№1312 Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ сайлов комиссиялари раисларининг ахбороти тўғрисида  

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№1312                                                   2023 йил  27 июнь

 

 

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ сайлов комиссиялари раисларининг ахбороти тўғрисида

 

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 22-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 10 майдаги 1247-сон қарори билан тасдиқланган Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 8 Сирдарё округ сайлов комиссияси (С.У.Сатторов), 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси (И.Н.Ахмедов), 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси (Б.Ш.Усмонов) раисларининг ахборотлари маълумот учун қабул қилинсин.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларига:

 

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режада белгиланган округ сайлов комиссияси ваколатига оид тадбирларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш, участка сайлов комиссиялари ваколатига оид тадбирлар ўз вақтида ўтказилишини назорат қилиш;

 

участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчилар рўйхати ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилганлигини ҳамда сайловга камида беш кун қолгунига қадар сайловчилар рўйхатига аниқлик киритиш ишларини мутасадди идоралар билан ҳамкорликда мувофиқлаштириб бориш;

 

участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчиларни сайловчиларнинг рўйхати билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор этиш ишларини ташкил қилиш;

 

округ ҳудуди бўйича имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган сайловчилар, кексалар, беморлар ва овоз бериш биносига бора олмайдиган сайловчилар ҳақида маълумотларни аниқлаш;

 

кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар ҳақидаги маълумотларга асосан сайлов участкаларига сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар етказилишини таъминлаш;

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан етказиб берилган сайлов бюллетенлари, сайловга оид инфографик ва бошқа плакатлар, таклифномалар участка сайлов комиссияларига ўз вақтида етказиб берилиши ҳамда уларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатилишини;

 

участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчиларга таклифномалар тарқатилишини;

 

сайловчилар, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакилларига муддатидан олдин овоз бериш ўтказиладиган вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар етказилишини;

 

сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини Сайлов кодекси ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқиб, асослантирилган жавоб берилишини;

 

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва сиёсий партиялар кузатувчиларига ҳамда сиёсий партиялар ваколатли вакилларига белгиланган намунадаги мандатларни сўровлар келиб тушишига қараб беш кунлик муддатдан кечиктирмай топширилишини таъминлаш юклансин.

 

3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

4. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                             З. Низамходжаев