№1388 Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосарининг сайлов қонунчилиги тарғиботи борасида адлия органлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақидаги ахбороти тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№1388                                                  2024 йил  27 сентябрь

 

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосарининг сайлов қонунчилиги тарғиботи борасида адлия органлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақидаги ахбороти тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари А. Каримовнинг сайлов қонунчилигига оид саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари борасида адлия органлари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотини эшитиб ва муҳокама қилиб, Адлия вазирлиги томонидан бу борада муайян ишлар амалга оширилганини қайд этади.

 

“Менинг танловим-обод ватаним” шиори остида аҳолининг сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида адлия органлари томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган.

 

Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш, сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича тарғибот тадбирлари дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайловини ўтказишда қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини ёритиш бўйича медиа-режа тасдиқланиб ижрога қаратилган.

 

Жойларда ташкил қилинадиган тадбирларда фойдаланиш учун ҳуқуқий тарғибот материаллари тўпламлари (тақдимот, инфографика, видеоролик, буклет) тайёрланиб манзилли етказилган.

 

Ҳудудий адлия органлари ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда тарғибот гуруҳлари ташкил қилиниб, ҳар бир туман (шаҳар) кесимида режа-график ишлаб чиқилган.

 

Юқорида баён этилганларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари А. Каримовнинг сайлов қонунчилигига оид саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари борасида адлия органлари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

 

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда сайлов кампанияси даврида “Менинг танловим-обод ватаним” шиори остида маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини;

 

Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари билан сайлов жараёнларига оид фикр-мулоҳазалар акс этган интервью-суҳбатларни;

 

жойларда сайлов жараёни иштирокчиларига сайлов институтининг моҳияти, сайловга доир қонунчилик ҳужжатларининг мазмунини тушунтиришга қаратилган семинар ва давра суҳбатлари ўтказилишини сайлов якунига қадар давом эттирсин.

 

3. Вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликлар ўзининг тизимидаги барча идораларда ходимларнинг сайловга доир ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил қилсин.

 

4. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар олий таълим муассасаларидаги талабалар учун сайлов қонунчилигининг мазмуни, айниқса аралаш сайлов тизимининг ўзига хос жиҳатларини тушунтиришга доир семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилишини таъминласин.

 

5. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига жамоатчиликни сайлов қонунчилиги янгиликлари билан кенг таништириб бориш, сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, шу жумладан сайловчиларнинг сайловга оид ҳуқуқларини телевидение ва радио орқали кенг ёритиш, шунингдек марказий ва ҳудудий телерадиоканалларда сайлов жараёнларига бағишланган махсус дастурларни ташкил этиш тавсия этилсин.

 

6. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

7. Ушбу қарор нусхаси манфаатдор вазирлик ва идораларга юборилсин.

 

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                            З. Низамходжаев