Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1352 2024 йил 19 июль
“E-saylov” ахборот тизимининг регламентини тасдиқлаш тўғрисида
Сайлов жараёнини ташкил қилишда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш орқали сайлов жараёни иштирокчилари томонидан сайлов комиссияларига ҳужжатларни тақдим этиш, сайлов комиссияларининг қарорларини қабул қилиш, шунингдек сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа жараёнларни электрон шаклда амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 26-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда “E-saylov” ахборот тизими ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. “E-saylov” ахборот тизимининг регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман, шаҳар Кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман, шаҳар ҳокимликлари, оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари, халқаро ва хорижий кузатувчилар, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги “E-saylov” ахборот тизимидан фойдаланувчилар (бундан буён матнда тизимдан фойдаланувчилар деб юритилади ) ҳисобланади;
Тизимдан фойдаланувчилар Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва мазкур қарор билан тасдиқланган Регламентга қатъий риоя қилган ҳолда фойдаланишлари лозим.
4. Рақамли технологиялар вазирлиги бир ой муддат ичида тизимдан фойдаланувчилар учун “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (ОнеИД) орқали “Е-сайлов” ахборот тизимига кириш имкониятини яратсин.
5. Рақамли технологиялар вазирлиги Марказий сайлов комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
бир ҳафта муддатда тизимдан фойдаланувчилар рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқласин;
ўн кун муддатда тизимдан фойдаланувчиларни “E-saylov” ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича ташкил этиладиган ўқув машғулотлари бўлиб ўтадиган манзиллари ва аниқ муддатлари белгиланган режа-графикни ишлаб чиқиб тасдиқласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
жойларда тизимдан фойдаланувчиларга ташкил этиладиган ўқув машғулотларини юқори савияда ўтказиш учун барча шарт-шароитлари яратилган ўқув хоналари билан таъминлаш;
ташкил этиладиган ўқув машғулотларида тизимдан фойдаланувчиларни тўлиқ қатнашишларини таъминлаш чораларини кўрсин.
7. Рақамли технологиялар вазирлиги Марказий сайлов комиссияси билан биргаликда тасдиқланган режа-графикка асосан белгиланган муддатларда тизимдан фойдаланувчиларга ўқитиш ишларини ташкил этсин.
8. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев
РЕГЛАМЕНТ 1-ИЛОВА (1.1 - 1.31)