СAЙЛОВЛAР: ЖAМОAТ НAЗОРAТИНИНГ AМAЛДAГИ ИФОДAСИ

25.01.2023

2649

msk_yangiliklari_in

Шу йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларининг сайловлари бўлиб ўтади. Айни кунларда сайлов кампанияси қизғин паллага кирмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси, таниқли журналист Суяржон ҚУРБОНҚУЛОВ билан суҳбатимиз МСК томонидан сайловларни юқори ташкилий савияда, очиқ-ошкоралик тамойиллари асосида ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида бўлди.

 

- Мамлакатимизда бу йил сайловлар илк бор Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига асосан ўтказилади. Кодексга биноан Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловлар бўйича сайлов округлари сони кўпайди. Бунинг сабаби нимада?

 

- Ҳа, Сайлов кодексига мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун сайлов округлари сони кўпайиб, бир юз элликта этиб белгиланди. Илгари 135 сайлов округи бўлар ва 15 нафар депутат Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланар эди.

 

Эндиликда Ўзбекистон Экологик партияси ташкил этилганидан хабарингиз бор. Шу боис, мазкур партия ўз номзодларини умумий сайловларга қўяди ва депутатлик мандати учун бошқа сиёсий партиялар билан билан тенг кураш олиб боради. Бу – барча сиёсий партиялар учун соғлом рақобат муҳити яратилади, дегани. Сайловларнинг ўзаро тенглик шароитида, соф демократик руҳда ўтишига янада кенг йўл очади.

 

Шундай қилиб, Қонунчилик палатаси беш йил муддатга сайланадиган 150 депутатдан иборат бўлади. Парламентимизнинг қуйи палатаси депутатлари ҳудудий бир мандатлик сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида сайланади. Сайлов кодексининг 37-моддасида қайд этилганидек, Қонунчилик палатаси депутатлигига ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эга.

 

Мамлакатимизда ҳозир бешта сиёсий партия фаолият юритмоқда. Булар — Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси.

 

Шу ўринда, сайлов қонунчилигидаги барчамизга тегишли яна бир муҳим ўзгаришга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бу — сайлов куни овоз бериш вақти билан боғлиқ. Илгари сайловларда овоз бериш соат 06:00 дан соат 20:00 гача ўтказилган бўлса, эндиликда овоз бериш соат 08.00 да бошланади ва 20.00 да ниҳоясига етади. Сайловлар асосан йилнинг охирида, қиш фаслида ўтиши эътиборга олинса, бу ғоят тўғри ечим бўлганини таъкидлаш даркор.

 

- Сайлов кодексидан барча сайловчилар ва сайланувчилар билиши зарур бўлган яна қандай ўзгаришлар ўрин олган?

 

- Кодексда назарда тутилган муҳим янгиликларни санайверсангиз ўттиздан ошади. Уларнинг орасида сайлов ҳуқуқлари бўйича экспертлар, жумладан, халқаро ташкилотларнинг кўпни кўрган экспертлари ҳам “инновацион ўзгариш” деб эътироф этаётганларидан бири — Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидир. Эндиликда мамлакатимиздаги барча Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилди ва сайловчилар Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ўзи учун зарур маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.

 

Миллий сайлов тизимидаги бундай муҳим ўзгаришларни амалга оширишда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 октябрда қабул қилинган “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлмоқда.

 

Қайд этиш ўринлики, Марказий сайлов комиссияси мутахассислари тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини жорий этиш учун қарийб бир йилдан буён фаол ва самарали иш олиб бормоқдалар. Хусусан, уйма-уй юриб, сайловчилар рўйхатга олинди ва ҳар бир сайловчи турар жой кадастр рақамига бириктирилди.

 

Бундан мақсад “бир сайловчи – бир овоз” тамойилини тўлиқ ва бехато амалга оширишдан иборат. Дейлик, бирор сайловчининг яшаш жойи ўзгарса, бошқа жойда вақтинчалик рўйхатдан ўтса, бу ўзгариш Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида ўз аксини топади. Сайловчининг фақат бир жойда бир марта овоз беришига хизмат қилади.

 

Бу электрон тизим орқали сайловчилар учун яна бошқа қулайликлар ҳам яратади. Масалан, сайловчи Марказий сайлов комиссияси сайтини (ELECTIONS.UZ) очиб, паспорт рақамини киритиш орқали ўзининг қайси сайлов участкасига мансуб эканлигини ва сайлов участкаси жойлашган манзилни осонгина аниқлаши мумкин.

 

- Суяржон Машарифович, Сиз Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси сифатида ҳудудларда сайловга пухта тайёргарлик кўриш ва уни юксак ташкилий савияда ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг боришидан яхши хабардорсиз. Қизғин паллага кираётган ушбу жараён ҳақида нима дея оласиз?

 

- Сайловларга тайёргарлик ишлари бутун мамлакатимиз бўйлаб жадал давом этмоқда. Куни кеча МСКнинг навбатдаги мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказадиган барча сайлов округлари тартиби, жойлашган манзили, чегаралари ва сайловчилар сони шакллантирилди. Бошқача айтганда, мамлакатимиз бўйича 150 сайлов округи тузилди.

 

Бундай кенг кўламли ишлар Сайлов кодекси қабул қилиниши муносабати билан Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурига биноан изчиллик билан амалга оширилмоқда. Дастурда белгиланган вазифаларнинг ижросига ҳар қачонгидан эрта – июнь ойиданоқ киришилганини алоҳида таъкидлашимиз зарур.

 

Барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга оид билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренинглар одатдагидан уч ой аввал — 3 августдан бошланди.

 

Ўқитишнинг юқоридан қуйига қараб кенгайиб, такомиллашиб борадиган кўп босқичли бу усули ўзининг юксак самараларини бермоқда. Якунига етган икки босқичда сайлов комиссияларининг 51 мингга яқин раис, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар ўқитилди. 3 октябрдан семинар-тренингларнинг учинчи босқичи давом этмоқда.

 

Мен Сурхондарё вилоятида сайловларга тайёргарлик ишларида ёрдам бериш бўйича масъул сифатида воҳанинг барча туманларида ўтказилган ана шундай семинар-тренингларда мунтазам иштирок этиб келяпман. Ўтган ҳафта Термиз шаҳри, Узун, Сариосиё ва Жарқўрғон туманларида бўлиб, сайлов комиссияларида сайловларни ўтказиш учун яратилган зарур шароитлар билан ҳам танишдик.

 

Вилоятда сайловларни юксак савияда ташкил этиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 11, Халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказадиган 60, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказадиган 409 сайлов округи тузилди. Айни пайтда барча округ сайлов комиссияларининг таркибини шакллантириш ниҳоясига етмоқда. Шунингдек, воҳада 785 участка сайлов комиссияси фаолият юритиши режалаштирилган. Сиёсий партияларнинг вилоятдаги вакиллари имзо тўплаш ишларини якунламоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказининг вилоят бўлими ўз фаолиятини бошлади.

 

- Сиз ўз вақтида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимида ҳам самарали фаолият юритгансиз. Мамлакатимизнинг сайловга оид қонунчилигида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг сайловлар жараёнидаги иштирокига оид қатор нормалар ўз ифодасини топган. Бу нормаларнинг аҳамияти нимада?

 

- Амалдаги қонун ҳужжатларига биноан бу ноёб органга жуда кўплаб ваколатлар берилганки, санасангиз етмишдан ошади. Шунинг ўзи демократиянинг амалдаги ифодаси эмасми! Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари орасида сайлов билан боғлиқ ваколатлар ҳам анчагина.

 

Биринчидан, Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари номзодлари бўйича тавсиялар тақдим этади;

Иккинчидан, Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиш учун участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тақдим этади;

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларига уларнинг сайловчилар билан учрашувларини уюштиришда, фуқароларни қабул қилишда, улар ўз сайлов округларида бошқа ваколатларини амалга оширишида кўмаклашади.

Тўртинчидан, Сайлов кодексига киритилган энг муҳим янгиликлардан бири — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам сиёсий партиялар каби ҳар бир сайлов участкасига ўз кузатувчиларини қўйиш ваколати берилди.

 

Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига берилган бундай кенг кўламли ваколатлар мамлакатимизда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида сайлов эркинлигини таъминлаш, жамоат, яъни халқ назоратини янада кенг ва тўла амалга оширишга хизмат қилади.

 

- Сайловларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кимлар кузатувчи бўлиши мумкин? Мамлакатимиз миллий сайлов тизимида илк бор амалда қўлланилаётган ушбу янгиликка батафсилроқ тўхталиб ўтсангиз.

 

-Бу масала Марказий сайлов комиссиясининг яқинда ўтган навбатдаги мажлисида сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида батафсил муҳокама қилинди. Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари тўғрисида низом қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг 33-моддаси, “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчиларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби белгиланган.

 

Бундай кенг кўламли кузатувдан мақсад — сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини янада кенгроқ амалга оширишдан иборат.

 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари сайловларда кузатувчи бўлиши мумкин.

 

Қайд этишимиз зарурки, бўлажак сайловларни маҳаллий кузатувчилардан ташқари, БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ Ижроқўми, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг ва хорижий давлатларнинг миссиялари ҳам кузатиб боради.

 

- Кузатувчилик мандати кузатувчига қандай ҳуқуқлар берилиб, қандай мажбуриятлар юкланади?

 

- Бундай мандат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг кузатувчисига кўплаб ҳуқуқлар беради. Жумладан, кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, тегишли сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида қатнашиш ҳуқуқига эга.

 

Кузатувчи ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига амал қилиши шарт.

 

- Жорий йилда мамлакатимизда хотин-қизларнинг манфаатларини, ҳуқуқларини, жумладан, сайловга оид ҳуқуқларини, манфаатларини янада кенг ва изчил таъминлашга доир бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

 

Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида аёлларнинг сайлов ҳуқуқларини эркаклар билан амалда тенг таъминлаш масаласига қандай эътибор қаратилмоқда?

 

- Гендер тенглиги ва бағрикенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг давлат ва жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид қарорлар қабул қилишдаги иштирокини, сайлов ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамият ҳаётидаги фаоллиги ва мақом-мавқейини янада юксалтириш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидандир.

 

Сиз номларини тилга олган янги қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши бунинг амалдаги ёрқин ифодасидир. Давлатимиз хотин-қизларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида эркаклар билан тенг иштирок этишини, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашни кафолатлайди.

 

Халқаро ҳамжамиятда кенг истифода этиладиган “гендер тенглик” тушунчаси – эркаклар ҳамда аёллар давлат ва жамият ҳаётнинг барча соҳалари, жумладан, бошқарув, қарорлар қабул қилиш ва хавфсизлик каби соҳаларда ҳам тенглик асосида иштирок эта олишини назарда тутади.

 

Юртимизда аёлларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга ҳамиша алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, мамлакатимизда хотин-қиз сайловчилар сони 10 миллиондан ошади. Бу жуда муҳим ва катта кўрсаткичдир.

 

Жорий йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши билан сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланди. Келишувлар аёлларнинг ва ёшларнинг, айниқса, биринчи марта овоз берадиган йигит-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, сайловларда фаол иштирок этишини, овоз беришини таъминлашга доир аниқ тадбирлар белгиланган.

 

Шу ўринда таъкидлашимиз жоизки, бундай келишувлар Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти ва Ўзбекистон Карлар жамияти билан ҳам имзоланди.

 

Мақсад — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларни бирлаштирган жамиятлар билан ҳамкорликни янада кучайтиришдан иборат.

 

Зеро, Сайлов кодексининг 4-моддасига мувофиқ, фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқейи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуққа эгадир.

 

Ушбу кодекснинг 70-моддасига эътибор берсангиз, аёлларнинг сони сиёсий партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши кераклиги белгиланганига амин бўласиз.

 

Мазкур Кодекснинг 91-моддасига кўра эса аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши керак.

 

Айни пайтда сайловлар жараёнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлари томонидан давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни тавсия этиш жараёнида ижтимоий фаол хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бошқача айтганда, бу йилги сайловларда округ ва участка сайлов комиссиялари раҳбарлари ва аъзолари сафида аёлларимиз ҳар қачонгидан кўп бўлади.

 

Мамлакатимиз миллий сайлов тизимида амалга оширилаётган бу каби кенг кўламли ва изчил ишлар сайловларни умумеътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказиш, барча фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларини тўла ва самарали таъминлашга хизмат қилади.

 

Суҳбатни Бахтиёр АБДУСАТТОРОВ уюштирди.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур