Мамлакатимизда улкан сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Муҳим сиёсий воқеа
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 26 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлиси ана шу муҳим сиёсий воқеага бағишланди.
Маълумки, Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари беш йил муддатга сайланади. Амалдаги Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга депутатлар сайлови 2019 йили ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Демак, Олий Мажлис қўйи палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови 2024 йил 27 октябрь, якшанба куни бўлиб ўтади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексида белгиланган муддатлардан келиб чиқиб, 26 июлдан Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампаниясига старт берилиб, календарь режа тасдиқланди.
Ушбу сайловларда Конституциямиз ва халқаро сайлов стандартларига биноан мамлакатимизнинг олий давлат вакиллик ва қонун чиқарувчи органи ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг таркиби янгиланиши таъминланади.
Сифат ўзгаришлари
Сайлов кампанияси бошланган куни Комиссиямиз томонидан қабул қилинган қарорлар, ўтказилган бир қатор қизиқарли брифинглар, тақдимот маросимлари ва суҳбатлар бўлажак сайловларнинг ўзига хос жиҳатларига бағишланди. Оммавий ахборот воситалари ушбу тадбирларни тезкорлик билан ёритишга ва атрофлича шарҳлашга киришди. Турли жанрлардаги юзлаб материаллар эълон қилинди ва улардан миллионлаб одамлар, шу жумладан, хорижда ҳам баҳраманд бўлди. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришларга нафақат юртдошларимизнинг, балки халқаро жамоатчиликнинг ҳам катта қизиқишидан далолатдир.
Тадбирларда бир гап алоҳида таъкидлангани кўпчиликнинг эътиборини тортди: Янги Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётининг тизимли равишда демократик андозаларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириб келинаётгани фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини кенг ва тўла таъминлаш борасида сифат ўзгаришларини амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Ўз давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигини нишонлашга ҳозирлик кўраётган мамлакатимиз миллий сайлов тизимида амалга оширилаётган ана шундай буюк ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва самаралари ҳақида сўз юритишнинг айни фурсати, деб ўйлайман.
Жаҳонда кечаётган ривожланиш жараёнларига синчков разм солинса, турфа маназараларга дуч келиш мумкин. Бундай манзара Ғарб ва Шарқнинг энг ривожланган демократик давлатларида халқаро кузатувчи сифатида сайловларни кузатиш асносида уларнинг сайловларга доир миллий қонунчилиги ва амалиётида юз бераётган ўзгаришларда ҳам кўринади. Неча юз йиллар бурун эркин демократик сайловларга бешик бўлган мамлакатларнинг миллий сайлов тизими ҳали ҳамон такомилга эҳтиёж сезади. Ўзгаришларга юз тутади. Ҳа, тараққиёт – муттасил такомилга интилишда.
Янги Ўзбекистоннинг миллий сайлов қонунчилиги, сайлов комиссиялари ва сайловларни ўтказиш амалиёти халққа, сайловчиларга янада яқинлашганини алоҳида таъкидлаётган халқаро экспертларнинг фикри амалда ўз тасдиғини топмоқда. Тизим, таъбир жоиз бўлса, сайловчининг талаб ва истакларига мос йўлларни фаол изламоқда ва топмоқда. Такомил – дунё давлатлари интилаётган энг тўғри йўл. Ҳар бир янги қулайлик, тараққиётнинг ҳар бир меваси, энг аввало, азиз ва мукаррам инсоннинг манфаатларига хизмат қилиши, инсоннинг қалбини янада юксалтириши зарур.
Ҳаётбаҳш ғоя
Шу жиҳатдан олиб қараганда, мамлакатимизнинг миллий сайлов қонунчилиги, амалиёти ва сайлов комиссиялари тизимидаги сифат ўзгаришлари инсон қадри ҳар нарсадан улуғ деган ҳаётбаҳш ғояга мос равишда такомиллашиб бораётганини кўрамиз. Янги Ўзбекистонда сайловлар ва референдумга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш фалсафасида ана шу ёрқин миллий ғоя ўзининг инъикосини топмоқда.
Эслайлик, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бундан беш йил аввал миллий сайлов қонунчилигига оид бешта қонун ва ўнлаб қонуности ҳужжатларини ўзида мужассам этган Сайлов кодексининг қабул қилинишини сайлов жараёни иштирокчилари ҳам, халқаро экспертлар ҳам қандай қизғин ҳайрихоҳлик билан кутиб олган эди. Лойиҳаси самарали муҳокамалардан сўнг қабул қилинган Кодекс парламентимиз қўйи палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловларда 2019 йили илк бор синовдан муваффақиятли ўтгани ҳам ёдимизда.
Бундай муваффақиятларнинг бош омили – аввало жамоатчилик фикри инобатга олиниб, халқимиз билан биргаликда, маслаҳатлашиб қабул қилинаётган қонунлар ва қарорлардадир. Бу ўтган йили янги таҳрирдаги миллий Конституциямизни ишлаб чиқиш ва умумхалқ референдумида қабул қилиш жараёнида янада ёрқин намоён бўлди. Конституция том маънодаги халқ муаллифлигидаги тарихий ҳужжат бўлганини аҳли дунё кенг эътироф этди. Ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларнинг бу жараёнларда фаол иштироки уларда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси баланд ва собит эканини кўрсатди.
2023 йилнинг 18 декабрь куни кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун ҳам жамоатчиликнинг фикрлари кенг эътиборга олиниб қабул қилинган ҳужжатлардан биридир.
Мазкур Конституциявий қонунда Қонунчилик палатасига сайловда аралаш, яъни можаритар ва пропорционал тизимини жорий қилишга доир янги номалар белгиланди. Аралаш сайлов тизимининг афзаллиги – ўзида амалдаги можаритар ва пропорционал сайлов тизимларининг энг илғор тамойилларини уйғунлаштириб, бир-бирини ўзаро тўлдирганида.
Биламизки, парламентимиз қўйи палатаси беш йил муддатга сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат. Бу йил мамлакатимиз тарихида биринчи марта депутатларнинг етмиш беш нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича сайловчиларнинг бевосита номзодларга берган овозларига мувофиқ сайланади. Қолган, етмиш беш нафари эса ягона сайлов округи бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати (яъни партия рўйхати) асосида сайланади.
Энди сайловчи Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловда иккита бюллетен орқали овоз беради: биринчисида аниқ бир номзодга овоз берса, бошқасида ўзи ишонган сиёсий партияни белгилайди.
Илгари депутатликка номзодлар орасида аёллар камида 30 фоиз бўлиши керак деган гендер квотаси, эндиликда 40 фоизгача кўтарилди. Сиёсий партия рўйхатидаги кетма-кетликда эса камида ҳар беш номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим.
Можаритар тизимда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг ҳеч бири сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини ололмаслиги мумкин эди. Бу эса такрорий овоз беришни ўтказиш, қўшимча ташвиш ва харажат демакдир. Жумладан, 2019 йилда ўтказилган парламент сайловларида йигирма бешта сайлов округида такрорий овоз бериш ўтказилган.
Бундан ташқари, бўшаб қолган депутатлар ўрнини тўлдириш учун сайлов комиссиялари фаолиятини қайтадан тиклаш зарур. Бу эса минглаб одамларни яна сайлов комиссиялари ишига жалб этиш, сайловчиларни яна овоз беришга даъват қилиш билан боғлиқдир. Пропорционал сайлов тизимининг афзаллиги – бундай ҳолатларда партия томонидан кўрсатилган рўйхат бўйича навбатдаги номзод депутатлик ўрнини эгаллайди. Партиялар томонидан шакллантирилган рўйхатлар жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинади.
Фаол рақобат муҳити
Жорий йилдаги сайловлар янгиланган Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган шароитда ўтади.
Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги бештадан ўн иккитага, Олий Мажлис Сенатиники эса, ўн иккитатадан ўн саккизтага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кенгайтирилди.
Ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгашларига раҳбарлик қилиши бекор қилинди. Давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида аввал ҳокимлар ваколатида бўлган ўттиз учта ваколат маҳаллий кенгашларга ўтказилди. Бу эса сиёсий партиялар ва номзодлар ўртасида фаол рақобат муҳитининг шаклланишига хизмат қилади.
Қайд этиш зарурки, номи қайд этилган Конституциявий қонун талабларидан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссиясининг барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўла хатловдан ўтказилди. Ўнга яқин низом, йўриқнома ва бошқа ҳужжатлар янгидан ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Айримларига зарур ўзгартиришлар киритилди.
Эътибор марказидаги одам
Сайловлар жараёнида эътибор марказидаги энг муҳим одам –сайловчи. Бутун жараён унинг манфаатларини кўзлаб ташкил этилади. Қонунлар, тартиб-қоидалар, энг аввало, сайловчига қулайлик яратиш нуқтаи назаридан ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йилнинг 2 июль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартиб-қоидалар ҳам айни мақсадга хизмат қилади. Таъбир жоиз бўлса, унда сайловда овоз беришни ташкил қилишнинг “ипидан игнасигача” қамраб олинган.
Дейлик, сайловчилар овоз бериш хонасига қайси эшикдан кириб, қаердан чиқиб кетишигача, овоз бериш хонасида сайлов куни ва овозларни санаб чиқиш жараёнида кимлар, масалан, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, комиссия раиси, ўринбосари, котиби, аъзолари қаерда туриши ёки ўтиришигача, қандай вазифаларни бажаришигача, яширин овоз бериш кабиналари, сайлов қутиси, ҳатто кўчма овоз бериш қутиси қаерда жойлашишидан тортиб, далолатномаларнинг шаклларигача аниқ белгиланди. Сайлов ташкилотчиларига танлаш имкониятини яратиш мақсадида овоз бериш хонасини ташкил этишнинг тўрт хил вариантдаги тарҳи-схемаси таклиф этилади.
Сайловчилар учун ҳам, сайлов ташкилотчилари учун ҳам пишиқ-пухта ишлаб чиқилган бундай қулайлик, аниқлик, бирхиллик ва қатъий тартиб ўз самараларини беришига ишонаман. Бир қарашда, анчайин майда, ҳатто арзимас нарсадек кўринган бундай тартиботни шу пайтгача ҳар ким ҳар хил - ўзининг диди, савияси ва имкониятидан келиб чиқиб қўллагани маълум. Натижада, участка сайлов комиссияларининг ишини тўғри ташкил этиш борасида муаяйн ноқулайликлар туғилгани сир эмас. Холбуки, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдек муҳим сиёсий жараёнда эътибордан соқит қилиш мумкин бўлган майда нарсанинг ўзи йўқ.
Эътибор беринг: ҳатто участка сайлов комиссиясининг пешлавҳаси, сайлов участкасига йўналтирилган йўлкўрсаткичлар ҳар хил шакл ва рангларда ёзилган ёки умуман унутилган. Ҳар хилликка чек қўйилиб, бирхиллик сари жиддий қадамлар ташланди: миллий стандартлар ва талаблар белгиланди.
Бир йўла Қонунчилик палатаси, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтадиган жорий йилда бу айниқса, янада муҳим аҳамият касб этади.
Театр кийимилгичдан бошланади, деган машҳур иборани кўпчилик билади. Сайлов участкасида сайловчига эътибор йўлкўрсаткичдан бошланади десак, муболаға бўлмайди. Овоз бермоқчи бўлган сайловчилар, айниқса, кексалар, сайлов участкасини топишга қийналиб, сўраб-суриштириб юрганига кўпчилигимиз дуч келганмиз. Икки қаришлик оддий лавҳада давлатимизнинг ўз фуқароларига ҳурмат-эҳтироми мужассамдир.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон қадрини янада юксалтириш, сайлов ҳуқуқини янада кенг ва тўла таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор бераётган самаралардир.
Номзод кўрсатиш ҳуқуқи
Сайлов кампаниясининг аввалида кўпчиликни қизиқтирадиган саволлар бўладики, уларга бирйўла жавоб бериш фойдадан ҳоли бўлмайди. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида беш йил муддатда ўтказилади. Ушбу кенгашлардаги депутатлик ўринлари сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Илгари Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларида тенг тартибда - олтмиш нафаргача, туман ва шаҳар кенгашларида эса ўттиз нафаргача депутатлик ўрни бўлган.
Сайлов кодексига асосан Қонунчилик палатаси депутатлигига ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эга.
Таъкидлаш ўринлики, сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаган ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловда иштирок этишига ижозат берилган тақдирдагина, депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин.
Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин сиёсий партияларга белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари берилади.
Сиёсий партия битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоиз имзосини тўплаши мумкин.
Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади. Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳини тузади.
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловларда иштирок этишга ижозат олиш ва депутатликка номзодлар кўрсатиш учун эса сиёсий партиялар томонидан сайловчиларнинг қўллаб-қувватловчи имзоларини тўплаш талаб этилмайди.
Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва сайловга қирқ беш кун қолганида тугайди. Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида якунланади.
Кимлар депутат бўлиши мумкин?
Қонунчилик палатасига сайланиш ҳуқуқига сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар эга.
Маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайланиш ҳуқуқига эса сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар эга. Депутатликка номзод сифатида рўйхатга олиш учун қўйиладиган талаблар Сайлов кодексида белгилаб қўйилган.
Қонунчилик палатасига депутатликка номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади. Қайд этилганидек, сиёсий партиялар: бир мандатли сайлов округлари бўйича депутатликка етмиш беш нафар номзод, яъни ҳар бир сайлов округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатади.Партия рўйхати бўйича эса етмиш беш нафардан кам бўлмаган, юз нафардан кўп бўлмаган депутатликка номзод кўрсатади.
Бир мандатли сайлов округларида айни бир шахс фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин.
Партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу сиёсий партиянинг аъзолари ёки партиясиз бўлиши мумкин. Бошқа сиёсий партиянинг аъзолари ушбу рўйхатга киритилиши мумкин эмас. Бир мандатли сайлов округлари бўйича кўрсатилган номзодлар ҳам партия рўйхатига киритилмайди.
Гап маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар ҳақида борар экан, бунда ҳам сиёсий партияларнинг тегишли органлари томонидан номзодлар кўрсатилишини таъкидлашимиз ўринли.
Сиёсий партиялар тегишли ҳудудда жойлашган ҳар бир сайлов округидан маҳаллий кенгашлар депутатлигига биттадан номзод кўрсатишга ваколатлидир. Бир шахс тегишли маҳаллий кенгашга сайлов ўтказиш бўйича фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин.
Рақамлашаётган мулоқот
Ўзбекистонда сайлов жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш – доимий эътибор қаратилаётган энг муҳим йўналишлардан биридир. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимининг сўнгги йилларда ўтказилган сайловларда муваффақиятли қўлланилгани шулар жумласидандир.
Эндиликда барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилди. Сайлов тартиботидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракати қисқартирилди.
Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда миллий сайлов амалиётига “E-saylov” ахборот тизими жорий этишга киришилгани бу йилги сайловлар жараёнидаги муҳим янгиликлардан яна биридир. Ушбу замонавий тизимнинг афзаллиги – сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари билан қарийб 60 турдаги муносабатлари тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади. Сайлов жараёнининг жами 400 мингга яқин иштирокчиси, жумладан сайлов комиссиялари аъзолари, депутатликка номзодлар, кузатувчиларга оид катта маълумотлар базаси шакллантирилади. Тизимдан 32 минг нафар сайлов жараёни иштирокчиси профессионал тарзда фойдаланади ва қирқ турдаги SMS-хабарномалар орқали мулоқот ўрнатилади.
“E-Saylov” ахборот тизимида фуқаролар учун ҳам сайловга оид ахборотларни олишда бир қатор қулайликлар жорий этилган. Хусусан, ахборот тизими сайловчилар ва сайлов участкаларига оид статистик маълумотларни олиш, барча турдаги сайловлар бўйича депутатликка номзодлар ҳақида ахборотга эга бўлиш, интерактив хариталарда депутатликка номзодлар ва уларнинг таржимаи ҳоли билан танишиш имконини беради.
Ушбу янги тизим жорий йилда Халқ депутатлари Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар кенгашларидаги бўшаб қолган депутатлик ўринларига ўтказилган сайловларда муваффақиятли синаб кўрилди.
Юксак шараф ва улкан масъулият
Миллий сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди.
Эндиликда Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловини ўтказувчи комиссиялари тизими Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссияларидан иборатдир.
Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 29 май куни қабул қилинган “Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссияларини тузиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз тарихида биринчи марта вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари тузилди. Миллий сайлов комиссияларимиз тизимида янги ва муҳим бўғин бўлган ушбу комиссиялар вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида тузилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ҳудудий сайлов комиссияларининг ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси амалга оширади.
Ҳудудий сайлов комиссиялари аъзоларининг умумий салмоғи – 267 нафар (56 фоизи – эркаклар, 44 фоизи – аёллар), шундан 223 нафари (84 фоизи) аввалги сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда қатнашган. Сайлов кодексига мувофиқ, ушбу комиссияларнинг уч нафаргача аъзоси доимий асосда иш юритади.
Халқаро ташкилотлар рейтингида дунёдаги энг хатардан ҳоли, тинч ва осойишта, ҳуқуқ устуворлиги энг тез яхшиланаётган мамлакат сифатида биринчи ўринни олган Янги Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимида фаолият юритиш ҳар бир фуқаро учун юксак шараф ва улкан масъулиятдир.
Халқаро андозалар асосида
Сайловларни юқори савияда ташкил этишда сайлов комиссиялари аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги ва амалиёти ҳамда сайловларга оид халқаро стандартлар бўйича билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.
Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йилнинг 27 май куни тасдиқланган ва ижросига жадал киришилган Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси ана шундай мақсадга хизмат қилади.
Концепция доирасидаги ўқитиш ишлари уч йўналиш ва икки босқичда амалга оширилади. Машғулотларда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилади. Айни пайтда, малакали экспертлар томонидан тайёрланган ўқув-услубий материаллар, жумладан, қўлланмалар, маърузалар матни, топшириқ саволлари, тест, тақдимот, инфографика, видео-дарс ва бошқа материаллар тингловчилар эътиборига ҳавола этилади.
Айни кунларда мазкур Концепцияда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Эшикларимиз доим очиқ
Сайловларга тайёргарлик жараёнида сайловолди ташвиқоти алоҳида аҳамият касб этади. Сайловолди ташвиқоти номзодларни ва партия рўйхатини белгиланган тартибда рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан, яъни 22 сентябрдан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.
Марказий сайлов комиссияси ва барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини ҳамиша очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига биноан ташкил этиб келмоқда. Журналистлар учун эшикларимиз доим очиқ. Фақат овоз бериш яширин! Бунинг яққол далили – Марказий сайлов комиссияси ҳузурида Матбуот маркази фаолиятининг йўлга қўйилганидир. Таъкидлаш зарурки, Матбуот марказининг ҳудудий бўлинмалари ҳам ташкил этилади.
Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни, жумладан, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини сиёсий партияларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари, журналистлар, жумладан хорижлик журналистлар, кузатиб боради.
Ватан манфаати
Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли, дадил ва изчил ислоҳотларнинг устувор вазифалари ва асосий йўналишларидан бири – инсон қадрини янада юксалтириш, унинг ҳуқуқларини, жумладан, сайлов ҳуқуқини ҳар томонлама ва кенг таъминлашдан иборат.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Албатта, биз турли сиёсий партияларга мансуб бўлишимиз, турли ғоя ва қарашлар тарафдори бўлишимиз мумкин. Демократия дегани ҳам аслида шу. Аммо моҳият эътибори билан қараганда, барчамизнинг, бутун Ўзбекистон халқининг мақсади бир. Бизнинг барчамизни Ватан, эл-юрт манфаати бирлаштиради”.
Зеро, тараққийпарвар халқимиз ва жонажон Ватанимиз тақдири учун ҳар биримиз масъулмиз. Шу жиҳатдан олганда, ўзида улуғ ҳикмат, буюк мақсадни мужасам этган “Менинг танловим – обод Ватаним!” деган шиор остида ўтиши жорий йилдаги сайловларга янгича мазмун ва юксак жозиба бағишлайди. “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Шубҳа йўқки, мамлакатимизда 27 октябрь куни ўтказиладиган сайловлар жонажон Ўзбекистонимизнинг бугунги ва истиқболдаги ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашларнинг янги таркибини шакллатиришда муҳим омил бўлади. Барча даражадаги сайлов комиссияларининг сайъ-ҳаракатлари шу мақсадга йўналтирилган.
Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Марказий
сайлов комиссияси Раиси,
Ўзбекистон Қаҳрамони
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2024 йил 30 июль. 151-сони (1212)