Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1386 2024 йил 23 сентябрь
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига (кейинги ўринларда – сайлов) тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари самарали кўриб чиқилишини, шунингдек фуқароларга сайловга оид масалалар юзасидан тезкор ва қулай тарзда ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилишини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8, 14 ва 101-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази (кейинги ўринларда – “Cаll-center”) ташкил этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги тезкор ахборот бериш маркази тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, “Cаll-center” Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 1-уйда (Маърифат маркази, Симпозиумлар саройи биноси) жойлаштирилади ҳамда 2024 йил 1 октябрдан бошлаб сайлов натижалари эълон қилинадиган кунга қадар фаолият олиб боради.
4. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги икки кун муддатда:
республика ҳудуди бўйлаб фуқаролар томонидан “Cаll-center”га чиқувчи қўнғироқларни амалга ошириш учун узлуксиз ишлайдиган кўп тармоқли ва қисқа рақамли алоҳида алоқа линияси ажратилишини;
“Cаll-center” фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур техника воситалари (компьютер, принтер, сканер, телефон аппарати, қулоқчин, микрофон, LED-монитор ва бошқа зарур воситалар) билан жиҳозланишини, шунингдек уларни телекоммуникация тармоқларига (телефон алоқаси ва юқори тезликдаги Интернет) уланишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти раҳбари (А. Рўзиев):
Ахборот хизмати (М. Алимбаев) томонидан “Cаll-center” ташкил этилганлиги ва унинг қисқа рақамлари ҳақида фуқаролар хабардор қилинишини;
Юридик таъминлаш ва мурожаатларни кўриб чиқиш бўлими (И. Хаджиев) томонидан “Cаll-center” фаолияти устидан доимий мониторинг юритиб борилиши назорат қилинишини таъминласин.
6. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан келишилган.
7. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
8. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев