ВAТAН УЧУН ЖОНИН ТИККAНЛAР ( 1 ҚИСМ)

27.01.2023

4612

msk_yangiliklari_in

Йўқ, бу, шунчаки, расми мулозамат учун танланган баландпарвоз гап эмас. Бу – Иккинчи жаҳон уруши йилларининг “кўз илғамас жанггоҳлари”да жасорат кўрсатган жасур ўзбек разведкачиларидан бири- Шариф Ширинбоевнинг энг севимли ибораси, энг қалтис вазиятларда тақдирини ҳал қилган калом, ҳаётида бир умр қатъий амал қилиб яшаган дастур.

 

“Ватан учун жон фидо!»

 

Йўқ, бу, шунчаки, расми мулозамат учун танланган баландпарвоз гап эмас. Бу – Иккинчи жаҳон уруши йилларининг “кўз илғамас жанггоҳлари”да жасорат кўрсатган жасур ўзбек разведкачиларидан бири- Шариф Ширинбоевнинг энг севимли ибораси, энг қалтис вазиятларда тақдирини ҳал қилган калом, ҳаётида бир умр қатъий амал қилиб яшаган дастур.

 

Урушда эришилган оламшумул ғалабага Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг ўз Ватани, халқи ва бурчига садоқатли минглаб ходимлари ҳам беқиёс ҳисса қўшган. Улар Қуролли Кучларнинг аскар ва зобитлари билан бир қаторда босқинчиларга қарши жанггоҳларда, душман орасида ва фронт ортидаги беаёв курашларда юксак жасорат намуналарини кўрсатган, кўплаб юксак жанговар ва давлат мукофотларига сазовор бўлган.

 

Шариф Ширинбоев — улардан бири. 1908 йили Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Аввал бу қадим шаҳардаги ўрта мактабда, кейин Фарғона давлат педагогика институтининг тарих факультетида таҳсил олган. Бир муддат шаҳардаги Боғишамол туман судида ишлаган. Йигирма тўрт ёшида давлат хавфсизлик тизимида фаолиятини бошлаб, махсус курсларда билим ва кўникмасини оширган.

 

Отаси Абдуқаюм Ширинбоев Самарқанд уезди раҳбарининг таржимони бўлиб ишлаган, ўз даврининг маърифатли одамларидан бўлган. Бу ўғлининг ҳаётида муҳим ўрин тутгани табиий.

 

Ажойиб суҳбатдош

 

Шариф Ширинбоев ҳақида менга Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг истеъфодаги полковниги, махсус хизмат фахрийси Худойберди СОҲИБОВ гапириб берди.

 

Дарвоқе, аввал танишайлик: полковник Худойберди Соҳибовнинг ўзи ким? Қандай одам?

 

“Ким?» Суҳбатдошим бир зум хаёлга толади-да, дадил жавоб беради: “Худонинг оддий бир бандаси. Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида туғилиб ўсган. Мусиқа мактабида ўқиган. “Мендан Бетховен чиқмас экан” деб, чолғу илмидан воз кечиб, Мухтор Ашрафийдай атоқли бастакорнинг танбеҳларини эшитган. ТошДУнинг (ҳозирги Миллий университет) шарқшунослик факультетида хорижий тилларни ўрганган. Нуротадаги қишлоқ мактабида болаларга инглиз тилидан сабоқ берган. Сўнг хавфсизлик хизматига ишга таклиф этилган. Контрразведка, разведка каби соҳалар унга ҳам бегона эмас”.

 

Махсус топшириқлар билан хорижга ҳам юборилгандир, албатта?

 

“Ҳа, унақаси ҳам бўлган. Шукрки, ҳаммасидан ёруғ юз билан қайтган”.

 

Умрини махфий хизмат ишига бағишлаган бу моҳир мутахассисни “Домла” деб атагим келди. Мабодо, илк учрашувимиздан аввал, кўча-кўй, тўй-маъракада бақамти келиб қолганимда ҳам, Худойберди акага ҳеч иккиланмай шундай мурожаат қилган бўлар эдим: “Домла!»

 

У, ростдан ҳам, муаллимга, аниқроғи, бошланғич синф ўқитувчисига ўхшайди. Жуда одми, лекин дид билан кийинган, сийраксий бошлаган кумуш сочлари силлиқ таралган, камтарин, камсуқум. Фарқи — унинг ёшига етиб, саксонни қоралаб қолганида, аксарият мардум, атоқли адибимиз айтганидек, “жағига суяниб қолади”. Менинг суҳбатдошим эса, аксинча, гапга ўта хасис. “Граммлаб гапиради”. Ҳар бир сўзини минг марта ўйлаб, шошилмасдан, таҳлил тарозисига солиб aytadi.Tiliga пишиқ, ажойиб суҳбатдош.

 

У урушдан кейинги, тинчлик-осойишталик йилларида Шариф Ширинбоевнинг суҳбатларини олган. Хотираларидан баҳраманд бўлган. Ҳаёти ва фаолиятини астойдил ўрганган.

 

“Мен Шариф ака билан ўтган асрнинг 60 йиллари охири, 70 йилларнинг бошида кўп учрашганман, — деб гап бошлади Худойберди ака. –Фозил ва закий одам эди. Бошқа ҳамкасбларим қатори мен ҳам у кишидан кўп маслаҳатлар олганман. Устозимиз. Айрим асарларини, хусусан, “Шарқдан эсган насим” хотира китобини қўлёзмалигида ўқиганман. Афсуски, ўша пайтларда уни чоп этишнинг иложи бўлмаган”.

 

Олов ичида

 

Биламизки, фашистлар Германияси Совет Иттифоқига 1941 йилнинг 22 июнида ҳужум қилган ва бу қонли уруш ғоят узоқ — тўрт йил – фашистлар батамом тор-мор этилгунича, 9 майгача, давом этган. Шариф Ширинбоев учун эса суронли йиллар бундан анча олдин – 1937 йилнинг кузагида бошланганини таъкидлаш ўринли.

 

Ўша йили у афсонага асосланган “Шариф Қаюмий” деган ном, шу номга яраша тўқилган таржимаи ҳолни дилига ва ҳужжатларига тугиб, махфий топшириқ билан Хитойнинг Шинжон вилоятига юборилган. Аввало, яширин фаолиятининг мана шу – биринчи даврига тўхталиб ўтсак.

 

 

Бу пайтда Хитой том маънодаги Япон уруши олови ичида қолган, унинг талай қисмини Квантун армияси ишғол қилиб бўлган эди. 1931 йилнинг сентябрида бошланиб, саккиз йил давом этган япон-хитой уруши даврида Чин юртида 20 миллиондан ортиқ одамнинг ёстиғи қуриган. Аслини олганда, Квантун ҳарбийларининг режаси уч-тўрт ой ичида Хитойни “саранжомлаб”, кейин Шимолга қараб силжишдан иборат бўлгани сир эмас.

 

Бундай вазиятда Совет ҳукумати ҳам қўл қовуштириб туролмаслиги аниқ эди. Хитой халқи билан бирдамлигини изҳор этиб, баёнот беради ва 30 йилларда бу жабрдийда мамлакатга ҳарбий техника, қурол-яроғ ва озиқ-овқатдан катта ёрдам кўрсатади.

 

Хитой халқининг босқинчиларга қарши олиб борган қақшатқич кураши Японияни ҳолдан тойдирган ва у советлар диёрига ҳужум қилишга ботинолмаган.

