САЙЛОВ КАМПАНИЯСИ ЯНГИЧА ШАРОИТ ВА ЯНГИЧА ТАЛАБЛАР АСОСИДА ЎТМОҚДА

24.11.2019

3049

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов ўзининг қизғин палласига кирди. Яъни сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти бошлаб юборилди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси Мирзо-Улуғбек АБДУСАЛОМОВ билан суҳбатимиз шу ва сайлов кампаниясининг бошқа муҳим жиҳатлари хусусида бўлди.

 

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов ўзининг қизғин палласига кирди. Яъни сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти бошлаб юборилди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси Мирзо-Улуғбек АБДУСАЛОМОВ билан суҳбатимиз шу ва сайлов кампаниясининг бошқа муҳим жиҳатлари хусусида бўлди.

 

Муҳим омил

 

— Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампаниясининг энг муҳим ва масъулиятли босқичларидан бири, — деди Мирзо-Улуғбек Элчиевич. — Бу даврда сиёсий партиялар ва улар томонидан депутатликка илгари сурилган номзодлар сайловчиларни ўзининг истиқболда амалга оширадиган фаолият дастури билан таништиради. Зеро, партияларнинг сайловда муваффақиятга эришиши кўп жиҳатдан ўз сайловолди ташвиқотини нечоғлик фаол ва самарали ташкил этишига боғлиқ.

 

Аввало, сайловларнинг кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, дунёда умумеътироф этилган демократик стандартларга мос ҳолда ўтишини таъминлаш учун юртимизда қисқа вақт ичида улкан ишлар амалга оширилиб, барча шарт-шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган Сайлов кодексидаги демократик ўзгаришлардан то сайлов тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этишгача, янги ҳуқуқий нормалар ва қоидаларнинг мазмун моҳиятини аҳолига етказишдан сайловчилар ягона электрон рўйхатини шакллантиришгача бўлган кенг кўламли ишлар шулар жумласидандир.

 

Халқимиз ҳаётини юксалишлар сари буриб юборган дастурий ҳужжат — мамлакатимизни ривожлантиришнинг 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар бу борада энг муҳим омил бўлаётир.

 

Умуммиллий кўлам

 

Марказий сайлов комиссияси қарори билан мамлакатимизда 20 октябрда бошланиб, ҳозиргача давом этаётган Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигининг дастлабки натижалари ҳақида нималар дея оласиз?

 

— Шу йўналишдаги тадбирлар умумтаълим мактабларидан то илм-фан доираларигача, ННТдан йирик ишлаб чиқариш бирлашмаларигача, фермер хўжаликларидан вазирликларгача, бориш қийин чекка туманлардан мамлакатимизнинг хориждаги ваколатхоналаригача бўлган кенг кўлам ва миқёсда амалга оширилаётганини таъкидлаш зарур.

 

Жараёнга республикамиздаги барча жамоат ташкилотлари, жумладан, сиёсий партиялар фаоллари, оммавий ахборот воситалари, давлатимизнинг хориждаги ваколатхоналари, интернетдан фойдаланувчилар, блогерлар дадил қўшилгани тадбирларнинг сифати ва савиясига ўзининг самарали таъсирини ўтказмоқда. Ана шундай ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик натижасида миллий сайлов қонунчилигимизни ўрганиш ва тарғиб қилиш умуммиллий кўлам касб этиб, юз минглаб, миллионлаб фуқароларни қамраб олди.

 

Бу кўламни бир рақам мисолида яққол кўриш мумкин. Мазкур ойлик доирасида амалга оширилаётган ишларни мунтазам кузатиб бораётган мутахассисларнинг маълумотларига қараганда, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида, интернетдаги ижтимоий тармоқларда турли тилларда эълон қилинган мақола, суҳбат, кўрсатув, эшиттириш, роликлар ва фикр-мулоҳазалар сони ҳар куни ўртача мингдан ошган.

 

Бунга бутун юртимиз бўйлаб ўтказилаётган учрашувлар, илмий-амалий конференциялар, брифинглар, матбуот анжуманлари, семинарлар, давра суҳбатлари, танловлар, викториналар, шоулар, Марказий сайлов комиссияси расмий сайтига, “Сайлов2019» мобил иловасига, Халқаро матбуот марказида ташкил этилган “Калл-cэнтр”нинг 1197 қисқа рақамли бепул телефонига мурожаатларни қўшиш лозим. Марказий сайлов комиссиясининг етакчи мутахассислари, экспертлари, таҳлилчилари, жойлардаги сайлов комиссиялари раҳбарлари ва аъзолари иштирокида сайловчилар ва сайлов ташкилотчилари билан ўтказаётган юзлаб учрашувларни ҳам айтиб ўтиш жоиз.

 

Ана шундай кенг кўламли тадбирлар самарасида халқимизнинг сайлов ва бу борадаги қонунчиликдан хабардорлиги сезиларли даражада ошмоқда. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги ниҳоясига етгандан кейин ҳам бу борадаги ишлар тўхтаб қолмайди, улар сайловгача ва ундан кейин ҳам изчил давом эттирилади.

 

Биринчи марта...

 

Энди навбат тарғиботдан сайловолди ташвиқотига. Бу борада қандай янгиликлар бор?

 

— “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” ғояси асосида ўтадиган сайлов ва сайловолди ташвиқоти ҳақида сўз юритилганда, “биринчи марта” деган иборани бот-бот такрорлашимизга тўғри келади. Чунки, барча сайловолди тадбирлари биринчи марта Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Ташвиқот майдонида биринчи марта бешта сиёсий партия 150 та депутатлик мандатлари учун рақобатга киришади.

 

Миллий қонунчилигимизда бўлажак сайловда депутатликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан кўрсатилиши белгилаб қўйилгани ҳар бир партияга катта ҳуқуқ ва имконият бериши билан бирга, юксак масъулият ҳам юклайди. Юртбошимиз таъкидлаганидек, “ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”.

 

Миллий сайловларимиз тарихида биринчи марта Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод 10 нафарга, вилоят кенгаши депутатлигига номзод 5 нафарга, туман ва шаҳар кенгаши депутатлигига номзод 3 нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Илгари бу рақамлар анча кам эди.

 

Барча даражадаги депутатликка номзодлар биринчи марта ягона муддат, яъни 18 ноябрдан сайловолди ташвиқотига киришди. Тарғибот асносида уларга илк бор жорий этилаётган Сайлов жараёнларини бошқаришнинг ахборот технологиялари ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги маълумотлар қўл келяпти.

 

Сайлов куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта тажриба йўсинида йўлга қўйиладиган яна бир янгиликни алоҳида қайд этишимиз зарур. Юртимизнинг турли ҳудудларидаги олтмишта сайлов участкасига ўрнатилган видеокамералар сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини онлайн режимида Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказига ва бутун дунёга узатиб туради. Бундай камералар Қорақалпоғистоннинг узоқ Мўйноқ туманидаги “Арал”, “Таллиўзак” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 360 ва 362-сайлов участкаларидан то пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Ал-Форобий номли маҳалла фуқаролари овоз берадиган 166-сайлов участкасигача бўлган улкан ҳудудни қамраб олади.

 

Жорий йилда ўтадиган сайловларда хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун илк бор овоз бериш имконияти яратилади. Авваллари ушбу сиёсий тадбирда фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган. Энди эса чет элда вақтинча ёки доимий яшаётган Ўзбекистоннинг барча фуқаролари хорижда ташкил этилган эллик учта сайлов участкасидан бирига (уларнинг сони яна кўпайиши мумкин) мурожаат этади ёки Ташқи ишлар вазирлиги расмий веб-саҳифасидан рўйхатдан ўтиб, овоз бериши мумкин. Бу “бир сайловчи — бир овоз” сайлов тамойилига амал қилиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Ватандошларимизнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишларига шароит яратилди.

 

Хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари сайловга оид саволларига Марказий сайлов комиссиясининг Тошкент шаҳридаги +998555024444 рақамли ишонч телефони орқали жавоб олишлари мумкин. Шунингдек, улар “Сайлов2019» мобил иловасидан ҳам ўзларини қизиқтирган маълумотларни топиш имконига эга.

 

Тенг имконият, тенг шароит

 

Сайловолди ташвиқотида оммавий ахборот воситаларининг ўрни қандай бўлади?

 

— Бу масала Марказий сайлов комиссияси кенгайтирилган мажлисида сиёсий партиялар, тегишли вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирокида батафсил муҳокама қилинди. Сайлов кодексига биноан, Қонунчилик палатаси сайловида иштирок этаётган сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар учун сайловолди ташвиқоти даврида тенг имконият ва шароит яратишга доир қарор қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси каналларидан бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти барча сиёсий партиялар учун бир хил. Яъни ҳар бир сиёсий партияга теле ва радиоканалларда ҳафта давомида 30 минутдан бепул эфир вақти ажратилган.

 

Бундан ташқари, шанба кунлари партиялар вакиллари ўртасида дебат ташкил этиш учун тегишли телеканаллар эфиридан бир соатдан ажратилади. Шунингдек, “Халқ сўзи”, “Народное слова”, “Правда востока”, “Овози тожик”, “Нурли жол” газеталарининг саҳифаларидан ҳам тенг майдонда бепул фойдаланиш учун тақдим этилди.

 

Булар сиёсий партиялар учун ташвиқот майдонида яратилаётган улкан имконият. Айни пайтда уларнинг реклама роликлари ҳам бўлса керак?

 

— Албатта, қайд этилганлардан ташқари, сиёсий партияларнинг теле ва радиороликлари эфирга ягона 150 сониялик блокда (ҳар бир партия учун 30 сониядан) ҳар бир каналда кунига тўрт мартадан узатилмоқда. Кўрсатувлар сурдотаржима билан намойиш этилади. Сайловга тааллуқли ташвиқот материаллари мамлакатимиз ҳудудида тайёрланиши шарт.

 

Таъкидлаш керакки, бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдонидан фойдаланиш турлари, шакллари ва усулларини сиёсий партиялар мустақил белгилайдилар. Шунингдек, улар бепул ажратилган эфир вақтидан ва нашр майдонидан воз кечишга ҳақли.

 

Ташвиқот даврида беш сиёсий партиянинг эфирга чиқиш ва газеталарда материаллар чоп этиш кетма-кетлиги қандай бўлади? “Сендан мен камми?» деган тортишувлар бошланмайдими?

 

— Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар вакиллари ва депутатликка номзодларининг оммавий ахборот воситаларида қуйидаги тартибда чиқиши белгиланди: биринчи — Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партияси, иккинчи — Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, учинчи — Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, тўртинчи — Ўзбекистон Халқ демократик партияси, бешинчи — Ўзбекистон Экологик партияси.

 

Ташвиқотда ташқи реклама ҳам муҳим ўрин тутади. Бу борадаги ишларнинг кўлами қандай?

 

— Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда ташқи реклама воситалари қўйиладиган жойларни белгилайди ва уларни сиёсий партиялар ўртасида тенг тақсимлайди. Мамлакатимиздаги барча туманлар ва шаҳарлар бўйлаб ҳар бир партия учун 225 донадан жами 1120 дона бепул ташқи реклама воситалари, жумладан, етмишта электрон монитор ажратилади. Бунда Қорақалпоғистон Республикасида ташқи рекламанинг ярми қорақалпоқ тилида бўлади.

 

Сайловда овоз беришга бир кун қолганида ташвиқот тўхтатилиб, “сукунат куни” бошланади. Автобусларга осилган плакатлар, кўча-куйга ўрнатилган баннерлар, бекатларга ёпиштирилган варақалар тақдири нима кечади? Бир кечада олиб ташланадими?

 

— Биноларга, иншоотларга ва бошқа жойларга жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материалларини сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида олиб қўйилиши мажбурий эмас. Биламизки, бундай материалларни бир кечада олиб қўйишнинг ўзи бўлмайди.

 

Аммо сайловолди ташвиқотининг оғзаки, оммавий ахборот воситаларида муайян номзод учун овоз беришга чорловчи мақолалар, видео ва аудио роликларни эълон қилиш, варақалар тарқатиш каби “ҳаракатдаги” усуллари тақиқланади.

 

Ҳа демай қиш бошланади. Депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ўтказиши учун бинолар зарур. Жойни ким ажратади?

 

— Қонунчиликка биноан, бу борада ҳам номзодларга ва сиёсий партияларга тенг шароитлар яратилади. Сайловчилар билан учрашувлар депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади. Бунда учрашувни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка сайлов комиссиясига маълум қилинади. Комиссиялар эса сайловчиларни учрашувдан олдин огоҳ этади.

 

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сайловолди учрашувлари ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда номзодларга ёрдам кўрсатиши шарт.

 

Сайловолди ташвиқоти катта харажатлар билан боғлиқ...

 

— Бу борада ҳам барча партиялар ва уларнинг депутатликка номзодлари учун тенг шароит яратиш мақсадида, уларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун маблағ Давлат бюджетидан тенг ажратилади. Депутатликка номзодларга бошқа манбалардан пул маблағларини ўтказиш (киритиш), сайловчиларга товарлар етказиб бериш, ишларини бажариш, шунингдек, хизматлар кўрсатиш шаклидаги молиявий таъминлаш ҳамда бошқача тарзда молиявий қўллаб-қувватлаш тақиқланади.

 

Асорат ва башорат

 

Сайловчилар билан учрашувларда “олтиндан тоғ” ваъда қиладиган номзодлар ҳам чиқиб қолиши мумкин...

 

— Афсуски, бу гапда жон бор. Лекин ишончим комилки, бугунги сайловчилар бундай пуч ваъдаларга учмайди. Чунки мамлакатимиз, халқимиз, жамиятимиз, одамларнинг онгу тафаккури ўзгармоқда. Бундан уч-тўрт йил олдинги Ўзбекистон билан бугунги ўзбек диёрини тенглаштириш қийин. Мамлакатимиз фуқароларининг сиёсий онги ва маданияти ўсиб бораётгани, жамиятда демократия, очиқлик ва ошкоралик таъминланаётгани 22 декабрь куни ўтадиган умумхалқ сайловларида яна бир бор намоён бўлади.

 

Онда-сонда учраб турадиган “арзон ваъдалар” боқимандаликка, ўтмиш замонларни қумсашга мойил одамларга мўлжалланган. Гўё депутат кўприк қуриб бериши, маҳаллага газ ёки чироқ ўтказиши, кимнидир ўқишга, ишга жойлаши керак. Гўё номзод қонун чиқарувчи орган депутатлигига эмас, гўёки қурилиш бошқармасига прораб, автойўлга йўлсоз, трансгаз идорасига раҳбарликка сайланаётгандек.

 

Депутатга бундай муносабат эски, мустабид тузимдан қолган асорат. Бу тушунчанинг таг-замирини суриштириб кўрсангиз, шўролар даврида давлат ҳокимияти тармоқлари бўлинишига доир демократик тамойилларга риоя этилмаганига бориб тақалишини кўрасиз.

 

Мавриди келганда, шу ҳуқуқий принципга изоҳ бериб ўтсак фойдадан ҳоли бўлмайди. Демократик мамлакатда давлат бошқаруви органлари учга — қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимиятига бўлинади ва улар бир-биридан мустақил фаолият юритади. Бошқача айтганда, ҳар бири ўзининг ишини бажаради, бири иккинчисининг фаолиятига аралашмайди, дахл қилмайди.

 

Ватанимиз мустақилликка эришиб, халқимиз ривожланган демократик давлат, эркин ва озод, обод ва фаровон жамият барпо этиш йўлини тутгач, мустабид тузимдан қолган эски тузум ақидалари йўқликка юз тутди.

 

Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тизимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва суд ҳокимияти мақоми ва фаолиятини демократлаштириш, уларнинг масъулияти ва мустақиллигини кучайтириш муҳим ўрин эгаллади. Мазкур ҳокимият органларининг конституциявий-ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида белгиланган муҳим конституциявий принцип — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципига асосланади.

 

Ҳокимиятлар бўлиниши ўз манбасига кўра яхлит ва ягона бўлган давлат ҳокимиятининг бундай уч мустақил тармоққа бўлинишини, ҳар бир ҳокимият тармоғи бошқаларидан мустақил ҳолда фаолият юргизишини тақозо этади.

 

Дунё тажрибасидан аёнки, парламент депутати, аввало, қонунчиликни, яъни мамлакат, халқ манфаатларига хизмат қиладиган қонунлар ишлаб чиқиш ва уларнинг амалдаги ижросини назорат қила олишни билиши зарур.

 

Бу йилги сайлов кампаниясини кузатиб бораётган экспертлар партиялараро баҳс, рақобат ҳар қачонгидан кучли ва қизиқарли бўлишини башорат қилмоқда. Бу ҳақда Сизнинг фикрингиз қандай?

 

— Олий Мажлис ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайлов — мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа ва у бутун халқимиз қатори сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари учун ҳам катта сиёсий мактабдир. Битта депутатлик мандати учун бешта сиёсий партия ва улар кўрсатган номзодлар баҳсга киришиши рақобатни қизитиши табиий. Аммо демократик плюрализм шароитида улар халқимизга хос бағрикенглик ва олижаноблик, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат, юксак сиёсий-ҳуқуқий маданият билан боғлиқ қадимий анъаналаримизни унутмасликлари даркор. Баъзи давлатларда бўлгани каби бир-бирини ёмон отлиқ қилиш, бир-бирининг устига мағзава ағдариш — умумеътироф этилган демократия тамойилларидан, одоб-ахлоқ нормаларию инсон маънавиятидан жуда-жуда йироқ ишлардир.

 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Қайси партияга мансублигидан қатъи назар, барча юртдошларимизни бирлаштирадиган ягона ва муштарак мақсад — бу жонажон Ўзбекистонимиз, унинг буюк келажагидир. Айни шу мақсад ҳаммамизни она юртимизга садоқат билан хизмат қилишга даъват этади”.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ

(“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.

(“Халқ сўзи” газетаси, 2019 йил 22 ноябрь).

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур