САЙЛОВЧИЛАР ЯГОНА ЭЛЕКТРОН РЎЙХАТИ: ТАКОМИЛ ВА ТАРАҚҚИЁТ

20.03.2023

35659

msk_yangiliklari_in

Бугунга келиб замонавий ахборот технологияларининг сайлов жараёнига таъсири ҳам сезиларли даражада ошди. Сўнгги йилларда сайлов амалиётида ахборот-коммуникация технологияларининг янги имкониятларидан фойдаланиш бўйича муайян тажриба тўпланди. Бу фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг Ўзбекистон Конституцияси ва миллий қонунчиликка, халқаро сайлов стандартларига мувофиқ, амалда таъминланишига замин яратмоқда.

 

Ҳозирда миллий сайлов жараёнида замонавий АКТ кенг кўламда қўлланилмоқда. Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ), сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯEР), сайлов жараёнларини видеокузатув, интерактив хизматларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти (масалан, “Ўзингизни сайловчилар рўйхатидан топинг”, “Сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш” ва бошқалар) ва “Saylov2021» махсус веб-портали, электрон почта, махсус телеграм бот, фейcбук, инстаграм, ютуб ва твиттердаги тезкор хабарлар, сайлов комиссиялари аъзолари тезкор фойдаланиши учун махсус мобил иловалар шулар жумласидандир. Яратилаётган бундай кенг имкониятлар сайлов жараёни самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир.

 

МУҲИМ ВАЗИФАЛАРДАН БИРИ

 

Ривожланган мамлакатларда сайлов жараёнларида замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланилиши сайловнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашнинг асосий омили сифатида қаралмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, АКТни кенг жорий этиш йўли билан миллий сайлов жараёнини янада такомиллаштиришга қаратилган биринчи қадам сифатида Ўзбекистонда 2017 йили сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш борасида ишлар бошланди. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш тўғрисида”ги низом тасдиқланган эди. Мазкур ахборот тизими 2017 йил декабрь ойида Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашига сайловларда синовдан ўтказилди ҳамда у хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан ижобий баҳоланди. Эндиликда ушбу йўналишдаги энг муҳим вазифа – сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини жорий этиш, бутун мамлакат бўйлаб сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва такомиллаштиришдан иборат бўлди.

 

Айни пайтда мазкур соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди ва қатор ҳужжатлар қабул қилинди.

 

Хусусан, замонавий АКТни татбиқ этиш орқали сайлов жараёнини ислоҳ қилиш Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга оширишга доир давлат дастурида кўзда тутилган эди. Бу ҳужжатда замонавий АКТ кенг жорий этилиши мамлакатдаги сайлов жараёнини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилди.

 

Президентнинг “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ҳуқуқий базанинг муҳим таркибий қисмидир. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам сайлов жараёнини ривожлантиришнинг устувор вазифалари билан бирга, ушбу соҳада AКТдан кенг фойдаланиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида энг муҳим вазифалар белгилаб берилган.

 

Ушбу жараёнга МСК (умумий раҳбарликни ва мувофиқлаштиришни амалга ошириш), Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (ягона технологик ёндашув), Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (реестрларни юритиш) ва “UNICON.UZ” — “Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари” маркази давлат унитар корхонаси (тизимни яратиш ва унга техник хизмат кўрсатиш) жалб этилди.

 

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини амалга оширишда Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда хорижий тажрибани ўрганиб, 2019 йилда мамлакат парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда фойдаланиш учун Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ишлаб чиқилди ва жорий этилди.

 

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартибини назарда тутувчи нормаларни (4-боб. Сайловчилар рўйхатини тузиш) ишлаб чиқиш ва Сайлов кодекси лойиҳасига киритиш бўйича ишлар фаол олиб борилди. 2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган кодекс сайловчилар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва СЯEРни шакллантириш (28-модда), фуқароларни сайловчиларнинг рўйхатлари билан таништириш, шунингдек, ундаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиш (29, 30-моддалар) масалаларини тартибга солди.

 

Сайловда сайловчиларнинг электрон рўйхатини тузиш, аниқлаштириш ва улардан фойдаланиш тартиби МСКнинг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида”ги Низомида ҳам ўз аксини топган. Шунингдек, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш ва бир-неча бор овоз беришнинг олдини олишга қаратилган “Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан фойдаланишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги МСКнинг махсус қарори қабул қилинди.

 

2019 йилги сайлов кампанияси давомида АКТни сайлов жараёнига татбиқ этиш бўйича кўрилган амалий чора-тадбирлар қаторида қуйидагиларни алоҳида кўрсатиш мумкин:

 

СЯEРни шакллантириш доирасида ваколатли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йилнинг ноябридан 2019 йилнинг апрель ойига қадар уйма-уй юришлар орқали аҳолини рўйхатга киритиш ташкиллаштирилди. Фуқароларнинг паспорт маълумотлари етти миллионга яқин кўчмас мулк объектлари кадастр рақамига бириктирилди. Натижада 20,5 миллиондан ортиқ сайловчидан ташкил топган СЯEР шакллантирилди ва улар сайлов участкаларига автоматик равишда тақсимланди.

 

Сайлов кампанияси даврида участка сайлов комиссиялари (УСК) томонидан яна бир марта уйма-уй юрилиб сайловчилар рўйхати аниқлаштирилди. Сайловлар давомида ташкил этилган барча 6720 сайлов округи ва 10260 сайлов участкаси СЯEР билан ишлаш учун интернет тармоғига уланди. Мавжуд телекоммуникация тармоғи орқали интернет хизматларини кўрсатишнинг техник имконияти мавжуд бўлмаган олис ва тоғли ҳудудларда жойлашган 40 га яқин сайлов участкаси интернет тармоғига сунъий йўлдош алоқа тизими орқали уланди. 60 та сайлов участкасига 120 та видеокузатув камералари трансляцияси МСКнинг халқаро матбуот марказида ва веб-сайтида, шунингдек, “Oʼzbekiston-24» телеканалида намойиш қилиниши орқали сайлов жараёнларини реал вақт режимида тўғридан-тўғри кузатиб бориш имконияти яратилди.

 

Тажриба тариқасида 20 та сайлов участкасида сайловчилар паспортларининг биометрик маълумотларини идентификация қилувчи 60 та мослама ўрнатилди. СЯEР тўла СЖБАТ билан бирлаштирилди ва сайловолди кампанияси даврида ва сайловлар якуни бўйича тезкор, ишончли маълумотларни шакллантириш учун асос бўлди. Ушбу ахборот тизимида Олий Мажлис аъзолари, вилоят ва туман (шаҳар) сайлов округлари, сайлов участкалари тўғрисидаги маълумотлар тўпланди. МСК веб-сайтида “Ўзингизни сайловчилар рўйхатидан топинг” хизмати ишга туширилди, ундан 110 мингдан ортиқ фуқаро сайлов кампанияси давомида фойдаланди.

 

Сайлов ташкилотчиларининг СЖБАТ дан фойдаланиш кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада республикада 35 мингдан зиёд округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари, операторлар ва сиёсий партиялар аъзолари ўқитилди.

 

ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФ

 

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Сайловларни кузатиш миссиясининг Ўзбекистонда 2019 йилги парламент сайловлари бўйича якуний ҳисоботида сайлов жараёнига АКТнинг жорий этилиши муҳим муваффақият сифатида таъкидланди. Жумладан, “Сайловчилар ягона электрон рўйхатининг ишга туширилиши жорий сайловдаги муҳим ютуқ ва аввалги сайловларда қўлланган ёндашувга қараганда анча ижобий силжиш бўлди”, дейилади ҳисоботда.

 

МДҲ кузатувчилар миссияси фикрича, парламент сайловлари давомида сайловчилар рўйхатларини тузиш ва аниқлаштириш тартиби умумий сайлов ҳуқуқи принципининг амалга оширилишини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикасининг овоз бериш ҳуқуқига эга барча фуқароларига сайловларда қатнашиш имкониятини яратди.

 

ШҲТ кузатувчилари миссиясининг баёнотида таъкидланишича, Ўзбекистонда замонавий АКТларни жорий этиш орқали сайлов жараёни изчил такомиллаштирилмоқда. Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини жорий этиш давом этмоқда. Тизим аҳолини сайлов жараёнининг бориши тўғрисида кенг хабардор қилиш ва сайловчилар рўйхатини шакллантиришда фуқаролар ҳисобини юритиш имконини беради. Бу сайловчилар рўйхати тўғрилигини таъминлайди ва икки марта овоз бериш имкониятини истисно қилади.

 

МДҲ Парламентлараро ассамблеяси экспертлар гуруҳининг кузатуви натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ўзбекистон тарихида илк бор Қонунчилик палатасига сайловлар учун сайлов кампанияси бошланишига қадар СЯEР ва СЖБАТ шаклланишига имкон яратди. АКТдан фойдаланиш сайлов жараёни ташкилотчилари ишини сезиларли енгиллаштиришга, сайлов қонунчилиги бузилишини истисно қилишга имкон яратаётгани таъкидланди. “Бундан ташқари, рақамли технологиялар сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирди. Масалан, чет элдаги фуқаролар saylov.mfa.uz веб-сайти орқали хориждаги сайлов участкаларига сайловчилар рўйхатига киритишни сўраб электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин эди. Умуман олганда, сайлов кампанияси даврида чет элда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қийинчиликларсиз овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш учун қулай шароит яратилди”, дейилади МДҲ Парламентлараро ассамблеяси экспертлар гуруҳи ҳисоботида.

 

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ДАВОМ ЭТМОҚДА

 

СЯEР билан ишлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ишлари давом этмоқда. Жорий йилнинг ўзида бир неча муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши бунинг тасдиғидир. Хусусан, 8 февралда “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда сайловчилар рўйхати билан ишлашга доир янги қоидалар кўзда тутилган.

 

Сайлов кодексида сайловчилар рўйхатига ўзгартиришлар киритишни тўхтатиш муддати ўзгартирилиб, сайловга беш кун қолганда бўлиши белгиланди. Чет давлатларда турган фуқароларга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ), Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади.

 

Шунингдек, жорий йилнинг 6 майида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида”ги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарорининг қабул қилиниши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига қулай шароит яратишга ҳамда уларнинг бевосита сайлов ҳуқуқлари кафолатлари таъминланишига хизмат қилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан фуқароларнинг кўчмас мулк объектлари кадастр рақамлари ва улар жойлашган манзили маълумотларини тақдим этиш белгиланиши СЯEРни шакллантиришда қулайликлар яратди.

 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига (ДПМ) сайловчи фуқаролар тўғрисида тақдим этадиган давлат органлари сафи кенгайтирилмоқда. Бундан буён Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Миллий гвардия тизимидаги олий ҳарбий таълим муассасаларида таълим олаётган, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ва ҳарбий қисмлардаги фуқаролар ҳақидаги маълумотларни ДПМга тақдим этиш белгиланган. Мавжуд айрим ваколатли органларнинг сайловчи фуқаролар тўғрисида тақдим этадиган маълумотлари ва тақдим этадиган муддатлари қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар орқали аниқлаштирилди. Буларнинг ҳаммаси ваколатли органлар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар орқали ҳар бир сайловчи бошқа сайловчилар рўйхатига киритилишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

 

ДEМОКРАТИК ТАМОЙИЛЛАРГА АМАЛ ҚИЛИБ

 

Маълумки, умумийлик, тенглик, эркинлик, адолатлилик, махфийлик, очиқлик ва ҳисобдорлик умумеътироф этилган халқаро сайлов тамойиллари ҳисобланади. Ушбу демократик тамойилларнинг амалдаги ифодаси сайлов пайтида ҳар бир овоз ҳисобга олиниши ва ҳар бир фуқаро давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришда бевосита иштирок этишида ўз аксини топади.

 

Бундан ташқари, сайлов жараёнида сайловчилар рўйхатига киритилганлар сони-салмоғи асосида, масалан, маъмурий бирликлар сони ва сайлов участкаларининг жойлашуви, сайлов участкаларига етказилиши лозим бўлган бюллетенлар ва сайлов материалларининг миқдори, овоз беришда қатнашганлар сони кабилар билан боғлиқ муҳим қарорлар қабул қилинди.

 

Миллий қонунчиликда СЯEР ваколатли давлат органларининг ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурси сифатида таърифланади.

 

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати Сайлов кодексига мувофиқ, ДПМ томонидан берилган сайловчилар – фуқаролар ҳамда сайлов кампанияси давомида сайловчилар рўйхатларини аниқлаштириш орқали УСКлар томонидан тақдим этилган сайловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида шакллантирилади ва янгиланади. Кейинчалик, СЯEРдан ҳар бир сайлов участкаси учун сайловчилар рўйхати олинади.

 

Жазони ижро этиш муассасаларида, ҳарбий қисмларда, касалхоналарда ва бошқа стационар тиббий муассасаларда вақтинча бўлган, шунингдек, чет элда яшовчи сайловчиларнинг рўйхатлари ушбу муассасалар раҳбарлари ёки тегишли дипломатик ваколатхоналар томонидан тузилади.

 

Ҳар бир УСК тузилганидан кейин уч кун ичида СЯEРда тақсимланган мазкур участка сайловчиларининг дастлабки рўйхатини олади. УСК сайловчиларнинг дастлабки рўйхатини олганидан кейин уни мазкур участка ҳудудида яшовчи аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан аниқлаштириш чораларини кўради. УСК сайловчилар рўйхатини аниқлаштириш бўйича ишда иштирок этиш учун жамоатчилик вакилларини жалб этиши мумкин. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари сайловчиларнинг рўйхатларини аниқлаштириш ишларига кўмаклашади.

 

Сайлов комиссиялари аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш натижалари сайловчининг сайловчилар рўйхатига сайловчиларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш манзилига оид ўзгартириш киритишига асос бўлади. Сайловчиларнинг рўйхати ҳар бир сайлов участкаси бўйича УСК томонидан тузилади ҳамда унинг раиси ва котиби томонидан имзоланади. Сайлов куни сайлов участкаларида СЯEРдан олинган сайловчилар рўйхатларидан фойдаланилади. Шундай қилиб, битта сайловчи битта эмас, балки бир-нечта сайлов участкалари рўйхатида бўлиши ҳолатларининг олди олинади.

 

Сайлов кодексида фуқароларга УСК биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, шунингдек, МСКнинг расмий веб-сайти орқали сайловчилар рўйхатидан ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти яратилади.

 

Чет давлатларда турган фуқароларга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти ТИВ, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади.

 

Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса сайловга уч кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади.

 

Чет элда вақтинча ёки доимий истиқомат қилаётган сайловчилар ўзлари яшаб турган мамлакатдаги сайлов участкаларида сайловчилар рўйхатига киритиш учун ёзма равишда ариза бериши ёки сайлов ўтказилишидан ўн беш кун олдин ТИВнинг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин. Ўз навбатида, ТИВ хорижий сайлов участкаларида сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар тўғрисида умумлаштирилган маълумотларни СЯEРга тегишли тузатишлар киритиш учун ДПМга тақдим этади. Қандайдир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилияси кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.

 

Cайловчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 20 августида МСК томонидан “Сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги Низом қабул қилинди. Унга кўра сайловчи СЯEРдаги сайлов участкаси ҳақидаги маълумотлар билан унинг доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзили ўзаро номувофиқ бўлган тақдирда сайлов участкасини ўзгартириши мумкин. Ушбу интерфаол хизмат Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва МСК нинг расмий веб-сайти орқали кўрсатилади. МСК нинг расмий веб-сайти, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва СЖБАТ ўртасидаги идоралараро электрон ахборот алмашинуви ёрдамида амалга оширилади.

 

Жорий этилаётган сайлов участкасини ўзгартириш бўйича янги хизмат тизими сайловчиларга янада қулайлик яратиш билан бирга, УСКлар фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашади. Бундан ташқари, Сайлов кодексида сайловчилар рўйхати хусусида баҳслашув имкониятларини тартибга солувчи қоидалар мавжуд. Ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида УСКга арз қилиши мумкин. УСК 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилгани тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт. Шу билан бирга сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга беш кун қолганида тўхтатилади.

 

ХАЛҚАРО АМАЛИЁТ ВА МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИК

 

ДИИҲБнинг сайлов қонунчилиги таҳлили бўйича тавсияларида овоз бериш ҳуқуқи фақатгина қонунчилик базасида шахснинг сайловчи сифатида рўйхатдан ўтиши учун қулай тартиб яратилган, сайловчилар рўйхатларининг тўғрилиги таъминланган, овозларнинг адолатли ҳисобланишига кафолат мавжуд бўлганда ҳақиқий аҳамиятга эга. Тўлиқ шаффофлик тамойили сайловчиларни рўйхатга олиш ва сайловчилар рўйхатини юритишнинг асосий стандартларидан бири сифатида белгиланган.

 

Ўзбекистонда СЖБАТ ва СЯEР ДИИҲБнинг мунтазам равишда янгиланиб ва турли манбалар орқали қайта текширилиб турилувчи марказлашган сайловчилар рўйхатини шакллантириш юзасидан берган тавсияси асосида ишлаб чиқилган. Бу борада Буюк Британия, Дания, Россия, Жанубий Корея, Мўғулистон, Қирғизистон каби мамлакатлар тажрибаси чуқур ўрганилган.

 

Жаҳон амалиётида автоматлаштирилган ахборот тизимларини сайлов жараёнларида қўллашнинг минтақавий ва федерал турлари мавжуд. Минтақавий усул (масалан, АҚШда) сайловларни автоматлаштиришда маҳаллий сайлов органлари жавобгарлигини назарда тутса, “федерал” усулда (масалан, Канадада) ушбу жараён марказлашган ҳолда амалга оширилади. Иккинчи усул, ўзининг яққол афзалликлари туфайли қулайроқ ҳисобланади. Автоматлаштирилган тизим сайлов тизимининг электрон шакли бўлиши лозим.

 

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз миллий сайлов тизимига рақамли технологияларининг изчил ва муваффақиятли жорий этилаётгани фуқароларнинг энг муҳим конституциявий ҳуқуқларидан бири – сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини амалда таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

 

Гулноза РАҲИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов

комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур

  • ABDUAZIMOV NODIRBEK BOSIMOVICH

    327

  • SABIROV TOXIR TULKINOVICH

    439 SU ROYXATI