Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1395 2024 йил 8 октябрь
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида ногиронлиги бўлган шахсларга ўз сайлов ҳуқуқларидан тўсқинликсиз фойдаланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 49 ва 50-моддаларига ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунининг 10 ва 302-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенларини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар сайлов бюллетенида ўз хоҳиш-иродасини мустақил ифода эта олишлари учун ҳар бир сайлов участкаси сайлов бюллетенини тўлдиришда фойдаланиладиган, Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафаретлар билан таъминланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг Моддий-техника таъминоти бўлими (Ж.Фахрутдинов) ушбу қарорнинг 2-бандидан келиб чиқиб, 2024 йил 13 октябрга қадар тегишли миқдордаги трафаретлар тайёрланиши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссиялари орқали ҳар бир сайлов участкасига етказиб берилишини таъминласин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1343-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган талаблардан келиб чиқиб:
сайлов участкаларида ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари жойлаштирилишини;
сайловчилар рўйхатида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар мавжуд бўлган сайлов участкаларида оптик лупалар (катталаштирувчи ойналар) ҳамда қўшимча ёриткичлар бўлишини;
эҳтиёждан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган сайловчилар гавжум яшайдиган ҳудудларда, уларнинг сайлов участкаларига келиб кетишлари учун бепул транспорт қатнови йўлга қўйилишини;
участка сайлов комиссияси биносига кириш жойида белгиланган талабларга жавоб берадиган ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклари (пандуслар) мавжудлиги, шунингдек нишаб йўлакларини ўрнатиш имкони бўлмаса, бинога кириш жойида “ёрдамга чақириш” тугмаси билан жиҳозланганлиги хатловдан ўтказилишини;
сайлов участкаси жойлашган биноларда аниқланган камчиликларни 2024 йил 15 октябрга қадар бартараф этиш ҳамда ушбу биноларга ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг келиб-кетиши ва бино ичида эркин ҳаракатланиши учун шароитлар яратилишини;
амалга оширилган ишлар ҳақида 2024 йил 17 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига ёзма маълумот берилишини таъминласин.
5. Участка сайлов комиссиялари туман (шаҳар) “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари кўмагида:
сайловчилар рўйхатини аниқлаштириш вақтида ногиронлиги бўлган сайловчилар, шу жумладан сайлов участкасига мустақил равишда бора олмайдиган сайловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида уларнинг рўйхатини тузиш, эҳтиёжга кўра ногиронлиги бўлган сайловчилар турган жойларида овоз беришларини ташкил этиш чораларини кўрсин;
сайлов участкасига бора оладиган эшитиш, кўриш бўйича ногиронлиги бўлган сайловчилар, шунингдек, овоз бериш жараёнида ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлган сайловчилар тўғрисида сайловчиларнинг рўйхатларини шакллантирсин;
сайлов куни овоз бериш жараёнларини бинонинг биринчи қаватида ўтказишга алоҳида эътибор қаратсин;
ногиронлиги бўлган сайловчилар сайлов участкаларида сайловга оид маълумотлар, сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг ахборот материаллари (плакатлари) билан танишиши ҳамда ўзлари муносиб деб топган номзодга, сиёсий партияга эркин, тўсиқларсиз ва яширин овоз бериши учун шароит яратсин.
6. Сиёсий партияларга қуйидагилар тавсия этилсин:
сайловчилар билан учрашувларда ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг иштирокини таъминлаш ва уларнинг биноларга киришлари учун қулай шароитлар яратиш, жумладан учрашувларни ташвиқот олиб бориш учун танланган бинонинг биринчи қаватида ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш;
босма, кўргазмали, аудиовизуал ҳамда бошқа ташвиқот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқотини олиб боришда ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг алоҳида эҳтиёжларини (имо-ишора тили, сурдо таржима, субтитр ёзуви, Брайль алифбоси) инобатга олиш ва бунда оммавий ахборот воситалари, интернет ва мобил алоқа имкониятларидан кенг фойдаланиш.
7. Оммавий ахборот воситаларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритишда уларни ногиронлиги бўлган фуқаролар учун қулай шаклда (имо-ишора тили, сурдо таржима, субтитр ёзуви, Брайль алифбоси ва бошқа шакллар) тайёрлаш чораларини кўриш тавсия этилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда овоз бериш биноларига яқин бўлган автомобиллар тўхтаб туриш жойларида ногиронлиги бўлган сайловчилар автотранспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойларини ташкил этсин.
9. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
10. Ушбу қарор нусхаси манфаатдор вазирлик ва идораларга юборилсин.
11. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев