 831 нафар вилоят Кенгаши ҳамда 5739 нафар туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари сайландилар. Хўш, маҳаллий вакиллик Кенгашларига сайлов қай тартибда амалга оширилади?

 

Дарҳақиқат 2019 йил 25 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси 15 - боби “Маҳаллий Кенгашларга сайловнинг ўзига хос хусусиятлари” деб номланади. Мазкур бобда 6 та модда (88-93-моддалар) мавжуд. Демак, миллий сайлов қонунчилигимизга мувофиқ, маҳаллий Кенгашларга сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида беш йил муддатга ўтказилади. Маҳаллий Кенгашларга сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари тузилади.

 

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан сайловга камида саксон кун қолганида 11-21 нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунга қадар амалга оширади.

 

Йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга , қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин. Бошқа сайлов комиссияларининг аъзолари, сиёсий партияларнинг аъзолари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

 

Депутатликка номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни  тақдим этиши керак:

 

- сайловда иштирок этиш тўғрисида сиёсий партиянинг тегишли вилоят, туман, шаҳар органи раҳбари томонидан имзоланган ариза;

- сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлиги ҳақидаги маълумотнома.

Сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддатда партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партиялар рўйхати аризалар келиб тушиш навбати тартибига қараб матбуотда эълон қилинади.

 

Сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайланиш ҳуқуқига эга.

 

Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар, сайлов кунига қадар сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшамаган фуқаролар, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардиясининг, Ички ишлар вазирлигининг, Давлат божхона қўмитасининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари рўйхатга олинмайди.

 

Маҳаллий Кенгашларнинг депутатлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва сайловга қирқ беш кун қолганида тугалланади. Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг тегишли органлари томонидан амалга оширилади. Сиёсий партиялар тегишли ҳудудда жойлашган ҳар бир сайлов округидан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига биттадан номзод кўрсатишга ваколатлидир. Бир шахс тегишли маҳаллий Кенгашга сайлов ўтказиш бўйича фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин. Депутатликка номзодлар танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан белгиланади.

 

Сиёсий партия тегишли органининг раҳбари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни рўйхатга олишни илтимос қилиб, тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

 

- сиёсий партия тегишли органининг депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги қарори;

 

- сиёсий партия тегишли органи мажлисининг маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда депутатликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги, шунингдек сайлов округининг номи ва рақами кўрсатилади;

 

- маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзоднинг ўз номзоди тегишли сайлов округидан овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;

 

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни беш кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг Сайлов кодекси талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради. Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, сайлов участкасида овозларни сақлаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

 

Вилоят Кенгаши депутатлигига номзод беш нафарга қадар, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод уч нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампанияси ўтказишда ёрдам беради, сайланиш учун ташвиқот олиб боради, муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

 

Хотима ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида маҳаллий вакиллик Кенгашларига сайловларнинг очиқ ва шаффоф, тан олинган халқаро стандартларга асосланган ҳолда демократик тамойилларга мувофиқ равишда ўтказилиши учун зарур бўлган барча ҳуқуқий  асослар яратилган.

 

Суяржон Курбанкулов

Марказий сайлов комиссияси аъзоси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур