СAЙЛОВЛAР СОҲAСИДAГИ ИСЛОҲОТЛAРНИНГ ЯНГИ ДAВРИ

26.01.2023

2963

msk_yangiliklari_in

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган ва яқинда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган ва яқинда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 

Давлатимиз раҳбарининг ушбу муҳим ташаббуси 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ўз ифодасини топган эди.

 

“Сиёсий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман, — дея таъкидланади Мурожаатномада. — Бу борада қабул қилинган олтита қонун ва бир қатор қонуности ҳужжатлари, афсуски, ҳалигача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаган. Шу сабабли халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозим. Шунингдек, 2019 йилда ҳокимиятнинг вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича тадбирлар дастурини ишлаб чиқишга ҳозирдан киришиш керак. Дастурда мазкур сиёсий жараён янада ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш зарур”.

 

Бугун жаҳонда икки юзга яқин давлатлар бор. Лекин халқаро норма ва стандартлар асосида ишлаб чиқилиб, лойиҳаси кенг жамоатчилик, таъбир жоиз бўлса, сайлов қонунчилиги борасида “қилни қирқ ёрадиган” халқаро экспертлар томонидан батафсил муҳокама қилиниб, умумеътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мос, пухта, ихчам ва яхлит шаклда қабул қилинган бундай мукаммал Кодекс яратиш саноқли мамлакатларгагина насиб этган.

 

Табиийки, инсон ҳуқуқлари ҳар томонлама ўзининг ёрқин ифодасини топган бундай кенг қамровли, пухта, демократик руҳдаги кодексни халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш бир кунда ва бир зарб билан бўладиган иш эмас. Бунинг учун, энг аввало, катта донишмандлик, халқпарварлик, ватанпарварлик, миллий анъаналар ҳамда замонавий демократия ғояларига улкан садоқат ва кучли сиёсий ирода талаб этилади. Шу билан бирга, мамлакатда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий, демократик муҳит ва тамойиллар мустаҳкам қарор топиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, эркин, очиқ сайлов тизими — ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг энг зарур омилларидандир. Чунки сайлов орқали фуқаролар давлат ва жамият бошқарувида бевосита иштирок этади.

 

Сайлов кодексининг қабул қилиниши, амалиётга жорий этилиши юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий самараси бўлиши қаторида, истиқлол йилларида шаклланган миллий сайлов қонунчилигимизни, демократик сайловларни ўтказиш бўйича қарийб 30 йиллик тажрибамизни янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш сари қўйилган катта қадам бўлди.

 

Фуқароларнинг сайловга доир ҳуқуқларини амалга оширишга оид механизмларни такомиллаштиришга қаратилган Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси, унинг ижросини таъминлаш Президентимизнинг 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурини тасдиқлашга доир Фармонида аниқ белгилаб берилди. Дастурга биноан, Марказий сайлов комиссияси раиси раҳбарлигида Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, экспертлар иштирокида ишчи гуруҳи тузилди.

 

Кодекс лойиҳасини тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳи томонидан 20 дан ортиқ давлат, жумладан, Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Шве­сия, Бельгия, Полша, Албания, Беларус, Озарбайжон, Туркия каби мамлакатлар тажрибаси ҳамда ушбу соҳадаги халқаро стандартлар пухта ўрганиб чиқилди. Сайловга доир 10 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг асосий ғоя ва стандартлари лойиҳа нормаларига чуқур сингдирилди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт, ЕХҲТнинг инсонийлик мезонлари тўғрисидаги ҳужжатлари шулар жумласидандир.

 

Кодекс лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш мақсадида 2018 йил 19-­июлда Олий Мажлис палаталари томонидан Марказий сайлов комиссияси билан биргаликда Амалий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) тасдиқланди. Унга мувофиқ, лойиҳа беш турдаги муҳокама ва экспертизадан ўтказилди.

 

Жумладан, ижтимоий тармоқларда жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди. Шу мақсадда Сайлов кодекси лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (www.regulation.gov.uz) жамоатчилик муҳокамасига қўйилди ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида (www.elections.uz) ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилди. Лойиҳа юзасидан оммавий ахборот воситалари, хусусан, газета-журналлар, радио ва телевидение, ижтимоий тармоқларда сайловчилар, олимлар, депутатлар, экспертлар, сиёсий партиялар фаоллари ва журналистлар томонидан юзлаб чиқишлар амалга оширилди.

 

Ишчи гуруҳи ташкил этган яна бир йўналиш кодекс лойиҳаси юзасидан бевосита амалиётчиларнинг фикр-мулоҳазаларини олиш билан боғлиқ бўлди. Бошқача айтганда, лойиҳа вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари раҳбарлари, унинг аъзолари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари ва мутахассислари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

 

Сайлов кодекси лойиҳаси юзасидан 300 га яқин тадбирлар ўтказилди. Уларда 30 мингдан ортиқ кишилар қатнашди. Жами 450 дан ортиқ таклифлар келиб тушди.

 

Хусусан, Марказий сайлов комиссияси томонидан халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ҳамкорлигида Олмалиқ шаҳрида ташкил этилган давра суҳбати қизғин баҳсларга бой бўлди. Унда депутатлар, сенаторлар, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Тошкент давлат юридик университети вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сайлов ҳуқуқи соҳасидаги тажрибали мутахассислар, экспертлар, олимлар ва амалиётчилар қатнашди.

 

Шунингдек, Фориш туманидаги “Қўлба”, “Қизилқум”, “Оқтом” маҳалла фуқаролар йиғинлари ва туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб ўтган кодекс лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатлари ҳам қизғин тарзда кечди.

 

Кўриниб турибдики, сиёсий партиялар роли кучайган, сайловчиларнинг фаоллиги ошган, сайлов жараёнида иштирок этаётган фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг жамоат назорати ва мониторингини олиб бориш ваколатлари кенгайган.

 

Кодекс лойиҳаси халқаро ташкилотларга мустақил халқаро экспертиза учун тақдим этилган бўлиб, бу муҳокаманинг бешинчи йўналишини ташкил қилди. Бу борада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тавсиялари, шунингдек, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитасидан тегишли хулосалар ва фикрлар олинди.

 

Ўтган йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида Марказий сайлов комиссияси томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва демократик сайловлар: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусидаги халқаро конференцияда билдирилган таклифлар ҳам фойдали бўлди. Унда БМТнинг сайлов бўйича мутахассислари, Венеция комиссияси экспертлари юртимизда Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш ва қабул қилиш борасида олиб борилаётган ишларга ва бўлажак сайловларда сайловчилар ягона электрон рўйхати амалиётга жорий этилаётганлигига юксак баҳо бердилар.

 

Эътиборлиси, Бухоро конференциясида сайлов жараёнларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг долзарб масалалари батафсил кўриб чиқилди. Унда Сайлов тизими бўйича халқаро экспертлар маркази (Нидерландия), Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси котибияти (Жанубий Корея), Қирғизистон Республикаси сайловлар ва референдумлар ўтказиш бўйича Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат персоналлаштириш маркази вакиллари иштирок этишди.

 

Сўзга чиққанлар сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг ўзига хос жиҳатлари, бу муҳим сиёсий тадбирни ўтказишда фойдаланиладиган техник базани модернизация қилиш масалаларига тўхталиб, ўзларининг иш тажрибаси билан ўртоқлашди.

 

Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 4 октябрда қабул қилинган “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий сайлов тизимига Сайлов жараёнини бошқаришда ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим омил бўлмоқда. Мазкур ахборот тизими ҳуқуқий тажриба тартибида 2017 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловида синовдан ўтказилиб, маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Унинг афзаллиги шундаки, ушбу тизим “бир сайловчи — бир овоз” тамойилини таъминлаш, бир сайловчининг бир неча рўйхатга киритилишига йўл қўймаслик, маъмурий-ҳудудий бирликлар кесимида ҳамда хорижда яшаб турган умумий сайловчилар сонини, сайлов округлари ва участкалари бўйича сайловчилар нормаларини белгилаш учун қулай имконият яратади. Ягона электрон рўйхатни қўллашни тартибга солувчи нормалар яқинда қабул қилинган Сайлов кодексида мустаҳкамланган. Шу маънода, олдимизда турган сайловлар нафақат қонунчилик нуқтайи назаридан, балки техник-технологик жиҳатдан ҳам мутлақо янгича форматда бўлиб ўтади.

 

Муҳокамалар доирасида Венеция комиссияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси юзасидан қўшма хулосаси ҳамда сайлов қонунчилигини ривожлантиришнинг хорижий амалиёти бўйича тавсиялари тақдим этилди.

