Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИДА СИЁСИЙ ПАРТИЯ ВАКОЛАТЛИ ВАКИЛИНИНГ ЎРНИ

31.01.2023

1995

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссиясининг 23 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига расман старт берилди.

 

Мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партияларнинг раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этган мажлисда Марказий сайлов комиссияси 2021 йил 24 октябрни – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгилади. Сайлов кампанияси 23 июлдан бошланиши эълон қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев, ўз олдига мамлакат тараққиётини янги, янада юқори босқичига кўтаришдек буюк мақсадни қўйган янги Ўзбекистонда Президент сайлови янгиланган миллий сайлов қонунчилиги, умумеътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилишини алоҳида таъкидлади. Сайлов жамиятимиз ҳаётидан кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар ранг-баранглиги, очиқлик ва ошкоралик, бағрикенглик тамойиллари мустаҳкам ва кенг ўрин олаётган шароитда ўтади.

 

Мажлисда сайлов қонунчилигида белгиланган нормаларнинг ўз муддатида ва самарали ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режаси тасдиқланди.

 

Календарь режада Марказий сайлов комиссияси томонидан тегишли давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда қадамба қадам ва кунба кун амалга ошириладиган вазифалар белгиланган.

 

Қонунчиликда белгиланганидек, сиёсий партияларнинг ўз ваколатли вакилларини тайинлаганига оид маълумотлар Марказий сайлов комиссиясига кела бошлади.

 

Сиёсий партиялар сайловда иштирок этиши учун қонунда белгиланган ҳужжатларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши Сайлов кодексида белгилаб қўйилган. Сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партия ўртасида мулоқотни юритиш ва талаб этилган ҳужжатларни тақдим этишни ташкилий равишда тартибга солиш учун ваколатли вакил фаолияти йўлга қўйилади.

 

Ваколатли вакил аввало, сайловда иштирок этувчи сиёсий партиянинг манфаатини ифодалайди ва унинг сайлов жараёнидаги иштирокига оид масалаларни ҳал этиб боради.

 

Сайлов кодексида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия Ваколатли вакили орқали сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига қуйидагиларни тақдим этади:

 

сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотнома;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

 

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида беш кунлик муддат ичида узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради.

 

Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризаларнинг келиб тушиш тартибига қараб марказий матбуотда эълон қилинади.

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 34-моддасига мувофиқ сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

 

Шундан келиб чиққан ҳолда сиёсий партия томонидан ваколатли вакил тайинлаш масаласи икки босқичда амалга оширилади.

 

Биринчи босқичда сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини белгиланган қоидалар асосида амалга ошириш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан муносабатларни олиб бориш учун ваколатли вакил тайинланади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда иштирок этиш учун сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

 

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакилликка номзоднинг тегишли ҳужжатларини кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва белгиланган шаклда мандат беради.

 

Иккинчи босқич бевосита ҳудудий партия органларидан тайинланадиган ваколатли вакил фаолияти билан боғлиқ. Бундай ваколатли вакил сайлов участкасида иш олиб боради.

 

Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатган сиёсий партиянинг ҳудудий органлари сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун сайлов участкалари тузилган кундан эътиборан ўз ваколатли вакилларини тайинлайди.

 

Сиёсий партия ҳудудий органининг раҳбари сайловга камида ўн кун қолганида ариза билан тегишли сайлов комиссиясига сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхатини (исм-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда) тақдим этади.

 

Ариза Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясига тақдим этилади.

 

Округ сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхати келиб тушган вақтдан бошлаб, беш кун ичида ваколатли вакилларни рўйхатга олади ва белгиланган шаклда мандат беради.

 

Шу билан бирга, айрим ҳолларда ваколатли вакилга мандат бериш рад этилиши мумкин. Жумладан, ваколатли вакилликка номзод 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса, сайловга ўн кундан кам муддат қолганда мурожаат этилса, тегишли сайлов округи бўйича сиёсий партиядан номзод рўйхатга олинмаган бўлса, тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса, мандат бериш рад этилиши мумкин.

 

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили сайлов комиссиясининг мажлисларида, сайлов комиссияларига ҳужжатларни, шу жумладан тўпланган имзо варақаларини топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этишга, участка сайлов комиссиясининг баённомаси билан танишиш, шу жумладан участка сайлов комиссияси баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли.

 

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиши мумкин эмас.

 

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, сиёсий партия томонидан берилган ҳужжатни ва тегишли сайлов комиссиясининг мандатини ўз ёнида олиб юриши шарт.

 

Cиёсий партия ваколатли вакилининг ваколат муддати сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан тугаган ҳисобланади.

 

Мазкур институтнинг сайлов кампанияси даврида фаол иш олиб бориши сайловларнинг ошкоралиги, адолатлилиги ва қонунийлигини таъминлашга ҳамда сайлов комиссиялари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга хизмат қилади.

 

Баҳодиржон ЮНУСОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг

доимий асосда ишловчи аъзоси

 

“Янги Ўзбекистон” газетасининг 28 июль №151 сони

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур