Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

№ 1137 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИНИ ЎТКАЗИШДА МАМЛАКАТ АҲОЛИСИНИНГ САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИК ОСОЙИШТАЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА СОҒЛИҒИНИ САҚЛАШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

 № 1137                                                      2021 йил 30 сентябрь

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда мамлакат аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва соғлиғини сақлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

 

 

COVID-19 пандемияси шароитида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда мамлакат аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталигини самарали ташкил этиш ва соғлиғини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. COVID-19 пандемияси шароитида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида мамлакат аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва соғлиғини муҳофаза қилишни ташкил этиш тўғрисида Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Б.Ж.Қурбоновнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати:

 

сайлов округлари ҳудудида эпидемиологик вазиятнинг кунлик таҳлили олиб борилиши ва заруратга кўра сайлов комиссияларига тегишли тавсиялар берилишини;

 

сайловни ўтказиш даврида округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган бино ва хоналарни ўз вақтида дезинфекция қилиш, шунингдек, уларда эпидемияга қарши чора-тадбирлар ўтказилишини таъминласин;

 

COVID-19 пандемияси шароитида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда мамлакат аҳолисининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш бўйича округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этишда кўмаклашсин.

 

3. Округ ва участка сайлов комиссиялари:

 

ўзлари жойлашган биноларнинг кириш қисмида ва овоз бериш хонасида ижтимоий масофани сақлаш учун 1,5–2 метр оралиқ масофани белгиловчи ҳамда ҳаракатланиш йўналишини кўрсатувчи чизиқлар бўлишини;

 

овоз бериш биносининг кириш қисмида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича тавсиялар акс этган плакатлар жойлаштирилишини;

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 25 августдаги 1104-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишини олдини олиш бўйича йўриқномага қатъий риоя этилишини таъминласин.

 

4. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига ҳамда округ сайлов комиссияларига етказилсин, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб сайтида эълон қилинсин.

 

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                               З.Низамходжаев