САЙЛОВГА ТАЙЁРГАРЛИК НИМАДАН БОШЛАНАДИ ЁХУД ХОРИЖДАГИ ФУҚАРОЛАРИМИЗНИНГ УНДАГИ ИШТИРОКИ ҚАНДАЙ ТАЪМИНЛАНАДИ?

27.01.2023

2541

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури қабул қилиниб, ижросига киришилганига бир ойдан ошди. Мазкур жараёнлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Суяржон ҚУРБОНҚУЛОВнинг фикрлари билан қизиқдик.

 

– Президент сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури қабул қилинди. Бундай пайтда ҳар кун – ғанимат. Ўтган вақт мобайнида дастур ижроси бўйича амалга оширилган ва оширилаётган ишлар ҳақида дастлабки хулосалар қандай?

 

– Миллий сайлов тизимининг турли даражадаги – участка сайлов комиссиясидан то Марказий сайлов комиссиясигача бўлган барча бўғинларида фаолият юритиб, анча-мунча тажриба орттирган сайлов ташкилотчиларидан бири сифатида айтишим мумкинки, Президент сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурининг ижросига ҳар қачонгидан жадал ва тизимли равишда киришилгани дарҳол сезилди. Барча даражадаги сайлов ташкилотчилари сайловга тайёргарлик кўришга, халқимиз топиб айтганидек, бир ёқадан бош чиқариб, астойдил киришди. Тайёргарлик ишлари Марказий сайлов комиссияси томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир жорий йил 8 февраль куни қабул қилинган қонун билан сайлов қонунчилигининг такомиллаштирилиши бунинг ёрқин далили бўлди.

 

– Дарвоқе, буни нафақат миллий экспертларимиз, халқаро ташкилотларнинг вакиллари, хорижлик сиёсатчилар, экспертлар ва журналистлар ҳам кенг эътироф этмоқда.

 

– Тўғри. Бир мисол. Яқинда мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг мақбул тавсиялари Ўзбекистон томонидан қабул қилинаётганидан мамнуният билдирар экан, “Шундай ҳамкорликни давом эттиришга доимо тайёрмиз”, деб алоҳида таъкидлади.

 

Немис журналисти Фолкер Неф Европанинг машҳур “Allgemeine-Berliner-Zeitung“ онлайн газетасида салмоқли таҳлилий мақоласини эълон қилди. Мақолада янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини, жумладан, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлаш борасидаги кенг кўламли ишларга юксак баҳо берилган. Муаллиф 2016 йилдан Ўзбекистон янги тараққиёт босқичига қадам қўйганини алоҳида таъкидлайди. Ўтган давр мобайнида мамлакат ҳаётининг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларида ғоят улкан ислоҳотларни амалга оширишга эришилди. Ушбу юксалиш жараёнида инсон ҳуқуқларини кенг таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш, жамиятни демократлаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларига айланди. “Юксак мақсад сифатида энг илғор халқаро стандартлар, ҳамкор сифатида эса БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар танланган”, деб қайд этади хорижлик журналист. Бундай эътирофларни яна кўплаб келтириш мумкин.

 

– Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга биноан, энди Президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари сайлови уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловга тайёргарлик ишларини жадаллаштиришга ана шу омилнинг ҳам таъсири бўлса керак?

 

– Албатта, кенг жамоатчиликнинг таклифига биноан, сайлов ўтказиш муддатининг қаҳратон қиш – декабрдан, илиқ кунлар – октябрь ойига кўчирилиши, сайлов қонунчилиги ва амалиётига киритилган бошқа муҳим ўзгартишлар ва қўшимчалар сайловга ҳар қачонгидан сифатли, тизимли ва жиддий тайёргарлик кўришни тақозо қилади. Юқорида айтганингиздек, бундай пайтда ҳар кун ғанимат.

 

Сайловга тайёргарлик, аввало, миллий сайлов қонунчилигини ва умумеътироф этилган халқаро сайлов стандартларини пухта ўрганишдан бошланади. Шу жиҳатдан қараганда, Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент сайловига тайёргарлик кўриш ишлари бу борадаги асосий тадбирлар дастури қабул қилинишидан аввалроқ бошланган эди, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан.

 

– Шу ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтсангиз.

 

– Сайлов қонунчилигига жорий йилда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан кенг жамоатчиликни хабардор этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тизимли ишларни амалга ошираётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бунда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда юзлаб чиқишлар ва сайловчилар билан бевосита мулоқотлардан самарали фойдаланилмоқда.

 

Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи ва жойларда фаолият юритаётган аъзолари, етакчи мутахассислари ва сайлов бўйича экспертларнинг элликдан ортиқ мақола, суҳбат ва шарҳлари чоп этилди. Улар телерадиоканалларда ташкил этилган ва этилаётган мунозаралар, давра суҳбатлари ва бевосита мулоқотларда мунтазам иштирок этмоқда. Бу жараёнда асосий эътибор сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтиришга, аҳолининг сайлов жараёнидан хабардорлигини, сайловга ишончини ошириш ва дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга қаратилмоқда.

 

Марказий сайлов комиссияси аъзоси сифатида оммавий ахборот воситалари – телерадиоканаллар, газеталар, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги қатор чиқишларимдан ташқари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ана шундай давра суҳбатида ҳам иштирок этдим. Мазкур олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари, талабалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган учрашув зиёлиларимизнинг, айниқса, ёшларнинг Президент сайловига қизиқиши, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик туйғуси баланд эканини яққол кўрсатди. Баҳс-мунозара ва савол-жавоблар роса қизиди.

 

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон: сайлов ҳуқуқининг янги кафолатлари” мавзусида ташкил этилган тадбир, гарчи расман “семинар” деб аталган бўлсада, турли миллат вакилларидан иборат сайловчилар билан самимий суҳбатга айланиб кетди. Тадбирда мазкур қўмита раҳбарлари ва масъул ходимлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, мамлакатимизда фаолият юритаётган Миллий маданий марказлар ва Дўстлик жамиятлари вакиллари иштирок этди. Турли ёш, турли касб, турли миллат вакиллари, ҳатто турли тилларда гапирган бўлсада, уларни ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистонга меҳр, эл-юрт тақдирига дахлдорлик, Президент сайловига улкан қизиқиш бирлаштириб турарди. Бундай аҳилликни ва бирдамликни кўришнинг ўзи кишига катта қувонч, Ватанимизнинг, халқимизнинг истиқболига улкан ишонч бағишлайди.

 

Бундай очиқ ва самимий мулоқотларни Марказий сайлов комиссияси томонидан бошқа олий таълим даргоҳлари, илмий муассасалар, ташкилотлар ва маҳаллаларда ўтказилган тадбирларда ҳам кўриш мумкин.

 

– Президент сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурида сайлов участкаларининг чегараларини олдиндан аниқлаш, участка сайлов комиссиялари жойлашадиган бино ва хоналарни инвентаризациядан ўтказишга доир вазифалар ҳам ўз ифодасини топган. Кўпчиликнинг саъй-ҳаракатини талаб қиладиган бундай ишларнинг ижроси қандай аҳволда?

 

– Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларидан олинган маълумотларга қараганда, Кадастр агентлиги, Ички ишлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ҳозирча мамлакатимиз бўйича 10797 та сайлов участкасининг чегаралари аниқланган.

 

Айни пайтда участка сайлов комиссиялари жойлашадиган бинолар ва хоналар инвентаризациядан ўтказилиб, уларнинг сайлов жиҳозларига бўлган эҳтиёжини аниқлаш ишлари якунланмоқда. Сайлов участкаси пешлавҳаси, бўлажак номзодларга доир маълумотлар, сайловчилар рўйхати жойлаштириладиган стендлар, сайлов участкаси йўл кўрсаткичларининг дизайн намуналари тайёрланди.

 

– Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, Ўзбекистоннинг чет давлатларда истиқомат қилиб турган фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, хорижий мамлакатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутилар орқали овоз беришнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. Қонунчиликда яратилган бундай кенг имкониятлардан амалиётда фойдаланиш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?

 

– Аввало, хориждаги фуқароларимизнинг сайловдаги иштирокини кенг таъминлаш бўйича вазифалар аниқ белгилаб олинган. Мамлакатимизнинг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари вакиллари иштирокида яқинда навбатдаги видеомулоқот ўтказилди. Унда хорижда шакллантириладиган сайлов участкаларини, шу жумладан, кўчма сайлов қутилари ёрдамида (Ўзбекистон фуқаролари зич яшайдиган ва ишлайдиган жойларда) овоз бериш ташкил этиладиган жойларни аниқлаш, чет эллардаги ватандошларимизни сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритиш бўйича электрон мурожаатлар хизматини йўлга қўйишга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Бу йўналишда бажарилиши зарур бўлган ишлар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

 

– Сайловни миллий қонунчилик ва халқаро сайлов стандартларига мос тарзда юқори ташкилий даражада ўтказиш учун, энг аввало, участка сайлов комиссияси аъзолари ҳамда сайлов жараёни бошқа ташкилотчиларининг ҳуқуқий билим ва амалий кўникмасини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида нималар дея оласиз?

 

– Бундай ишлар ҳар қачонгидан кўра изчил ва тизимли йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади. Бу йўналишдаги ишлар Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 27 апрелда ўтган мажлисида тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси асосида бажарилмоқда.

 

Ушбу мажлис якунида мазкур концепция ижросини белгиланган муддатларда ва сифатли таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳамда Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.

 

Ушбу ҳужжат Президент сайлови ва сайловолди жараёнларини юксак савияда ташкил этиш учун сайлов жараёни ташкилотчиларининг сайлов қонунчилиги ҳамда амалиётига оид билими ва амалий кўникмасини янада ошириш, давлатимиз фуқароларининг амалдаги сайлов институтларига ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатимиздаги кенг кўламли инсонпарвар ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш мақсадида кўп томонлама манфаатли ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида имзоланди.

 

Ҳамжиҳатликда қилинаётган бундай тизимли ишларнинг дастлабки натижаси аён. Давлат бошқаруви академиясида сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар ва сайлов жараёни бошқа ташкилотчиларининг малакасини ошириш учун масъул республика тренерлари ҳамда масъул шахсларнинг семинар-тренинглари бўлиб ўтди.

 

Бир ҳафта давом этган семинар-тренинг Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчиларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастури ва ўқув-методик материаллар асосида айнан шу экспертлар томонидан олиб борилди. Жараёнда ўн иккита мавзуда видеодарс ва видеороликлар тасвирга олинди. Мазкур академия ва университет экспертлари билан ҳамкорликда “Сайлов қонунчилиги ва амалиёти” ўқув-амалий қўлланмаси тайёрланди ва нашрга берилди.

 

Бу семинар-тренинглар — Президент сайлови жараёни ташкилотчиларининг сайлов қонунчилиги бўйича малакасини ошириш тизимининг дастлабки босқичи. Бу каби кенг қамровли ўқувлар бутун республикамиз бўйлаб 17 майдан бошлаб юборилди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг Президент сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланган мажлисида бир ибратли гап алоҳида таъкидланди: Президент сайлови – қайси ташкилотда ишлашимиздан қатъи назар, сайловни ташкил этувчилар учун ҳам, сайловда иштирок этадиган сиёсий партиялар учун ҳам, сайловчилар учун ҳам, оммавий ахборот воситалари учун ҳам ғоят катта масъулият юклайдиган муҳим сиёсий жараён. Бу масъулиятли жараёндан ёруғ юз билан ўтиш барчамизнинг шарафли бурчимиз.

 

Наргис СОБИРОВА,

суҳбатлашди

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур