НОМЗОДНИНГ ИШОНЧЛИ ВАКИЛИ САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИДА ЭНГ МУҲИМ ИНСТИТУТ

25.01.2023

2183

msk_yangiliklari_in

Депутатликка номзодлар ўз сайловолди дастурини сайловчиларга таништирар экан, ушбу жараённи яна ҳам аҳолининг чуқур қатламлари ҳамда ҳар бир сайловчига етиб бориши учун ўзининг ишончли вакиллари билан ҳамкорликда иш ташкил этади.

 

Депутатликка номзодлар ўз сайловолди дастурини сайловчиларга таништирар экан, ушбу жараённи яна ҳам аҳолининг чуқур қатламлари ҳамда ҳар бир сайловчига етиб бориши учун ўзининг ишончли вакиллари билан ҳамкорликда иш ташкил этади.

 

Сайлов кодексининг 43-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодлар ишончли вакилга эга бўлиши мумкин.

 

Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод 15 нафаргача, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод 10 нафаргача, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзод 5 нафаргача, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгаши депутатлигига номзод 3 нафаргача ишончли вакилга эга бўлиши мумкин.

 

Шу ўринда Сайлов кодексига киритилган яна битта янгилик –халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод аввалги қонунлардаги 3 нафар ўрнига эндиликда 5 нафаргача ишончли вакилга эга бўлиши мумкинлигини алоҳида айтиш ўринли.

 

Қоидага мувофиқ, Ишончли вакил сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари унинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади ва белгиланган шаклда уларга гувоҳнома берилади.

 

Депутатликка номзод рўйхатга олинганидан кейин ишончли вакилларини ўз хоҳишига кўра белгилайди ва уларни рўйхатга олиш учун тегишли округ сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.

 

Бунда ариза:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод томонидан Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиясига;

маҳаллий кенгаш депутатлигига номзод томонидан тегишли Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиясига тақдим этилади.

Тегишли округ сайлов комиссияси аризани қабул қилган кундан бошлаб, 3 кунлик муддатда ишончли вакилларни рўйхатга олади ва уларга мазкур Низомнинг иловаларда белгиланган шаклда гувоҳнома беради.

Депутатликка номзод сайловга қадар исталган вақтда ўз ишончли вакилини тегишли сайлов комиссиясига маълум қилган ҳолда ваколатидан маҳрум қилиши ва уни бошқаси билан алмаштириши мумкин. Ишончли вакил исталган вақтда ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишга ҳақли.

 

Ишончли вакил:

номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради;

номзод сайланиши учун ташвиқот олиб боради;

давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

Ишончли вакил бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.

 

Ишончли вакилга сайловолди ташвиқоти даврида ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш, шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш, нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш, шу жумладан ахборот тармоқларига, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш тақиқланади.

 

Ишончли вакил томонидан сайловга бир кун қолганида ва сайлов кунида ташвиқот олиб бориш тақиқланади. Ишончли вакиллар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин. Шикоят берган ишончли вакиллар шикоят кўриб чиқилишида бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга. Сайлов кампанияси даврида Ишончли вакиллар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонун талаблари асосида амалга оширишлари сайловларни демократик асосларда ўтказишда муҳим ўринга эга.

 

Баҳодиржон Юнусов

Марказий сайлов комиссияси аъзоси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур