САЙЛОВЧИЛАР РЎЙХАТИ - ТЕНГЛИК ТАМОЙИЛИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

27.01.2023

4924

msk_yangiliklari_in

Сайлов — 2021

 

САЙЛОВЧИЛАР РЎЙХАТИ — ТEНГЛИК ТАМОЙИЛИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

 

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови илк маротаба Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодексига мувофиқ бўлиб ўтади. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда сайлов ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир юртдошимизнинг сайловчилар рўйхатига киритилиши муҳим аҳамиятга эга.

 

Сайлов кодексининг 4-моддасида, жумладан, шундай дейилган: “Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир. Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқейи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир”.

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига асосан 18 ёшга тўлган фуқаро давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ҳуқуқига эга. Бир сайловчи-бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

 

Сайловчининг сайлов ҳуқуқини амалга ошириши унинг сайлов кампаниясидаги электорал маданиятини кўрсатадиган асосий мезонлардандир.

 

Сайловчининг сайловда иштирокини таъминлаш учун унинг битта сайлов участкасида бир маротаба овоз бериши ва бошқа сайлов участкасида иккинчи марта овоз беришининг олдини олиш мақсадида, сайловчининг овоз бериш жойи белгиланади, шунингдек бир ҳудудда яшаётган кўплаб сайловчиларнинг овоз бериш ҳуқуқини таъминлашда қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкалари ҳамда ушбу сайлов участкасида овоз бериши мумкин бўлган сайловчилар рўйхати тузилади.

 

Шунинг учун сайловчилар рўйхати сайлов кампанияси давридаги энг муҳим ва ҳал қилувчи ҳужжатлардан бири ҳисобланади.

 

Сайловчилар рўйхатининг қонун талаблари асосида тузилиши халқаро сайлов стандартларига мувофиқ фуқароларнинг умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

 

Фуқаронинг сайловчилар рўйхатига киритилиши сайлов ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларга имконият яратиш учун муҳим, шу билан бирга “бир сайловчи, бир овоз” асосий принципини амалга оширишга хизмат қилади.

 

Сайловчилар рўйхати ҳаммага тенг шароит яратилишини, аниқ ва кенг қамровли бўлишини ва унинг жараёнлари барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлишини таъминлаш сайловни самарали ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул бўлган органларининг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.

 

Эътибор берсак, рўйхатдан ўтган сайловчилар сонидан келиб чиққан ҳолда, сайлов участкаларининг сони ва жойлашуви, чоп этиш учун сайлов бюллетенлари миқдори, улар билан сайлов участкаларини таъминлаш ҳамда сайловчиларнинг овоз беришда иштирок этишини баҳолаш каби муҳим қарорлар қабул қилинади.

 

Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин. Сайловчининг иккинчи сайловчилар рўйхатига киритилиши сайловда тенглик принципини бузилишига сабаб бўлади.

 

Ушбу принципнинг бузилишига йўл қўйилган-қўйилмаганлиги биринчи навбатда округ ва участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан, шунингдек кузатувчилар томонидан сайлов жараёнида ўрганилади.

 

Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади. Сайловчилар рўйхатига маълумотлар аниқ, тушунарли, саналар ва жой манзиллари тўғри киритилиши шарт.

 

Сайловчилар рўйхатида сайлов ўтказиладиган йили ва сайлов куни 18 ёшга тўлган сайловчиларнинг туғилган йили, ойи ва куни кўрсатилган бўлиши керак.

 

Қонунга мувофиқ сайловчилар рўйхати тузиб бўлингач, сайловга ўн беш кун қолганида сайлов участкасида сайловчиларга таништириш учун ҳаммага кўринарли жойга жойлаштирилади.

 

Сайловчилар рўйхатини тузиш учун рўйхат намуналари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Сайловчилар рўйхати икки хил шаклда тузилади, биринчи шакли сайловчиларга таништириш учун, иккинчи шакли сайловчиларнинг овоз беришини ташкил этиш учун фойдаланилади. Ҳар иккала шаклдаги сайловчилар рўйхатида сайловчилар ҳақидаги маълумотлар бир хил тартибда, бир хил рақамланган ҳолда тузилади.

 

Сайловчилар рўйхати бош саҳифа, ички варақлар ва сўнгги варақдан иборат бўлади.

 

Бош саҳифада ўтказилаётган сайлов номи, сайлов участкасининг тартиб рақами, жойлашган манзили ҳамда сайловчилар рўйхати кўрсатилади. Ички варақларида эса сайловчиларнинг рўйхати тартиб билан берилади.

 

Сўнгги варағида сайловчилар рўйхатининг якунловчи қисми ҳамда участка сайлов комиссияси раиси ва котибининг фамилияси, исми, отасининг исми ва имзолари ҳамда имзо қўйилган сана кўрсатилади.

 

Сайловчилар рўйхати бир неча варақдан иборат бўлганлиги сабабли унинг барча варақлари ягона тартибда рақамланади.

 

Сайловчининг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳақидаги маълумотлар унинг паспорти ёки ID картаси асосида тўлиқ ёзилиши шарт.

 

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини ва унинг эгаси шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир.

 

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси-Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, ID-карта эгасининг шахсий биографик ва биометрик маълумотлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат ҳисобланади.

 

Сайловчининг бир ҳудуддан бошқа ҳудудга яшаш учун кўчиб ўтиши унинг бир сайловчилар рўйхатидан чиқарилиб, иккинчи сайловчилар рўйхатига киритилишига сабаб бўлади.

 

Шу сабабли сайлов кампанияси даврида сайловчи янги кўчиб келган ҳудудидаги участка сайлов комиссиясига албатта ўша куннинг ўзида мурожаат қилиши лозим. Бу ҳолат сайловчининг электорал маданиятини кўрсатувчи мезонлардандир.

 

Агарда сайловчининг яшаш жойи ўзгарса, сайловчи кўчиб келган ёки вақтинча бўлиб турган жойдаги участка сайлов комиссиясига ўз вақтида хабар бериши зарур. Бу ҳақда тегишли участка сайлов комиссияси маълумотга эга бўлмаса, сайлов кунига қисқа вақт қолганида ёки сайлов куни сайловчи овоз беришга келганда у сайловчилар рўйхатига киритилмай қолганлиги сабабли овоз бера олмаслиги мумкин.

 

Башарти шундай ҳолатлар юзага келганда, сайловчининг сайлов ҳуқуқини таъминлаш нуқтаи назаридан, Сайлов кодексига алоҳида норма киритилган, шунга мувофиқ участка сайлов комиссияси сайловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида сайловчининг қайси сайлов участкаси бўйича рўйхатга киритилганлигини сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан излаб топади ва муддатидан олдин овоз берган ёки бермаганлигини аниқлаштиради, шундан сўнг, ушбу сайловчи доимий яшаш жойида муддатидан олдин овоз бермаган бўлса вақтинча яшаш жойидаги сайлов участкаси бўйича сайловчилар рўйхати иловасига киритилиши мумкин.

 

Шу аснода айтиш лозимки, сайловчи ўзини сайловчилар рўйхатига киритилганлигини аниқлаши, уни участка сайлов комиссиясидан сўраши ва сайловчилар рўйхати билан танишиб, зарур ҳолларда унга тегишли ўзгартириш киритилиши бўйича сайлов комиссиясига мурожаат қилиши сайлов ҳуқуқини рўёбга чиқаришда алоҳида аҳамиятга эга.

 

Сайловчиларга ўз сайлов участкасини топишида қулайлик яратиш мақсадида бир неча қулай воситалар ишлаб чиқилган. Бунинг учун сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссиясининг elections.uz веб-сайтида ташкил этилган “Ўзингизни сайловчилар рўйхатидан аниқланг” ва Ягона интерактив хизматлар давлат порталидаги “Сайлов участкасини аниқлаш” номли хизматдан ҳам фойдаланиши унинг ўз вақтида сайловчилар рўйхатига киритилишига ёрдам беради.

 

Бу ҳақда сўз юритганда Ўзбекистон Республикасида 2019 йил 22 декабрда ўтказилган сайловлар якуни бўйича ЕХҲТ Демократик институтлар инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Миссиясининг якуний ҳисоботидаги қуйидаги фикрларини келтириш ўринлидир: “Сайловчиларни рўйхатга олиш пассив(нофаол) бўлиб, сайловчилар ўзларининг доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтган яшаш жойларидаги сайловчилар рўйхатига киритилганлар. Бу сайловларда илк бор марказлашган Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан (СЯEР) фойдаланилди. У қайта-қайта овоз беришни камайтириш ва сайловчилар қамровини анча кенгайтиришни олдига мақсад қилиб қўйган”.

 

Ушбу мисоллар мамлакатимизда сайловчиларни рўйхатга олиш амалиёти халқаро қоидалар билан ҳамоҳанг такомиллаштириб борилаётганини кўрсатади.

 

Демак, сайловчилар рўйхатини очиқ-ошкора тузиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган тартиб амалиётда фуқаролар хоҳиш-иродаси тўлиқ ифодаланишини таъминлашга хизмат қилибгина қолмай, мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг овози муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳам кўрсатади.

 

Дахлдорлик туйғусининг мустаҳкамланиши жорий йилда ўтказиладиган Президент сайлови Янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларнинг, барча фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси юксалиб бораётганининг яна бир бор намоён этадиган муҳим сиёсий тадбир сифатида дунё ҳамжамиятининг эътиборини қозонади.

 

Баҳодиржон ЮНУСОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг

доимий асосда ишловчи аъзоси.

 

Манба: “Ishonch” газетасининг 2021 йил 13 май 65-сони

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур