ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИ АЪЗОЛАРИ САЙЛОВИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

20.03.2023

4928

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг 14-бобида Сенатни шакллантириш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра Сенат аъзоларини сайлаш билан боғлиқ жараёнларни амалга ошириш қоидалари акс эттирилган.

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатаси ҳисобланади. Сенат ўз фаолиятини минтақавий муаммоларни умумдавлат манфаатлари билан уйғун ҳолда ҳал этишга қаратади. Сенатнинг ваколат муддати — беш йил.

 

Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — олти кишидан сайланади. Сенатга сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

 

Сенатнинг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

 

Сенат аъзоларининг сайлови Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайланганидан кейин бир ойдан кечиктирмай ўтказилади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган депутати Сенат аъзолигига сайланиш учун номзод бўлиши мумкин.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, тегишли вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг қўшма мажлисини (бундан буён матнда қўшма мажлис деб юритилади) чақириш Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади. Қўшма мажлис, агар унда депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Марказий сайлов комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий Кенгашларга сайлов якунлари эълон қилинганидан кейин уч кунлик муддатда Сенат аъзоларини сайлаш учун қўшма мажлислар ўтказилишини эълон қилади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг қўшма мажлисларни ўтказиш санаси, вақти ҳамда жойи кўрсатилган қарори оммавий ахборот воситаларида, шунингдек унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

 

Қўшма мажлисни Марказий сайлов комиссияси аъзоси очиб, энг обрўли, тажрибали, катта ёшли депутатлар орасидан мажлисга раислик қилувчи тўғрисида таклиф киритади. Қўшма мажлиснинг ишини олиб бориш учун очиқ овоз бериш орқали уч кишидан беш кишигача миқдорда ишчи ҳайъат сайланади, шунингдек тушган таклифларни ҳисобга олиш ва қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштириш учун уч кишидан иборат Котибият тузилади.

 

Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш қўшма мажлисда амалга оширилади. Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш учун раислик қилувчининг тақдимномасига биноан очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан Маслаҳат кенгаши сайланади.

 

Маслаҳат кенгаши фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли депутатлар орасидан Сенат аъзолигига номзодларни кўрсатади ва кўриб чиқади ҳамда сайлов бюллетенига киритиш учун таклиф киритади.

 

Номзодларнинг алоҳида-алоҳида эшитуви ва муҳокамаси натижаларига кўра қўшма мажлисда уларни сайлов бюллетенига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Қўшма мажлисда иштирок этаётган депутатларнинг кўпчилиги ёқлаб овоз берган Сенат аъзолигига номзод сайлов бюллетенига киритилган ҳисобланади. Яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун қўшма мажлисда иштирок этаётган депутатлар орасидан тўққиз нафаргача аъзодан, шу жумладан комиссия раиси ва котибидан иборат таркибда Саноқ комиссияси сайланади.

 

Саноқ комиссияси Сенат аъзолигига сайлов бўйича овоз беришни ташкил этади ва ўтказади, қўшма мажлис иштирокчиларига яширин овоз беришни ўтказиш вақти, жойи ва тартибини эълон қилади, сайлов бюллетенларини уларга Сенат аъзолигига ҳар бир номзоднинг туғилган йилини кўрсатган ҳолда, фамилияси, исми ва отасининг исмини алифбо тартибида киритиш орқали тайёрлайди, овоз берувчиларнинг рўйхатини аниқлаштиради, уларга сайлов бюллетенларини топширади, сайлов бюллетенининг юз томонига муҳр қўяди ва унда Саноқ комиссиясининг камида икки нафар аъзосининг имзоси қўйилган бўлишини таъминлайди, овозларни санаб чиқади ва яширин овоз бериш натижалари тўғрисида баённома тузади, яширин овоз бериш натижаларини қўшма мажлисга тасдиқлаш учун киритади.

 

Яширин овоз бериш бошланишидан олдин Саноқ комиссияси раиси уни ўтказиш тартибини эълон қилади, комиссия аъзолари ҳозирлигида сайлов қутисини текширади ва бир маротаба ишлатиладиган пломбалар билан пломбалайди. Сайлов қутиси овоз берувчи унинг ёнига албатта яширин овоз бериш кабинаси ёки хонаси орқали ўтиб борадиган қилиб ўрнатилади. Қўшма мажлисда иштирок этаётган депутат Саноқ комиссияси аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчилар рўйхатига имзо қўяди, шундан кейин унга сайлов бюллетени топширилади.

 

Сайлов бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида ўзи ёқлаб овоз бераётган Сенат аъзолигига номзодларнинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга “+” ёки “√” ёхуд “х” белгисини қўйиш орқали тўлдирилади.

 

Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини кўринарли жойда туриши керак бўлган сайлов қутисига ташлайди. Бузиб қўйилган сайлов бюллетени овоз берувчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин. Яширин овоз бериш жараёни тугаганидан кейин фойдаланилмаган, шунингдек бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши лозим (чап томондаги юқори бурчакни қирқиб қўйиш орқали) ва алоҳида сақланади. Овозларни санаб чиқиш Саноқ комиссияси аъзолари томонидан яширин овоз бериш натижалари аниқлангунига қадар танаффуссиз ўтказилади.

 

Сайлов қутисидаги сайлов бюллетенлари асосида Саноқ комиссияси овоз беришда иштирок этган депутатларнинг умумий сонини, Сенат аъзолигига ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини, ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди. Овоз берувчилар томонидан сайлов бюллетенларига қўшимча равишда ёзиб қўйилган фуқароларнинг фамилиялари бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.

 

Белгиланмаган намунадаги сайлов бюллетенлари, овоз бериш чоғида битта ҳам квадратга “+” ёки“√” ёхуд “х” белгиси қўйилмаган сайлов бюллетенлари, шунингдек юз томонида муҳр ва Саноқ комиссияси аъзоларининг имзоси бўлмаган бюллетенлар ҳақиқий эмас деб топилади. Яширин овоз бериш натижалари бўйича баённома тузилади, баённома Саноқ комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади.

 

Овоз бериш натижаларига кўра бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган Сенат аъзолигига номзодлар, башарти қўшма мажлисда ҳозир бўлган маҳаллий Кенгашлар депутатларининг эллик фоизидан кўпроғи уларни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган деб ҳисобланади.

 

Марказий сайлов комиссияси қўшма мажлисларнинг баённомалари асосида бу баённомалар келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай Сенат аъзоларини рўйхатга олади, рўйхатга олишдан кейин ўн кун ичида эса гувоҳнома ва кўкрак нишони беради.

 

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Сенат аъзолари сайлови ўз ичига бир неча босқични олувчи мураккаб сайлов жараёни ҳисобланади. Дастлаб маҳаллий Кенгаш Сессиясида Маслаҳат Кенгаши аъзолигига номзодларни сайланиши, Маслаҳат Кенгаши таркибини Қўшма мажлисда тасдиқланиши, қўшма мажлис ичида Маслаҳат Кенгаши йиғилиши ўтказилиши, қўшма мажлис Саноқ комиссияси сайлаши ва саноқ комиссияси овоз беришни ташкил қилиши каби қоидаларни аниқ ва бир хилда амалга оширилиши сайловда қонунийлик, адолатлилик, эркинлик, ҳаққонийлик ва чинакамлик тамойилларини амалга оширишга хизмат қилади.

 

Маслаҳат Кенгашининг йиғилиши қўшма мажлис давомида ўтказилиши мамлакатимиз сайлов қонунчилигининг ўзига хос жиҳатларини кўрсатади. Айни пайтда шундай босқичма-босқич сайлов жараёни ўтказиладиган Сенат аъзолари сайловини қиёслаганда бизнинг сайлов қонунчилигимизда ҳам халқаро миқёсда ўрганса арзийдиган ўзига хос тажриба тўпланганлигини айтишимиз мумкин.

 

Мамлакатимизда Олий Мажлис Сенати аъзолари сайловларининг қонун талаблари асосида демократик принциплар асосида ўтказилиши ва Парламент юқори палатасига ҳар томонлама муносиб номзодлар сайланиши Сенатнинг ҳудудлар манфаатларини умумдавлат манфаатлари билан уйғун ҳолда рўёбга чиқаришдаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим роль ўйнайди.

 

Баҳодиржон Юнусов

Марказий сайлов комиссияси аъзоси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур