Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

№1284 Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

№1284                                                   2023 йил  9 июнь

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифини тасдиқлаш тўғрисида

 

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 31 ва 32-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифи иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

2. Белгилансинки:

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми сайлов бюллетенига, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш натижалари ҳамда сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомаларга лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси тартибида киритилади;

 

сайлов бюллетенлари округ сайлов комиссиялари томонидан тақдим этилган маълумотга мувофиқ сайлов округи бўйича сайловчилар сонини, шу жумладан сайлов округи ҳудудида истиқомат қилаётган кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилларда сайлов бюллетенларини тайёрлаш бўйича эҳтиёжни инобатга олган ҳолда нашр этилади;

 

нашр этиш жараёнида яроқсиз деб топилган ва ортиқча нашр этилган сайлов бюллетенлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг масъул ходими ва сайлов бюллетенини нашр этувчи ташкилотнинг камида икки нафар вакиллари иштирокида дарҳол йўқ қилинади ҳамда бу ҳақда далолатнома тузилиб, имзоланади.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

 

2023 йил 19 июнга қадар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар сони ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этсин;

 

2023 йил 28 июнга қадар сайлов бюллетенлари Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги участка сайлов комиссияларига етказиб берилишини таъминласин.

 

4. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти (Х. Маматов) нашр этилган сайлов бюллетенлари округ сайлов комиссияларига етказиб берилишини таъминласин.

 

5. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари:

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан етказиб берилган сайлов бюлеттенлари ўрнатилган тартибда қабул қилиб олинишини, сифатли ҳолда сақланишини ва қўриқланишини таъминласинлар;

 

сайлов бюллетенларини участка сайлов комиссияларига 2023 йил 25 июнгача сайлов участкасидаги сайловчилар умумий сонининг 5 фоизи миқдорида, 2023 йил 6 июлгача эса 95,5 фоизи миқдорида тегишли тилларда тақсимлаган ҳолда етказиб берсинлар.

 

Бунда, участка сайлов комиссияси оладиган сайлов бюллетенларининг умумий сони сайлов участкаси бўйича сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчилар сонидан ярим фоизга ортиқ бўлиши (100,5 фоиз), бироқ ундан кўп бўлмаслиги инобатга олинсин.

 

6. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                             З. Низамходжаев

 

ИЛОВА