 

Дунёнинг энг қадимий давлатларидан бири бўлмиш Чин юртида ўша йиллари япон, немис фашистлари ва инглиз разведкаси ўз тўрини кенг ёйган эди. Мамлакатда ҳокимият, жумладан, жойлардаги маҳаллий ҳокимият ҳам, турли хорижий давлатлар томонидан қўллаб-қувватланаётган гоҳ у, гоҳ бу сиёсий гуруҳ қўлига ўтар эдики, уларнинг ўзаро аёвсиз қон тўкишлари фуқаролар урушига айланиб кетган, бундай муҳорабалар оқибатида Хитой тубсиз жар ёқасига келиб қолган эди.

 

“Суҳбатларимиздан бирида Шариф ака, раҳматли, хизмат юзасидан ўтказилган тадбирлар асносида ўзи гувоҳ бўлган қизиқ бир кузатишини ҳикоя қилиб берган эди, — деб гапини давом эттиради полковник X.Sohibov. -Айтишича, ўзаро ҳокимият талашаётган исёнчи тўдалар раҳбарларининг бирининг хонасидаги деворда Гитлер, иккинчисиникида Сталин, бошқасиникида Буюк Британия Бош вазири Черчиллнинг сурати осиғлиқ турганини кўриш мумкин экан. Вазият шу даражада мураккаб ва чигал бўлганки, қайси гуруҳ қандай мақсадда курашаётганини на ичидан, на сиртидан аниқ билиш, англаш осон эмасди. Хиёнат ва хоинлик вабо сингари кенг тарқалган, Хитойдек қудратли давлатни ичдан емириб, парчаланиш даражасига олиб келган эди”.

 

Ажал билан юзма-юз

 

Бундай парокандаликдан устомонлик билан фойдаланган йирик давлатлар, жумладан, япон ҳарбийлари ва разведкачилари Хитой билан чегарадош мамлакат — Совет Иттифоқига, жумладан, Ўрта Осиё ўлкаларига, қарши қўпорувчилик ишларини авж олдираётган эди. Бунда улар коллективлаштириш, қулоқ қилиш ва сургунга бадарға этилишдан қўрқиб, чет элларга қочишга мажбур бўлган, ҳар томонлама танг аҳволга тушиб қолган муҳожирларни ёллашга ўтган. Мақсад – ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз, уйғур миллатларига мансуб мусофирларни йўлдан оғдириб, қўлига қурол бериш, Ўрта Осиёга ташлаш ҳамда стратегик жиҳатдан ўта муҳим мазкур минтақада ҳам Хитойдаги каби парокандаликни келтириб чиқариш. Янги уруш оловини ёқиб, халқни қирғинбаротга гирифтор қилиш орқали Мовароуннаҳрнинг бойликларини талаш.

 

Шариф Ширинбоевнинг зиммасига ана шундай катта таҳдидларнинг олдини олиш билан боғлиқ ғоят хавфли ва нозик вазифа юкланган эдики, ўзбек ўғлони ўз бурчини юксак шараф билан адо этди.

 

Қашғарга келганидан сўнг у тегишли одамларнинг ёрдами билан Шинжон вилояти полицияси бошқармаси тезкор агентура бўлими бошлиғининг ёрдамчиси лавозимига ишга жойлашишга муваффақ бўлади. Бунда “Шариф Қаюмий”нинг бир нечта тилни, жумладан, Марказий Осиё халқлари тилларини пухта билиши муҳим ўрин тутган.

 

“Таъкидлаш жоизки, — дейди Худойберди ака, — бегона давлатнинг хавфсизлик хизматига, боз устига, унинг “юраги” — агентура бўлимига ишга жойлашиш разведкачи орзу қилиши мумкин бўлган катта омад. Чунки, Хитойнинг ўзида ва ундан хорижда, жумладан, Совет Иттифоқида, иш олиб бораётган юзлаб агентларга, улар амалга ошираётган, режалаштираётган ғоят махфий ҳаракатларга оид маълумотлар айнан Шариф Ширинбоев хизмат қилган ўша бўлимда жамланган ва умумлаштирилган. Айни пайтда, мазкур бўлимнинг вазифасига сиёсий жиноятларни содир этганликда айбланиб, ҳибсга олинган гумондорларни тергов қилиш ҳам кирган. Бу, бир томондан, ғоят улкан имконият бўлса, иккинчи томондан, разведкачимизнинг тепасида ўткир тиғли қилич доим ўйнаб туришини ҳам англатар эди. Зеро, кутилмаганда сири фош бўлиб, муқаррар ўлимга юз тутиши ҳеч гап эмасди.

 

Орадан бир йил ўтгач, вилоят жамоат хавфсизлиги бош бошқармаси инспектори лавозимига кўтарилган “Шариф Қаюмий” туғилган имкониятдан жуда самарали фойдаланган. Аввало, муҳожирлар ва муҳожирлар орасидан ўзига ишончли кўмакдошлар топиб, улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган. Ўрта Осиёдан қочиб, Шинжондаги хориж разведкачиларининг йўриғида иш юритаётган кўплаб каллакесарларнинг кирдикорларию раҳнамоларини аниқлаган”.

 

Архив маълумотларига қараганда, 1939 йилнинг майида Қашғар полицияси бошқармаси томонидан чет эл разведкаси билан алоқадорликда айбланиб ўттиздан ортиқ офицер, жумладан, Шариф Ширинбоев ҳам қамоққа олинади. Тергов жараёнидаги қийноқларга қарамасдан, у чет эл, жумладан, Совет разведкасига алоқаси борлигини бутунлай рад этади. Қайд қилинганидек, афсонага асосланган ўша “Шариф Қаюмий” номи ва шунга яраша тўқилган таржимайи ҳолида туриб олади.

 

У отишга ҳукм қилинади. Бир кишилик камерада қатл этишларини кутиш азоби бошланади. Уқубат тўрт ойдан кўпроқ чўзилади.

 

Темир эшикнинг очилиши

 

1939 йил 17 сентябри тонггида тўсатдан камеранинг темир эшиги очилиб, икки ҳарбий киради ва унинг бошига ёстиқ устида ётган камзулини ташлайди. Ўттиз ёшли разведкачи куни битганини англайди.

 

Шариф Ширинбоевни қамоқхонадан судраб олиб чиқар эканлар, ундан охирги марта сўрайдилар: “Агар асли ўзинг кимлигингни ва Совет разведкаси билан алоқанг борлигини айтсанг, ҳаётингни сақлаб қоламиз!»

 

“Бу синов учун берилган савол эканини разведкачимиз ўша пайтда билмаган, албатта, — деб хотирлайди Худойберди Соҳибов. — Дор остида турган йигитнинг жавоби қатъий бўлади: “Мен Шариф Қаюмийман. Бошқа гапдан хабарим йўқ!»

 

Уни машинага ўтқизадилар ва узоқ юрадилар. “Мени шаҳардан ташқарига чиқариб отишса керак”, деб ўйлаганини бот-бот эслаган эди кейинчалик Шариф ака.

 

Ўйдим-чуқур йўллардан кетиб борар эканлар, ёнида ўтирган хитойлик офицер унга яна секин ғулдурайди: “Ватан учун жон фидо!»

 

Бу разведкачимизнинг ишончли ва маҳрам маслакдошлари ўртасида синаш учун айтиладиган, жуда саноқли одамларгина биладиган шартли сўзлар – пароль эди.

 

“Кимдир сотибди!» деган гап хаёлидан чақмоқдек ўтган Шариф Ширинбоев яна ўзини тушунмаганга олади.

 

“Машина узоқ юрди, — деб эслайди у кейинчалик. – Жуда узоқ. Текис кўчалар ортда қолиб, тупроқ йўл бошланди. Димоғимга дала-даштнинг эпкини, қовжираган ўт-ўлан ҳиди келди.

 

“Демак, чўлга чиқариб отишмоқчи. Жиноят изини йўқотишмоқчи!» Она шаҳрим Самарқанд, ота-онам кўз олдимга келиб, уларга ғойибона алвидо айтдим. Бирдан машина тўхтаб, мени қандайдир зинадан етаклаб чиқишди. Самолёт! Учдик ва Олмаотага қўндик. Ўзимизникилар экан!»

 

Махсус хизматлар муҳим давлат топшириғини бажариш пайтида ўз ходими хоҳ хорижда, хоҳ мамлакатнинг ичкарисида бўлсин, ночор аҳволга тушиб қолса, уни, албатта, қутқаради, — деб таъкидлайди полковник Х.Соҳибов — Бу – хизматимизнинг олтин қоидаси.

 

Шариф Ширинбоев ҳам Хитойдаги ғоят қаттиқ қўриқланадиган қалъа-қамоқхонадан жасур ҳамкасблари томонидан озод этилган эди”.

 

Эътироф

 

Икки йил давом этган текшир-текширлардан кейин, ниҳоят, 1939 йил 29 ноябрда СССР Ички ишлар халқ комиссари раисининг ўринбосари В.Меркулов имзоси билан Тошкентга 5293/б рақамли хат жўнатилади. Унда жумладан, шундай сатрлар бор эди:

 

“Ўзбекистон Ички ишлар халқ комиссарлиги Қорадарё туман бўлимининг собиқ бошлиғи, Давлат хавфсизлик хизмати сержанти ўртоқ Шариф Қаюмович Ширинбоев 1937 йилнинг октябрида Шинжонга махсус топшириқ билан жўнатилган эди.

 

Муайян шароит тақозоси билан Ширинбоев ҳибсга олиниб, тўрт ой Хитой қамоқхонасида сақланди. Жангавор топшириқ нуқтаи назаридан биз унинг қамалишига йўл қўйишга мажбур бўлган эдик. Бироқ кейинчалик кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ширинбоев қамоқдан қутқарилиб, ўзимизнинг ҳудудга олиб келинди. Ширинбоев Хитой қамоқхонасида ўтирган пайтида ва ўтказилган терговлар жараёнида чин инсон, Давлат хавфсизлик хизматининг садоқатли ходимига хос сабот-матонатини намоён қилди. Айни пайтда, уни яна Шинжонга юборишнинг, муайян сабабларга кўра, иложи йўқ. Шинжон полисияси томонидан қамоққа олиниши Ширинбоевнинг обрў-эътиборига соя соладиган маълумот сифатида талқин қилинмаслиги керак.

 

Ихтиёрингизга юборилаётган Ширинбоевнинг қандай лавозимга тайинлангани ҳақида маълум қилинг”.

 

Бу – Ширинбоевнинг разведкачилик фаолиятига берилган юксак баҳо эди.

 

Шундай қилиб, моҳир разведкачимиз фаолиятининг биринчи даври хайрли якун топади ва иккинчи босқичи бошланади.

 

Уруш йиллари Марказ давлат хавфсизлик хизмати лейтенанти Шариф Ширинбоевни чет элларда махсус вазифаларни бажаришга тайёрлаш учун СССР разведкачилари захирасига киритади. 1941 йилнинг октябрида у атоқли разведкачи, генерал-лейтенант Павел Судоплатовнинг қабулига чорланади. Партизанлар ҳаракатини, хорижда, душман орасида разведка ишларини ташкил этишга раҳбарлик қилувчи бу одам билан суҳбатдан сўнг, 1942 йили, Шариф Ширинбоев Эронга 1948 йилгача давом этган махсус сафарга отланади. Зиммасига фашистлар агентурасининг Совет Иттифоқига қарши олиб бораётган қўпорувчилик ҳаракатларини аниқлаш ва барбод этишдан иборат жанговар вазифа юкланади.

 

Қулман ОЧИЛ

Манба: “Ҳуррият” газетаси.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур