№ 776 САЙЛОВ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ АЙРИМ НОРМАЛАРИНИ БИР ХИЛДА ҚЎЛЛАНИЛИШИГА ДОИР МАСАЛАЛАР ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг
қарори

№ 776 2016 йил 17 ноябрь

САЙЛОВ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ АЙРИМ НОРМАЛАРИНИ БИР ХИЛДА ҚЎЛЛАНИЛИШИГА ДОИР МАСАЛАЛАР ҲАҚИДА

“Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, шунингдек округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг айрим нормаларини бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Участка сайлов комиссиялари “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31 ва 32-моддаларига биноан сайловчиларнинг овоз беришини ташкил этишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратсин:

а) участка сайлов комиссияси сайловчига сайлов варақаси ёки сайлов бюллетенини сайловчиларнинг рўйхати асосида унинг паспорти ёки бошқа гувоҳномаси кўрсатилгач беради. Бунда бошқа гувоҳнома деганда, ҳарбий хизматчининг ҳарбий гувоҳномаси, агар сайловчининг паспорти йўқолган ёхуд алмаштириш учун топширилган бўлса, бу ҳақда ички ишлар органлари томонидан берилган белгиланган шаклдаги маълумотнома тушунилиши лозим;

б) муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов куни бўла олмаслиги сабаби (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳакозо) кўрсатилган аризаси асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади. Бунда участка сайлов комиссияси сайловчидан унинг сайлов куни ўз сайлов участкасида бўла олмаслиги сабабини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб этмаслиги лозим.

в) сайловчиларнинг турган жойида овоз беришини ташкил этишда қуйидагиларга эътибор бериш лозим:

сайловчининг турган жойида овоз беришига фақат сайлов куни имконият яратилади ҳамда бу сайловчининг овоз бериш кунидан олдин ёки овоз бериш куни берган ва сайлов участкасига кела олмаслигининг сабаби кўрсатилган ёзма аризаси ёки оғзаки мурожаати асосида амалга оширилади. Участка сайлов комиссияси аъзоси бу ҳақда сайловчиларнинг мурожаатларини қайд қилиш журналига тегишли ёзув киритади;

сайловчиларнинг мурожаатларини қайд қилиш журналида мурожаатнинг келиб тушган вақти, сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш манзили кўрсатилади ҳамда участка сайлов комиссияси аъзосининг имзоси билан тасдиқланади;

участка сайлов комиссияси томонидан сайловчининг турган жойида овоз беришини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилишда мурожаатнинг келиб тушган вақти, сайловчининг участкага кела олмаслиги сабаби, участка сайлов комиссиясининг жорий иш ҳажми ва мавжуд имкониятларидан келиб чиқилади;

турган жойида овоз берган сайловчилар тўғрисидаги маълумотлар участка сайлов комиссияси аъзоси томонидан мазкур қарорнинг иловасига мувофиқ шаклда тузилган сайловчилар рўйхатидан кўчирмага киритиб борилади. сайловчи сайлов бюллетенини олганлигини тасдиқлаб, сайловчилар рўйхатидан кўчирмада ўз фамилияси рўпарасига имзо қўяди;

сайловчи турган жойида овоз берганидан сўнг, сайловчилар асосий рўйхатининг тегишли жойига (турган жойда овоз берган сайловчининг фамилияси рўпарасига) “Турган жойида овоз берди” деган ёзув киритилиб, комиссия аъзолари томонидан имзоланади;

мазкур нормаларни қўллашда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31 ва 32-моддалари ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2015 йил 3 февралдаги 681-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 10-боби талаблари инобатга олинади.

2. Округ сайлов комиссиялари мазкур қарорнинг уч кун муддат ичида барча участка сайлов комиссияларига етказилишини, шунингдек жойларда участка сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида ўтказилаётган семинар-тренингларда унинг мазмун-моҳияти тушунтирилишини ҳамда сўзсиз ижро этилишини таъминласин.

3. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида, шунингдек бошқа манбаларда эълон қилинсин.

4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари К. Адиловга зиммасига юклансин.

РаисМ. Абдусаломов