Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва демократик ривожланиш йўлидаги ислоҳотларнинг холис мезони

22.08.2024

1321

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон бугунги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича саксондан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўшилган ва халқаро ҳуқуқнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида халқаро мажбуриятлар, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларини изчил амалга ошириб келмоқда.

 

Жумладан, демократик сайловларни ўтказиш, ушбу жараён иштирокчиларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасида ҳам замонавий ҳуқуқий асослар яратилган ва давр талабидан келиб чиқиб такомиллаштирилмоқда. Шу кунларда мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик жараёнида бу жиҳатлар яққол намоён бўлаётир.

 

Халқаро сайлов кузатуви ушбу сиёсий жараённинг энг муҳим босқичларидан биридир.  Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик доирасида халқаро кузатувчиларни таклиф этиш жараёни ҳам бошлаб юборилди.

 

Марказий сайлов комиссияси аъзоси Гулноза РАҲИМОВА билан суҳбатимиз халқаро кузатувнинг миллий ҳуқуқий асослари ва халқаро стандартлар, сайловни умумэътироф этилган тамойиллар асосида ўтказишда халқаро кузатувчиларнинг ўрни хусусида бўлди.

 

– Гулноза Абдусатторовна, суҳбатимизни халқаро кузатувнинг ролидан бошласак. Халқаро кузатув демократик сайловларнинг очиқ ва ошкора ўтказилишига, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлашга қандай ҳисса қўшмоқда?

 

– Халқаро сайлов кузатуви бутун дунёда кенг эътироф этилган, сайлов жараёнлари моҳиятини тўғри ва холис баҳолашда муҳим ўрин тутади.

 

Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар кузатувчиларининг сайловлардаги иштироки сайловни демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, халқаро кузатув фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш, сайлов жараёни амалиёти бўйича икки томонлама билим ва ахборот алмашишга хизмат қилиши билан бир қаторда мустаҳкам халқаро алоқаларни ўрнатиш учун асос бўлиб хизмат қилади.  

 

Миллий сайлов тизими муттасил ривожланиб ва такомиллашиб бораётган янги Ўзбекистонда фуқаролар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг сайлов ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлашга йўналтирилган изчил ислоҳотлар юксак самара бермоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон ўз миллий сайловлари ва референдумларини ўтказишда халқаро кузатишни амалга ошириш учун очиқдир. Шундай қилиб, мамлакатимизда демократик сайловларни ўтказиш, сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари ҳаётга татбиқ этиллаётир.

 

Ўзбекистонда сайловлар туб ўзгаришлар ва демократик ислоҳотлар, вужудга келаётган янги сиёсий муҳит шароитида ўтказилмоқда ва халқаро ҳамжамиятда ушбу ўзгаришларга эътибор тобора ошиб бормоқда. Халқаро кузатиш динамикаси шундан далолат берадики, охирги йилларда мамлакатимизда ўтказилган сайловлар жараёнида хорижий (халқаро) кузатувчилар иштироки ошган. Амалда бу қуйидагича кўринади: 2015 йилда ўтказилган сайловда 296 нафар халқаро (хорижий) кузатувчи иштирок этган бўлса, 2016 йилдаги сайловда улар 555 нафарни, 2019 йилда – 825, 2021 йилда –  971, 2023 йилда эса 797 нафарни ташкил этди.

 

– Халқаро сайлов кузатуви қандай тартибга солинади, халқаро стандартлар ва халқаро кузатувнинг миллий ҳуқуқий асослари ҳақида маълумот берсангиз.

 

– Халқаро кузатувчилар фаолиятининг халқаро ҳуқуқий асослари, аввало халқаро ҳужжатлар билан тартибга солинади ва уларнинг қўлланиши сайловларга доир миллий қонунчилик доирасида амалга оширилади. Бундай амалиёт мамлакатимизнинг халқаро ташкилот ва хорижий давлатлар кузатувчиларининг сайловлардаги иштироки борасида халқаро мажбуриятларига тўла мос.

 

БМТ, ЕХҲТ, Европа кенгаши, Парламентлараро иттифоқ ва шу каби бошқа етакчи халқаро ташкилотлар ҳужжатларида акс эттирилган халқаро мажбуриятлар ва халқаро сайлов стандартлари имплементацияси асосида Ўзбекистонда миллий сайлов тизими шакллантирилди. Сайловни ўтказишни ҳуқуқий тартибга солиш ва сайловларни халқаро кузатишни ташкил этиш амалга оширилмоқда.

 

Бу ҳужжатлар қаторига Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция, Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, БМТнинг сайловларни ўтказилиши устидан халқаро кузатув тамойиллари тўғрисидаги Декларацияси, ЕХҲТнинг инсоний ўлчовлари бўйича Копенгаген конференцияси йиғилишининг ҳужжати,  Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисидаги Декларация, 2002 йилда Венеция Комиссияси томонидан қабул қилинган “Сайловларни ўтказишга оид тавсия этилган меъёрларнинг мажмуаси: Раҳбарий тамойиллар ва изоҳловчи маъруза”,МДҲга аъзо давлатларда сайловлар ва референдумлар устидан халқаро кузатиш тамойиллари тўғрисидаги МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг декларацияси ва бир қатор бошқа ҳужжатлар киради.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларининг устуворлиги эътироф этилган. Мамлакатимизда халқаро кузатувчиларнинг фаолияти халқаро кузатув институтини тартибга солиш соҳасидаги халқаро ҳужжатларни ҳисобга олган ҳолда, халқаро ҳужжатларга зид келмайдиган доирада миллий қонунчилик билан тартибга солинади ҳамда халқаро кузатувчиларни таклиф қилиш борасида етарлича ривожланган амалиёт мавжуд.

 

Юртимизда сайловларда халқаро кузатувчиларнинг мақомини ҳуқуқий тартибга солиш, шу жумладан, аккредитация қилиш тартиби, халқаро кузатувчиларнинг ҳуқуқлари, мажбурият ва чекловлари рўйхати Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси сайловида иштирок этувчи хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчилари тўғрисидаги низоми билан тартибга солинади. Хусусан, Сайлов кодексида сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирлар, шунингдек, сайлов куни овоз бериш жойларида ва овозларни санаб чиқишда бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлардан кузатувчиларнинг иштирок этиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Марказий сайлов комиссиясининг низомида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан келган кузатувчиларнинг сайловларда иштирок этиши тартиби белгиланган.

– Бугунги кунда халқаро сайлов стандартларини амалга оширишда Ўзбекистон халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилади ва буни биз ўтган сайлов кампаниялари жараёнида кузатдик. Халқаро ташкилотларнинг миллий сайловларни кузатишда иштирок этиши ҳақида тўхталиб ўтсангиз. 

 

– Ўзбекистон халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этиб, халқаро сайлов стандартларини амалга ошириш жараёнида конструктив ҳамкорликни таъминламоқда. Улар орасида БМТ, ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ), ЕХҲТ парламент ассамблеяси, Европа парламенти, МДҲ, МДҲ парламент ассамблеяси (МДҲ ПА), Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) каби халқаро ташкилотлар бор. Бу ҳамкорлик билан бир қаторда, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 2013 йилдан буён Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (БСОА), 2014 йилдан эса Осиё сайлов органлари ассоциацияси (ОСОА) аъзосидир. ЕХҲТ ДИИҲБ, МДҲ ПА аъзо давлатлари Демократия, парламентаризм ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш халқаро институти (ДМХИ), Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси (IFES), ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар бўйича координатори, БМТТД каби халқаро ташкилотлар билан сайлов масалалари бўйича фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

 

Халқаро сайлов кузатувини ташкил этишнинг миллий амалиётидан келиб чиққан ҳолда халқаро кузатувчиларнинг таркибига кўра, кузатув мониторинги қуйидаги форматда амалга оширилиши мумкин.

 

Кузатув миссиялари – кузатиш халқаро ҳужжатлар асосида амалга ошириладиган халқаро ва давлатлараро ташкилотлар. ЕХҲТнинг ДИИҲБ, ЕХҲТ парламент ассамблеяси, Европарламент, МДҲ, МДҲ ПА, ШҲТ, ИҲТ, ТДТ, Туркий давлатлар парламент ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар шулар жумласидан.

 

Кузатувчилар гуруҳлари – бу ихтисослаштирилган орган ва ташкилотлар, шу жумладан, сайлов ва референдумларни халқаро кузатишнинг асосий мақсадлари уларнинг устави ёки низомларида белгиланган давлатлараро ташкилот мақомига эга бўлмаган халқаро ташкилотлар ташкил қилади.

 

Қоида тариқасида, бу формат, биринчи навбатда, сайлов ва референдумлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ сайловлар ва референдумлар ўтказишда профессионал тарзда иштирок этувчи хорижий сайлов органларидан (комиссиялар) ва вазифаларига сайлов жараёнларини ўтказишни ўз ичига олган бошқа органлардан (миллий адлия вазирликлари, суд ва бошқалар), шунингдек, миллий сайловлар, референдумларнинг илмий-амалий масалалари билан профессионал равишда шуғулланувчи уюшма ва ташкилотлардан кузатувчиларнинг иштирокини ўз ичига олади.

 

Якка тартибдаги кузатувчилар – Ўзбекистон томонидан хорижий кузатувчи сифатида таклиф этилган ва ўз касбий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда сайловни кузатувчи олим ва тадқиқотчилар, сайлов ҳуқуқи соҳасидаги экспертлар, ҳуқуқшунослар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсатшунослар киради.

 

– Халқаро кузатувчиларни миллий сайловда иштирок этиш учун аккредитация қилиш тартиби қандай?

 

– Ушбу тартиб Марказий сайлов комиссиясининг тегишли низоми билан тартибга солинади. Ушбу низом Сайлов кодекси асосида сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари, халқаро сайлов стандартларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

 

Сайлов кампанияси бошлангани эълон қилингандан сўнг Марказий сайлов комиссияси Ташқи ишлар вазирлиги орқали хорижий давлатларнинг сайлов органлари ва халқаро ташкилотларга таклифномалар юборади. Улар бу таклифга жавоб ва тегишли ҳужжатларни овоз бериш кунидан камида ўн кун олдин тақдим этиши керак. Ташқи ишлар вазирлиги тегишли хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг ҳужжатларини илова қилинган ҳолда Марказий сайлов комиссиясига тақдимнома киритади. МСК беш кун ичида хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ва рўйхатини ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

 

Агар аккредитация учун тақдим этилган ҳужжатлар қўйилган талабларга жавоб бермаса ёки муддатидан кеч тақдим қилинса, хорижий кузатувчи ёки унинг номзодини кўрсатган ташкилотнинг фаолияти миллий қонунчиликка зид бўлса ёхуд Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва миллий манфаатларига хавф солса, қонунчилигимизга мувофиқ аккредитация қилиш рад этилишига асос бўлади.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитация қилинган хорижий кузатувчига сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятини амалга ошириши учун асос бўлган тегишли мандат берилади.

 

– Миллий қонунчилигимизда сайловларда халқаро кузатувчиларнинг мақоми ва уларнинг ваколатлари қандай белгилангани ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

 

– Халқаро кузатувчиларнинг фаолияти миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Миллий сайлов амалиётимизда халқаро кузатувчиларнинг аниқ ҳуқуқий мақомини белгилаш модели тўла шакллантирилган. Уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари давлат томонидан юридик жиҳатдан мажбурий кучга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланади. Бу билан уларнинг фаолияти учун шароит яратишнинг ягона амалиёти кафолатланади.

 

Сайлов кодексида хорижий кузатувчи маҳаллий кузатувчи (сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари) билан бир хил ҳуқуқларга эга эканлиги белгилаб қўйилган. Ўзбекистондаги фаолияти доирасида халқаро кузатувчилар халқаро стандартлар, шу жумладан, Халқаро сайловни кузатиш тамойиллари декларацияси ва Халқаро сайлов кузатувчилари одоб-ахлоқ кодексига мос келадиган муайян ваколатларга эга. Ушбу ваколатлар доирасида хорижий кузатувчилар бўлиб ўтаётган сайловлар жараёнига объектив баҳо бериш учун маълумот тўплайди, сайлов қонунчилиги ва амалиётини  ўрганади, сайлов ўтказувчи комиссиялар фаолиятига баҳо беради.

 

Хусусан, хорижий кузатувчилар:

 

 сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;

 

номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш;

 

сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;

 

сайлов куни овоз бериш жараёнини кузатиш;

 

муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш;

 

сайловчининг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериши жараёнини кузатиш;

 

овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш;

 

сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш;

 

кузатув олиб бориш давомида ўзи ёллаган таржимон ҳамроҳлигида бўлиш;

 

сайлов жараёни ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш (қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасалари бундан мустасно);

 

кузатув натижалари бўйича оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаат қилиш;

 

сайловолди ташвиқоти белгилари бўлмаган, фамилияси, исми ва отасининг исми, ўзи вакиллик қилаётган ташкилотнинг номи кўрсатилган кўкрак нишонлари тақиш;

 

округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш;

 

ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин тегишли участка сайлов комиссиясини белгиланган тартибда хабардор қилиш;

 

агар сайлов участкасида сайловга оид қонунчилик ва халқаро нормалар талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилиш, шунингдек юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар бериш;

 

сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳақида ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш.

 

Шу билан бирга, халқаро ҳужжатларга кўра, давлатнинг ички иши ҳисобланган ва ташқаридан ҳар қандай ноқонуний аралашувдан ҳимояланиш лозим бўлган ички сиёсий жараёнларга билвосита ёки тўғридан-тўғри аралашиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг хорижий (халқаро) кузатувчилар тўғрисидаги низомида халқаро кузатувчиларга ўз ваколатларини амалга оширишда муайян мажбуриятлар/чекловлар белгиланганки, улар ушбу чекловларга риоя қилишлари шарт.

 

Жумладан, хорижий кузатувчилар

 

– ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунлари, жумладан, Ўзбекистонда бўлиш қоидалари, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принципларига амал қилиш;

 

– сайловлар устидан халқаро кузатувни амалга ошириш борасидаги ўз вазифаларини холислик, сиёсий бетарафлик принципларига амал қилган ҳолда бажариш, сайловларни ўтказувчи комиссиялар, давлат органлари, мансабдор шахслар, сайловлар иштирокчиларига нисбатан қандай бўлмасин бирон-бир тарзда афзаллик билдиришдан воз кечиш;

 

– барча даражадаги сайловлар ўтказувчи комиссияларга, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ҳамда бошқа ташкилотларга кирганида Марказий сайлов комиссияси томонидан берилган мандатни шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда кўрсатиш;

 

– ўз хулосаларини ўтказилган кузатув ва ҳақиқий материаллар билан асослаши талаб этилади.

 

Шунингдек, хорижий кузатувчиларга чекловлар сифатида овоз берувчи овоз бериш бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш; овоз берувчиларга таъсир ўтказиш, бирон бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш; овоз берувчилардан улар қандай овоз берганликларини суриштириш ёки уларга овоз бериш бюллетенига белги қўйишда бирон бир тарзда ёрдам кўрсатиш; сайловлар ўтказувчи участка комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан овоз бериш қутиларини муҳрлаш, уларни очиш, овозларни санаб чиқиш чоғида аралашиш; сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайловлар натижалари прогнозларини, ўтказилаётган референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш ман этилади.

 

Хорижий кузатувчиларнинг сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган тадбирларда иштирок этиши Марказий сайлов комиссияси билан олдиндан келишилган ҳолда амалга оширилади.

 

Қоида тариқасида, халқаро кузатувчи у Марказий сайлов комиссияси томонидан халқаро кузатувчи сифатида аккредитация қилинган кундан эътиборан сайлов кампаниясининг исталган босқичида ўз фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Халқаро кузатувчининг ваколатлари сайлов натижалари расмий эълон қилинганидан кейин тугайди.

 

– Халқаро кузатув натижалари сайлов бўйича миллий қонунчилик базасини такомиллаштиришга қанчалик таъсир кўрсатади? Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар қай даражада самарали деб баҳолайсиз?

 

– Ўзбекистонда шаклланган халқаро кузатув амалиётига мувофиқ, сайлов жараёни мониторинги натижалари бўйича эълон қилинган хулоса ва тавсиялар эътибордан четда қолмайди. Миллий сайлов қонунчилик базаси ва сайлов ўтказиш амалиётини такомиллаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Фикримизга ЕХҲТ ДИИҲБ билан ҳамкорликни мисол қилиб келтириш мумкин.