 

Чунончи экспертлар Татяна Хилшер-Богусевич ва Пере Вилованова Триас Венеция комиссияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси қўшма хулосасига асосланиб, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси лойиҳаси муҳокамаси бўйича ўз тавсиялари билан ўртоқлашди. Халқаро анжуманда сўзга чиққан Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Николай Левичев, Венеция комиссияси кенгашининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Гаэл Мартин Минкалефф Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилиги изчил такомиллашиб бораётганлигини қайд этаркан, тегишли халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялари асосида тайёрланган Сайлов кодекси лойиҳаси сайловлар демократия, ошкоралик, тенглик каби муҳим тамойиллар асосида ўтказилишини таъминлашга хизмат қилишини билдиришди.

 

Анжуманда юртимиздаги соҳа мутахассислари ва хорижлик экспертлар ҳуқуқни қўллаш амалиёти, сайлов кампаниясини молиялаштириш, партиялараро рақобат, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш масалалари юзасидан ўз фикрларини баён этишди.

 

Кодекс лойиҳаси муҳокамаси жараёнида фуқаролар, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, илмий-тадқиқот инс­титутлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидан юзлаб таклифлар келиб тушди. Улар Ишчи гуруҳи ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти мутахассислари томонидан чуқур ўрганиб чиқилганлигини айтиш зарур.

 

Хўш, ана шундай кенг муҳокамалардан сўнг қабул қилинган Сайлов кодексининг афзалликлари нималарда намоён бўлади?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланган, 18 боб, 103 моддадан иборат ушбу Сайлов кодекси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 25 июнда имзоланди ва кучга киритилди. Бунда, аввало, сайловга оид мавжуд бир қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари яхлит ҳужжатга жамланди. Пировардида эса қонун нормалари билан сайлов жараёнларида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилиши, сайловчиларга эркин иштирок этиши учун зарур шарт-шароит яратиш, депутатликка, Президентликка номзод кўрсатадиган сиёсий партиялар ва номзодларга сайлов кампанияси давомида тенг шароит яратиш имконияти янада мустаҳкамланди.

 

Сайлов кодекси кучга киритилиши муносабати билан 30 га яқин қонун ҳамда қонунларга кейин­чалик киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, қонуности ҳужжатлари ўз кучини йўқотди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. Айтиш жоизки, уларнинг барчасида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига доир деярли бир хил нормалар такрорланарди. Сайловга оид қонунлар кўплиги уларни қўллашда муайян қийинчиликлар туғдирганлиги ҳам ўз-ўзидан тушунарли.

 

Бундан ташқари, ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирокини чекловчи нормалар чиқариб ташланди. Қонунчилик палатасида ­амалдаги депутатлик ўринлари (150 ўрин) сақлаб қолингани ҳолда, Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекис­тон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти бекор қилинди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби барҳам топди. Эндиликда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш Кодекс билан тартибга солинади. Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчилар бундан кейин бир ёки бир нечта номзодни ёхуд партияни қўллаб имзо қўйиши мумкин бўлади.

 

Кодексда процессуал, яъни бевосита сайлов жараёнлари билан боғлиқ бир қатор янги қоидалар ҳам жорий этилди. Жумладан, сайлов участкасида овозларни санаш баённомасининг нусхасини дарҳол жойлаштириш, овоз бериш тугаганидан кейин ­участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш ва бошқалар), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланди. Қонунчилик палатасига, маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда ягона сайлов участкалари тузилади. Илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилиниб, Сенат аъзоларини Сайлов кодексига биноан сайлаш жорий этилди.

 

Бу йил юртимизда сайловлар йили. Яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Сайлов — ҳамиша ўзига хос синов. Мамлакат учун, сайланувчи ва сайловчилар учун ҳам. Чунки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, гражданлик позициямиз яна бир бор намоён бўлади”. Янги сайловлар илк бор Сайлов кодекси асосида ўтади. Шу боис Марказий сайлов комиссияси томонидан бўлажак сайловларга қизғин тайёргарлик ишлари ҳозирдан бошлаб юборилди.

 

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳамда “Инсон манфаатлари — ҳар нарсадан устун!» деган ҳаётбахш демократик ғояни ўзида мужассам этган Сайлов кодекси юртимизда сайловлар соҳасидаги ислоҳотларнинг янги, янада юксалиш ва самарали даврини бошлаб бериши, шубҳасиз. Кодекс сайловларимизнинг ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик тартиб-тамойиллар асосида ўтишида муҳим омил бўлиши баробарида, сайловчи ва сайланувчилар учун кенг имкониятлар ва қулайликлар яратиб беради.

 

Мирзо-Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси раиси

(“Халқ сўзи” газетаси, 2019 йил 23 июль)

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур