23.02.2024

569

msk_yangiliklari_in

Беларусь Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси МСК Раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги делегация Беларус Республикасининг ягона овоз бериш кунида депутатларга ўтказиладиган сайлов жараёнлари кузатувида иштирок этмоқда.

 

Шунингдек, МСК вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари халқаро кузатувчи сифатида МДҲ Ижроия Қўмитаси ва Парламентлараро Ассамблеяси ҳамда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг сайловларни кузатиш миссиялари таркибида иштирок этмоқда.

 

Ўзбекистон МСК делегациясининг ташриф дастури доирасида 23 февраль куни МСК Раиси З. Низамходжаевнинг Беларусь МСК Раиси И. Карпенко билан учрашуви бўлиб ўтди.

 

И. Карпенко Ўзбекистон МСК делегацияси аъзоларини 2024 йил 25 февраль куни бўлиб ўтадиган ягона овоз бериш кунидаги сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни билан боғлиқ асосий тадбирлар билан таништириб ўтди.

 

Беларусда ягона овоз бериш кунида 8-чақириқ Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Вакиллар палатасининг 110 нафар депутати ва 12 514 нафар 29-чақириқ маҳаллий Кенгаш депутатлари сайланади. Мамлакатда 5 411 та овоз бериш участкалари шакллантирилган. Депутатларга ўтказиладиган сайловлар тўғридан тўғри бўлиб, депутатлар фуқаролар томонидан бевосита сайланадилар. Вакиллар палатаси депутати ва маҳаллий Кенгаш депутатининг ваколат муддати – 5 йил.

 

Ягона овоз бериш кунида депутатлар сайловини ташкил этиш учун мамлакат бўйлаб жами 9 459 нафар аъзодан иборат 1 394 та ҳудудий ва округ комиссиялари шакллантирилган.

 

МСК томонидан сайлов қонунчилиги нормаларини тушунтиришга, ягона овоз бериш кунини ташкил этиш ва ўтказишга қаратилган қарорлар ҳамда депутатлар ва Республика Кенгаши аъзолари сайловига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар календарь режалари қабул қилинган. Сайлов кампаниясини ташкил этиш ва ўтказиш доирасида барча субъектлар билан бир қатор учрашув ва семинарлар ўтказилди.

 

Учрашув қатнашчиларига сайлов кампаниясининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминлаш бўйича кўрилган чоралар тўғрисида маълумот берилди. Ягона овоз бериш кунида сайлов жараёнларини ёритиш мақсадида 24 февраль куни МСКнинг Ахборот матбуот маркази ишга туширилади.

 

И. Карпенко таъкидлаганидек, сайловлардаги халқаро кузатув Беларусь МСК томонидан сайлов соҳасидаги эксперт ва профессионалларнинг ўзаро мулоқот қилиш шакли деб билади. Ҳудудий ва округ комиссиялари томонидан 45,5 минг нафар миллий кузатувчилар, Беларусь МСК томонидан эса 294 нафар халқаро кузатувчилар аккредитациядан ўтказилган.

 

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тушунтириш ишлари, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўлажак сайловларга тайёргарлик кўришнинг муҳим йўналишлари сифатида алоҳида қайд этилди.

 

Ўзбекистон МСК Раиси З. Низамходжаев Беларус МСК Раиси И. Карпенкога сайловларни мониторинг қилишда иштирок этишга таклиф қилгани учун ўз миннатдорлигини билдирди ва сайловларни муваффақиятли ўтишига ишонч билдирди.

 

З. Низамходжаев сайловга тайёргарлик кўриш жараёнлари юқори даражада бўлганлиги ўз навбатида катта қониқиш уйғотганлигини таъкидлади. У МСК фаолияти очиқлигини ва халқаро кузатувчилар ишида ҳамкорлик кўрсатаётганини ижобий баҳолади.

 

Учрашувда Ўзбекистон МСК аъзоси Г. Рахимова, Комиссия Котибияти Ташкилий назорат бўлими бошлиғи М. Миралимов ва МСК ҳузуридаги Ўқув марказ директори ўринбосари Р. Исамутдиновлар ҳам иштирок этишди.

 

Шунингдек, МСК Раиси З. Низамходжаевнинг Минск шаҳри сайлов комиссияси раиси А. Шчекович билан учрашуви бўлиб ўтди. А. Шчекович ягона овоз бериш кунига тайёргарлик ва муддатидан илгари овоз бериш жараёнлари тўғрисида маълумот берди.

 

Делегация аъзолари пойтахт вилояти Минск туманидаги қатор сайлов участкаларига ташриф буюрди.

 

Марказий сайлов комиссияси