№1371 Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш тўғрисида

  Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№1371                                                  2024 йил  26 август

 

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 10, 14 ва 16-моддаларига асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш ҳақидаги тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврига Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкаси иловага мувофиқ тузилсин.

 

2. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги сайлов участкалари Тошкент шаҳри ҳудудига бириктирилсин.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

 

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузиладиган участка сайлов комиссияларининг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин;

 

чет давлатларда турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги сайлов участкалари тўғрисида, сайловчиларни хориждаги сайлов участкаси сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби ва муддатлари тўғрисида, муддатидан олдин овоз бериш кунлари ва сайлов куни тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқа йўллар билан (маҳаллий шароитни инобатга олган ҳолда) хабардор қилсин;

 

“Дунё” ахборот агентлиги орқали Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларидаги жараёнлар ҳақида мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилишини таъминласин.

 

4. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича сайловига доир ҳужжатлар ва жиҳозларнинг ўз вақтида етказиб берилишини, шунингдек ушбу ҳужжатлар Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиясига олиб келинишини таъминласин.

 

5. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти зиммасига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг сўровига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларини сайловга оид ҳужжатлар, адабиётлар ва жиҳозлар билан таъминлаш вазифаси юклатилсин.

 

6. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                             З. Низамходжаев

 

ИЛОВА