 

Ушбу халқаро ташкилот миссиялари 1999 йилдан буён сайловларни кузатиш учун таклиф этилмоқда. Ўтган парламент ва Президент сайловларидаги кузатувлар натижаси сифатида улар томонидан бир қанча таклиф ва тавсиялар берилган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг сайловларни кузатиш бўйича қатор тавсияларини босқичма-босқич амалга оширди. Бунга Сайлов кодексининг қабул қилиниши, сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилгани ва бир қатор киритилган бошқа янгиликлар яққол мисол бўла олади.

 

Яна бир мисол – ЕХҲТ ДИИҲБнинг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси жорий йил май ойида юртимизга ташрифи якунлари бўйича ўз ҳисоботида Ўзбекистон бўлажак сайловларни ўтказишга тайёрлигини юқори баҳолаб, сайлов органлари ва тегишли идораларнинг амалга оширилаётган ишлари, шу жумладан, 2023 йилги конституциявий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган сайловларни ўтказишнинг ҳуқуқий ва меъёрий шартларини такомиллаштириш, марказий ва ҳудудий сайлов комиссияларини тузишнинг янги қоидаларини ижобий баҳолайди.

 

Шу билан бирга, 2023 йилда бўлиб ўтган конституциявий референдум ва Президент сайлови мониторинги натижалари бўйича ДИИҲБнинг тавсияларини амалга ошириш юзасидан “йўл хариталари”и қабул қилинганини ижобий қадам сифатида эътироф этган. Шунингдек, ҳисоботда Ўзбекистон томонидан ДИИҲБнинг муқаддам таклиф қилинган бир қатор тавсияларини амалга ошириш қўллаб-қувватланаётгани қайд этилган. Шулар қаторида хотин-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганларнинг овоз бериш ҳуқуқларига тўлиқ чекловларни бекор қилиш, алоҳида шахслар томонидан Олий судга шикоят қилишлари учун йиғим (давлат божи) бекор қилинганини айтиб ўтиш жоиз.

 

Хусусан, ДИИҲБнинг ҳуқуқий лаёқатга асосланган овоз бериш чегарасини бўйича тавсиясини Узбекистон томонидан халқаро мажбуриятларга мувофиқ қайта кўриб чиқиш борасида амалга оширилган ишлар, кўрилган чораларни мисол қилиб келтириш мумкин.

 

Биринчи навбатда, 2021 йил июль ойида мамлакатимиз томонидан БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси ратификация қилинди. Кейинги қадам ҳуқуқ лаёқати чекланган шахсларнинг сайловларда бошқалар билан тенг ҳуқуқлилигини конституциявий даражада мустаҳкамлаш бўлди.

 

Янги таҳриридаги Конституциямизда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суд ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкинлиги белгиланган. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

 

Кейинчалик бу конституциявий норма сайлов қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилди. 2023 йил 6 майда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди. Унга кўра, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонун ва Сайлов кодексининг тегишли моддалари янги таҳрирда баён қилинди. Муомалага лаёқатсиз шахслар фақат суд қарори билан сайлов ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкинлиги белгиланди. Ушбу норма шахс ўз ҳуқуқий субъективлигини тан олиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки бу ҳуқуқ чекланиши мумкин бўлган ҳолатларни истисно қилишнинг конституциявий кафолати бўлиб хизмат қилади.

 

Айни пайтда, юртимизда бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловда ЕХҲТ ДИИҲБнинг кенг кўламли кузатув миссияси иштироки кутилмоқда. Яъни, биргина ушбу халқаро ташкилотдан 12 нафаргача асосий гуруҳ аъзоси, 28 нафар узоқ муддатли ва 300 нафар қисқа муддатли кузатувчи келиши кутиляпти. Қолаверса, бошқа халқаро ташкилот ва хорижий давлатлардан ҳам кўплаб кузатувчилар ушбу муҳим сиёсий тадбирда қатнашишга қизиқиш билдирмоқда. Бу эса сайловни умумэътироф этилган демократик қадриятлар, очиқлик, тенглик, ошкоралик тамойиллари асосида ўтишида муҳим омил бўлади.

 

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Баҳор ХИДИРОВА суҳбатлашди

 

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2024 йил 22 август. 168-сони (1229)

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур