Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1396 2024 йил 8 октябрь
Сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 57-моддаларига ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1343-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайлови куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилсин.
2. Белгилансинки:
муддатидан олдин овоз бериш 2024 йил 16 октябрь куни бошланиб, 2024 йил 23 октябрь куни якунланади;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари биноларида муддатидан олдин овоз бериш тегишинча ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар давом этади.
3. Маълумот учун қабул қилинсинки, Сайлов кодексининг 561-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари сайловчиларнинг турган жойида муддатидан олдин овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти (А. Рўзиев) Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссияларига сайлов округи (ҳудуд) бўйича сайловчилар умумий сонининг 10 (ўн) фоизи (хориждаги участка сайлов комиссиялари учун 100,5 фоиз) миқдорида сайлов бюллетенлари ва зарур канцелярия буюмларини 2024 йил 10 октябрга қадар етказиб берилишини таъминласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссиялари туман, шаҳар сайлов комиссияларига сайлов округи (ҳудуд) бўйича сайловчилар умумий сонининг 10 (ўн) фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари ва зарур канцелярия буюмларини 2024 йил 12 октябрга қадар етказиб берсин.
Участка сайлов комиссиялари томонидан сайлов участкаси ҳудудидаги сайловчилар умумий сонининг 10 (ўн) фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари ва зарур канцелярия буюмлари туман, шаҳар сайлов комиссияларидан 2024 йил 13 октябрга қадар олиниши ҳамда белгиланган тартибда сақланиши таъминлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия сайлов бюллетенлари олинган кундан бошлаб сайлов бюллетенлари ҳамда бошқа ҳужжатлар сақланадиган тегишли сайлов комиссияларининг биноларини белгиланган тартибда қўриқланишини таъминлаш чораларини кўрсин.
7. Участка сайлов комиссиялари, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари:
сайлов участкаси ҳудудидаги сайловчиларни муддатидан олдин овоз бериш куни, вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилсин;
сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш бўйича мурожаатларини ўз вақтида қабул қилсин;
муддатидан олдин овоз бериш сайлов қонунчилиги талаблари асосида ўтказилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Миллий телерадиокампаниясига ушбу қарорнинг 2-бандига мувофиқ муддатидан олдин овоз бериш кунлари ва вақти ҳақида сайловчиларга доимий ахборот бериб борилишини ҳамда муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари кенг ёритилишини таъминлаш тавсия этилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мазкур қарорни Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига етказилишини таъминласин.
10. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
11. Ушбу қарор нусхаси Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссияларига ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга юборилсин.
12. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев