№1291 Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№1291                                                   2023 йил  12 июнь

 

 

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида

 

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 19 майдаги 1261-сон қарори билан тасдиқланган Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепциясида:

 

иккинчи йўналишнинг иккинчи босқичи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

 

иккинчи босқич: 15-27 июнь кунлари участка сайлов комиссиясининг аъзолари (жами 76 047 нафар) учун республика тренерлари, ҳудудий тренерлар ҳамда биринчи босқичда ўқитилган участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ёки котибидан иборат тренерлар гуруҳи томонидан 31-иловага мувофиқ икки кунга мўлжалланган дастурга асосан ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказилади.

 

Ўқув-амалиёт машғулотларини самарали ташкил этиш ва мониторинг қилиш мақсадида, машғулотларнинг биринчи куни секторлар кесимида танлаб олинган намунали сайлов участкаларида ўтказилади. Бунда машғулотлар танланган мавзулар бўйича маъруза, видеороликларни кўриш ва амалий жиҳатдан муҳокама қилиш, фаол савол-жавоб шаклида ўтказилади. Участка сайлов комиссияси аъзоларидан иборат тингловчилар кичик гуруҳларга тақсимланади, бунда ҳар бир гуруҳда тингловчилар сони 25 нафардан 30 нафаргача этиб белгиланади. Ҳар бир гуруҳга икки нафар тренер бириктирилади. Тренерларнинг бир нафари республика ёки ҳудудий тренер, иккинчиси эса биринчи босқичда билимларни мукаммал ўзлаштирган участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосаридан иборат бўлиши лозим.

 

Ўқув-амалиёт машғулотларининг иккинчи кунида машғулотлар ҳар бир сайлов участкасининг ўзида участка сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари ва котиби томонидан участка сайлов комиссиясининг қолган аъзоларига ўқув-машғулотларининг биринчи кунида эгалланган назарий билимларни амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш, танланган мавзулар бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифаларни амалий жиҳатдан бажариш, симуляция қилиш шаклида амалга оширилади.

 

Юқорида қайд этилган ўқув-амалиёт машғулотлари режа-жадвали ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан секторлар кесимида ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Машғулотлар тасдиқланган режа-жадвалга тўла амал қилган ҳолда сифатли ташкил этилиши ва ўтказилишига, иштирокчилар давоматига туман/шаҳар ишчи гуруҳлари, ҳудудий тренерлар ҳамда участка сайлов комиссиясининг раиси масъул ҳисобланади.”;

 

мазкур қарорнинг иловасига мувофиқ таҳрирдаги 31-илова билан тўлдирилсин.

 

2. Ушбу қарор муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билимлари ҳамда амалий кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув-амалиёт машғулотларини ташкил этиш ва ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида тузилган республика ишчи гуруҳига ижро этиш учун юборилсин.

 

3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

4. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг котиби Х.Маматов зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                               З. Низамходжаев

 

ИЛОВА